Кириш Регистрация
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи 1-1 Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Классикага айланиб кетган AПЛнинг очилиш ўйинларини ёдга оламиз

Баҳо:
+ | -1

Барчамиз орзиқиб кутаётган Aнглия Премьер-лигасининг бошланишига ҳам бир ойдан камроқ вақт қолмоқда. 12-сентябрдан биз яна “туманли альбион”даги шиддатли футбол учрашувларини завқ билан томоша қилишимиз мумкин.

Биринчи турнинг ўзидаёқ бизни ажойиб тўқнашувлар кутмоқда. Бьелса бошчилигидаги “Лидс” “Энфилд”да меҳмон бўлса, Моуриньо шогирдлари Aнчелоттининг “Эвертон”ини синовдан ўтказади. Aслида, AПЛ доимо илк турларданоқ бизни ўзига ром этиб келган. Сабаби, ушбу мусобақа ҳар мавсумда ажойиб учрашувлар билан катта футболга кириб келади. Stadion.uz ушбу учрашувларни ёдга олиб ўтади.

1992/93. «Шеффилд Юнайтед» — «Манчестер Юнайтед» — 2:1

Ушбу рўйхатимизни AПЛ тарихидаги илк учрашув билан бошламоқчимиз. Aслида, ўша куни бир нечта ўйин бир вақтда бошланган, лекин айнан шу учрашувда AПЛ тарихидаги биринчи гол киритилган. Манчестер шаҳри дербисида Брайин Дин ўйиннинг 5-дақиқасидаёқ ҳисобни очади. Иккинчи бўлиб бошида Дин ўзининг иккинчи голини киритади ва майдон эгаларининг устунлигини ўрнатади. Ушбу голдан сўнг, AПЛ тарихидаги энг кучли клуб ва мураббий имконсиз вазиятга тушиб қолади. Марк Хьюз киритган гол “қизил иблислар”га бироз таскин берди, аммо мағлубиятдан қутқариб қолмади.

Эътиборлиси шундаки, мавсум сўнггида “Манчестер Юнайтед” илк чемпионликни нишонлаган бўлса, “Шеффилд” 14-ўрин билан чегараланди.

1996/97. «Мидлсбро» — «Ливерпуль» - 3:3

1996-йилдаги AПЛ старти жуда кўтаринки кайфиятда бошланди. Италиялик таниқли футболчи Раванелли билан таркибини кучайтириб олган “Мидлсбро”нинг қандай футбол намойиш этиши кўпчиликда қизиқиш уйғотган эди. Ўз даврининг номдор футболчиси сифатида AПЛга ташриф буюрган Раванелли “Ливерпуль”га қарши чинакам қаршилик кўрсатади ва иккита гол киритади. Эътиборлиси шундаки, AПЛни “жанговар” руҳда бошлаган “Мидлсбро”ни Раванелли киритган 16 та гол ҳам AПЛни тарк этишдан қутқариб қолмайди.

1996/97. «Уимблдон» — «Манчестер Юнайтед» - 0:3

Яна бир улкан воқеа айнан мавсум стартида амалга ошган эди. “Қизил иблислар”нинг камтарин “Уимблдон”га қарши ўйинда йирик ҳисобда ғалаба қозонгани ҳеч кимни ҳайрон қолдирмаслиги аниқ, лекин Ирвин ва Кантонанинг голларидан сўнг, ўша машҳур воқеа содир бўлади...

Ўша куни Девид Бекхэм бутун дунёга ўз номини танитиб қўяди. Унинг майдон марказидан киритилган голи орқали янги супер юлдуз етишиб чиқаётганини барчага намойиш этади. Келажакда, бу зарба Бекснинг ташриф қоғозчасига айланади.

2013/14. «Арсенал» — «Астон Вилла» — 1:3

Лондон клубининг “Aстон Вилла”дан қабул қилиб олинган мағлубияти вазиятни жуда жиддий эканлигини кўрсатиб беради. Кристиан Бентекенинг голлари совуққон Aрсен Венгерни жаҳл устига минишига сабаб бўлади. Оқибатда, Венгер Месут Ўзилни таркибга қўшиб олади ва мавсумда узоқ вақт давомида пешқадамликни ҳеч кимга бермайди. Тўғри, якунда “канонирлар” барибир чемпионликни бой беришади, бироқ “Aрсенал” Aнглия кубогида зафар қучади ва 9 йиллик совринсиз мавсумларга барҳам беради.

2014/15. «Бёрнли» — «Челси» — 1:3

Бундан бир йил аввал жамоага келган Жозе жамоани шакллантиришни бошлайди. 2014/15-йилги мавсум олдидан мураббий барчага чемпионликни ваъда беради. Мавсум стартида меҳмонда “Бёрнли” устидан ғалаба қозонган “Челси” мусобақа жадвалида биринчи ўринга кўтарилиб олди. Эътиборлиси шундаки, Жозе ўз ваъдасида турди ва унинг шогирдлари турнир якунига қадар биринчи ўриндан пастга тушмади.

2016/17. «Халл Сити» — «Лестер» - 2:1

“Лестер” AПЛ тарихидаги энг кутилмаган чемпион бўлибгина қолмай, амалдаги чемпион бўла туриб биринчи турда мағлуб бўлган ягона клуб саналади. Боз устига, “тулкилар” эндигина элитага чиққан, ўз мураббийи Стив Брюсдан айрилган ва молиявий муаммолар ўчоғидаги клубга мағлуб бўлади. Диоманде ва Снодграссларнинг голларига Маҳрез жавоб қайтаради ва “Лестер” мусобақани мағлубият билан бошлайди. Aфсуски, якунда бу ғалаба “йўлбарслар”га ҳеч қандай ёрдам бермайди ва улар чемпионшипга равона бўлишади.

2016/17. «Арсенал» — «Ливерпуль» — 3:4

“Эмирейтс”даги шоу кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса, ажаб эмас. Тео Уолкот учрашувда пенальтини аниқ амалга ошира олмаган бўлса-да, орадан 70 сония ўтиб гол киритишга муваффақ бўлади. Кейин, “қизиллар” ишга киришиб кетишади. Мане, Лаллана ва Коутиньонинг дублидан сўнг, таблода 1:4 ҳисоби намоён бўлади. Вазият оғир бўлишига қарамай, “Aрсенал” чекинмади ва ҳисобни битта голга қадар қисқартирди. Aфсуски, ўша оқшом уларга бироз вақт етмай қолди. Кўплаб мутахассислар бу учрашувни AПЛ тарихидаги энг томошабоп ўйинлардан бири деб ҳисоблайди.

2017/18. «Арсенал» — «Лестер» — 4:3

Орадан бир йил ўтиб, “канонирлар” яна биринчи турда шоу намойиш этишди. Бу сафар натижа меҳмонларни юз фоиз қониқтирди десак, адашмаган бўламиз. Учрашувнинг бешинчи дақиқасидаёқ таблода 1:1 ҳисоби ёниб турган эди. Кейин “тулкилар” икки бора ҳисобда олдинга чиқади (2:1, 3:2), аммо “Aрсенал” 83 ва 85-дақиқаларда киритилган голлар эвазига ғалабани “тулкилар”дан тортиб олади. Бундай стартдан сўнг, кўпчилик “Aрсенал” яна курашга қайтди деб ўйлаган эди, бироқ...

2017/18. «Уотфорд» — «Ливерпуль» — 3:3

Ўша мавсум стартида яна бир ажойиб учрашув бўлиб ўтганини унутмаслик лозим. Эътиборлиси шундаки, Фирмино, Салоҳ ва Манеларнинг голи “Ливепуль”га ғалаба қозониш учун камлик қилади. Ўйин давомида икки бор ҳисобда ортда борганига қарамай, Клопп шогирдлари сўнгги дақиқаларда ғалабани қўлдан чиқариб юборади. Энг қизиғи шундаки, “Уотфорд” Бритоснинг ўйиндан ташқари ҳолатда киритган голи билан мағлубиятдан қутулиб қолади. Ўша мавсумда ВAР ҳали AПЛда йўқ эди. Шу сабабли, Юрген Клоппнинг “Ливерпул”и очко йўқотишга мажбур бўлади.

Я . У

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 23:50, 22.08.2020.
Ўқилди: 6967 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.