Сўнгги вақтларда “Барселона“ осмонига ёпирилган қора булутларнинг тарқалиши қийин бўляпти. Жамоага, клубнинг нидерландиялик афсонаси келиши эса, ушбу булутлар орасидан бирров мўралаган “қуёш“ бўлиб турибди, ҳозирча. Булутлар эса янада қуюқлашиб кучли ёмғирни олиб келяпти, ҳатто даҳшатли чақмоқ чақиш арафасида. Бир бири билан эт ва тирноқдек бўлиб кетган Месси, "Барса"дан кетиши ҳақидаги хабарлар ёруғлик тезлигида тарқалди. Шундоғам “қувилаётган“ Суарес, Видал, Ракитичлар қаторига энди Лео қўшилди.
Табиийки, вазиятни диққат билан кузатаётганлар ва катта харидорлар ҳам йўқ эмас.
Ўзига хос “кимошди“га “Манчестер Сити“, "Ювентус", “Интер“, “ПСЖ“ ва сўнгги маълумотларга кўра “Манчестер Юнайтед“ ҳам қўшилган. Агар, расман Месси учун чиқиш эшиклари очилса, аргентиналик футболчининг танлови ким учун кўпроқ манфаатли булиши мумкин?
“Манчестер Сити“ ҳужумчига бир икки йил аввал ҳам “оғиз солган“ аммо, ўша пайтлар аҳвол анча яхшилиги боис, Мессининг клубдан кетишини тасаввур қилиб бўлмасди. Ҳозир эса вазият бошқачароқ ва ҳар галгидан жиддий. Ҳам чемпионат, ҳам жамоа мавқеи жиҳатидан, Ман Сити анча муқобил. Лекин, ҳозирги вазиятда Гвардиола ҳар қандай соврин учун жиддий кураш олиб борадиган, кучли рақобат таклиф этадиган жамоа шакллантириб, карьераси мобайнидаги Мессидан кейинги муҳим фигураларини “шаҳарликлар“ сафида ҳам топиб бўлган. 4 йил ичида, кетма-кет, икки карра мамлакат чемпионлиги сўзимизнинг исботи. Балким, ЕЧЛ ушбу трансферга етарлича важ бўла олар, лекин испаниялик мутахассис яқин йилларда Мессисиз ҳам бунинг уддасидан чиқа оладиган даражада потенциалга эга. Нима бўлганда ҳам эски қадрдонларнинг яна топишиб олиши жамоа учун ёқимли бўлиши мумкин, рақиблари учун эса аксинча...
Гарчи, катта бўлсада, бу ҳаридга “Интер“нинг ёш раҳбари Стивен Зангнинг ўзи жиддий қизиқиш билдирмоқда. Аммо, футболчининг 700 миллиондан иборат товон пули, бироз муаммоларни келтириб чиқаради, кўп эҳтимол.
Бордию, амалга ошса, бу аввало, жамоа имиджига яхши таъсир этиши, натижалар борасида, етакчи ўринларни қайтариб олиши, еврокубоклар ғолиблигини таъминлаши шубҳасиз.
Айни пайтда ёш ҳамда янги истеъдод ва иқтидор эгалари асосига қурилаётган Оле Гунар Сулшернинг жамоаси бундай катта шов-шувдан бироз узоқроқ эканлиги қолавераса, Англиядан Мессига даъвогарлиги кўпроқ ҳозирча, битта жамоа кўринаётгани барчага аён.
Лекин, муқаддам кўплаб юлдузлар тўп сурган “Олд Траффорд“да Месси учун ҳам шарафли ўрин топилади, албатта.
Товон пули борасида муаммога дуч келмайдиган, яна бир мақбул клуб “ПСЖ“.
Леонинг Парижга келиши аввало, УЭФАнинг яқиндагина тузган европа миллий лигаларининг 2019-2020- йилги рейтингида сўнгги ўринни эгаллаган “Лига 1“ мавқейини анчайин оширади, худди Криштану Роналду ва “А Серия“ билан бўлгани каби. Футболчининг даражаси ҳақида гап кетганда, Месси яна 2 ёки 3 йил мана шундай юқори темпда ўйнай олади. Парижликларда эса ютилиши керак бўлган титуллар борасида, тепада санаб ўтилган жамоалар билан ўртада бошлиқлар бор. Шу яқин йилларда эса ушбу балансни тиклаб олиш имконияти мавжуд. Аммо, ички чемпионатда маълум рақобатчилар, принципиал рақибларнинг деярли йўқлиги футболчининг даражаси, салоҳиятига таъсир этмасдан қолмайди. Унгача эса, Месси, Неймар Мбаппедан иборат “ажалий“ трио азалий муваффақиятларга олиб бориши мумкин.
Сўнггида, хулоса ўзингиздан:
1—“Кемачилар“ ушбу “матрос“ хизматларига қанчалик муҳтож?
2—Испаниядаги дуэль Италияга кўчса, унинг қиймати ва шиддати аввалгидек бўладими?
3—МЮ Роналдунинг хотиротларини унутадими?
4—“ПСЖ“га шу кифоями?!
Дадажон Фозилжонов