Про лига учрашувларини ва ниҳоят экранларга олиб чиқишга эришдик. Бу биз учун катта ютуқ.
Ўз вақтида Спорт-ТВ қуйи лигадан бир нечта учрашувларни кўрсатган албатта. Бугун эса ЎзПФЛ Про лига трансляцияси масаласида УзРепорт билан келишувга эга. Бунинг илк мевасини бугун кўрдик. 2020 йилнинг 30 август куни шарҳловчи Ориф Толипов “Динамо” — “Хоразм” учрашувини жонли эфирда шарҳлаб борди.
“Динамо” бир йил аввал Суперлигада тўп сурганидан келиб чиқиб, унинг ўйинларини футбол мухлислари кўп бор томоша қилишган. Хоразмлик футбол мухлисларига эса ўз жамоаларининг Футбол-ТВ каналида кўриниш бериши ҳақиқий совға бўлди дейишимиз мумкин.
Келишувга кўра, мавсум якунига қадар ҳар турдан камида 1 та учрашув эфирга олиб чиқилади. Келаси йилдан эса трансляциялар сони ошади. Биз шу йилнинг ўзидаёқ жонли эфирлар сонини кўпайтириш устида ишлаймиз.
Фақат унутмаслик керакки, ҳар бир стадиондан илк эфир тест режимида бўлади. Айтайлик, “Динамо” стадионида ишлаш энди Футбол-ТВ учун бегона эмас, қолган стадионлар эса ҳозирча янги объект. Трансляциялар бизга иложи борича шаффофликка эришиш имконини беради. Трансляциялар майдонлар ҳолати, футболчилар ҳаракати, ҳакамлар қарорлари, ЎзПФЛ камчиликлари ҳақида тасаввур пайдо қилади. Шундан келиб чиқсак, бу олдинга ташланган катта қадамдир. Ишонамизки, олдинда кўп яхши янгиликлар кутиб турибди.
Диёр Имомхўжаев.