UZREPORT ахборот агентлиги (UZREPORT ТВ ва ФУТБОЛ ТВ) УЕФА Миллатлар лигаси мусобақасининг янги мавсумини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эксклюзив трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
УЕФА Миллатлар Лигаси Европанинг миллий терма жамоалари ўртасида ўтказиладиган янги халқаро турнир бўлиб, мусобақада УЕФАнинг 55та терма жамоаси иштирок этади.
Ушбу турнирни ўтказиш ғояси УЕФАнинг собиқ президенти Мишел Платинига тегишли. Янги турнирнинг асосий мақсади миллий терма жамоалар ўртасидаги ўртоқлик учрашувларига қизиқишни ошириш, шу билан бирга, янги тижорий имкониятларни яратишдан иборат.
Янги мусобақанинг биринчи мавсуми 2018/19 йилларда бўлиб ўтди. Ўша мусобақанинг энг қизиқарли ўйинлари UZREPORT ТВ ва ФУТБОЛ ТВ телеканалларида жонли эфирда намойиш қилинганди.
Эндиликда 3 сентябрдан Миллатлар лигасининг янги мавсуми бошланади.
Жумладан, 3 сентябрь куни Германия - Испания ҳамда Россия - Сербия терма жамоалари ўртасидаги ўйинлар мухлислар эътиборига жонли эфирда намойиш қилинади. Ҳар икки учрашув Тошкент вақти билан соат 23:45 да бошланади.
Миллатлар лигаси мусобақаси кўплаб мухлислар орасида катта қизиқишга сабаб бўлмоқда. Бу мусобақадан ўрин олган учрашувлар жорий мавсумнинг ҳақиқий безаги бўлишига шубҳа йўқ.
UZREPORT ТВ ва ФУТБОЛ ТВ телеканалларида мавсумнинг энг қизиқарли мусобақаларидан ўрин олган шиддатли учрашувларни жонли эфирда томоша қилиб боринг!
Сюрпризлар мавсуми давом этади!