Мавсумлар оралиғида “Челси” трансферлари билан портловчи эффект ҳосил қила олди. Бир йил аввал етакчи Эден Азарни Мадридга кузатиб қўйган лондонликлар унинг эвазига бир мавсум ўтиб бутун майдон бўйлаб жуда иқтидорли футболчиларни сафга қўшиб олди – Тимо Вернер, Кай Хаверц, Тьяго Силва, Маланг Сарр, Ҳаким Зиеш ва Бен Чиллвел. Бу мақсадда 200 млн. фунт стерлинг сарф этган Абрамович тўхтамоқчи эмас. Ҳозир Лэмпард “Ренн” клуби билан дарвозабон Эдуар Менди трансфери бўйича музокаралар олиб бормоқда. Даҳшат шундай эмасми?
Аслида Мессининг “кетиши” бўлмаганида “Челси”нинг бу юришлари янада кўпроқ муҳокама қилинган бўларди. Аммо, GOAT* ва “Барселона” атрофидаги воқеaлар бунга бироз тўсқинлик қилди.
Илк рақиб старт учун қулай бўлиши мумкин. Ўртамиёдан паст натижалар кўрсатаётган (ўтган мавсум 15-ўрин) “Брайтон” майдонига сафар уюштириб “Челси” янги таркиби билан қандай ўйин кўрсатиши кўпчиликни қизиқтирмоқда. Машҳур фильмда айтилганидек “Агар эчки ҳалақит қилмаса” барчаси яхши бўлиши лозим.
*(Greatest of All Time – барча замонларнинг энг буюги маъносини беради. Шунингдек, алоҳида сўз сифатида “Goat” – “эчки” деб таржима қиланади)