«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Уле-Гуннар Сульшер АПЛнинг 3-тури доирасида бўлиб ўтган «Брайтон»га қарши ўйиндан (3:2) кейин «Тоттенхэм» устози Жозе Моуриньонинг устидан кулди.
Эслатиб ўтамиз, португалиялик мутахассис Европа лигаси 3-саралаш босқичидан ўрин олган «Шкендия 79»га қарши ўйинда дарвозанинг баландлигини ўлчаган ва унинг меъёрдан 5 см. паст эканлигини аниқлаб, уни алмаштиришларини сўраган эди.
«Брайтон» футболчилари эса «МЮ»га қарши ўйинда 5 марта дарвоза тўсин ва устунларини нишонга олишган эди. "Қизил иблислар" ғалаба тўпини 90+10-дақиқада пенальтидан киритишди.
«Бахтимизга, бу ерда Моуриньо йўқ. Акс ҳолда у дарвоза устун ва тўсинларини алмаштирган бўларди. Бундай ҳолатда эса бир очкодан кўпини қўлга кирита олмасдик», — деди Сульшер "Goal"га берган интервьюсида.
Моуриньо «Ньюкасл»га қарши бўлиб ўтган АПЛ баҳсидан (1:1) сўнг норвегиялик ҳамкасбига жавоб қайтарди.
«Ўйлашимча, Сульшер учун дарвоза ўлчамлари муҳим аҳамиятга эга эмас, унга жарима майдони ўлчами муҳим. У жарима майдони ўлчами бир метрга қисқа бўлган майдонда футбол ўйнашга ҳеч қачон рози бўлмаган бўларди. Аксинча, унинг учун жарима майдони бир неча метрга катта бўлгани яхши», — деди Моуриньо.