"Сўғдиёна"га қарши учрашувдан кейин "Локомотив" бош мураббийи Андрей Микляев ўз фикрларини билдириб ўтди.
- "Сўғдиёна"ни ғалаба билан табриклайман. Бугун жанговар ўйин бўлди, бироқ афсуски, очко ишлаб ололмадик. Бугун мағлубиятга лойиқ эмасдик деб ҳисоблайман. Бугун бизнинг кунимиз эмас экан. Омад очиқчасига биздан юз ўгирди. Биринчи бўлимда икки стандартдан гол қўйиб юбордик. 2:0 ҳисоби меҳмон жамоа учун жуда катта зарба. Сафарда 0:2ни йўққа чиқариш жуда қийин.
Аҳамият берган бўлсангиз, иккинчи бўлимда сезиларли даражада қўшиб бордик. Кўплаб вазиятларга эга бўлдик, фойдаланганимизда бугун мағлубият эмас, дуранг, балки ғалаба билан уйга қайтишимиз ҳам мумкин эди. Йигитларни ёндира олдик, улар гол уриш учун қаттиқ ҳаракат қилишди. Футболда вазиятлардан фойдалана олмаслик ҳолатлари кўп бўлади, бу шундай ўйин. Бугун чиройли ўйин кўрсатиб, ғалабага эриша олмаганимиз жуда ачинарли бўлди.
- Биринчи бўлимда ҳам иккинчи бўлимдаги каби ўйин кўрсатишнинг иложи бўлмадими?
- Ҳа, иложи бор эди. Бироқ футбол шундай ўйин, тушуняпсизми, голлар турли хил кўринишга эга бўлади. Кўрган бўлсангиз, биринчи голда жарима майдончаси ичида кўплаб футболчилар тўпланиб туришганди. Дарвозабон эса тўпни кўрмай қолди. Жарима зарбаси эса ажойиб тарзда амалга оширилди. Айтганимдек, 0:2 ҳисобидан чиқиб кетиш жуда қийин. "Сўғдиёна" эса ҳимояга тизилиб олди ва яхши ҳимояланди, қарши ҳужумда ўйнашга ҳаракат қилди. Шу боисдан уларнинг мудофаа чизиғини ёриб ўтиш қийин эди дея оламан. Йигитлар бунга интилишди, вазиятларга эга бўлишди. Лекин фойдалана олишмади. Шу ўринда рақиблар посбонини э’тироф ўтиб кетса бўлади. Жуда кўп вазиятларда жамоани қутқарди.
- Иккинчи даврадаги ўйинларни инобатга олган ҳолда бугунги ўйин натижасини омадсизлик дея оласизми?
- Биринчидан, айни дамда жамоани тиклаш даври кетмоқда. Таркибда ёш футболчилар кўп. Биз ёш футболчилар орқали жамоа ўйинини тезлаштиришга ҳаракат қиляпмиз.
- "Локо" иккинчи даврани ажойиб бошлади. Мавсум якунига қадар жамоани турнир жадвалида юқори ўринларда кўришимиз мумкинми?
- Айтганингиз келсин. Биз ҳаракат қиляпмиз, жамоа ҳар бир ўйинга ғалаба қозониш кайфияти билан тушмоқда. Бу йилда барчаси қийин ўтяпти, пандемия, жароҳатлар... Жамоалар тайёргарлик жараёни ҳар хил ўтмоқда. Мавсумни иложи борича юқори ўринларда тугатишга ҳаракат қиламиз.