Суперлига 18-турдан ўрин олган "Насаф" - "Машъал"(4:1) ўртасидаги учрашувдан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Дилявер Ваниев фикрларини билдириб ўтди.
"Ўйин ҳақида бирор фикр билдиришим қийин. Бирор бир сўз ҳам топа олмаяпман. Ҳа, мағлубиятга учрадик. Тўртта гол, албатта, кўп. Мен томон танқидлар ёғилиши табиий. На илож, босимга дош беришга ҳаракат қиламиз. Олдинда ФИФА кунлари сабабли танаффус юзага келмоқда. Йигитлар билан ҳотиржам ўтириб гаплашиб оламиз. "Насаф" ҳар жабҳада тезкорлик билан ҳаракат қилди, футболчиларимизни ноқулай аҳволга солиб қўйди. Демак, мен жамоани ўйинга яхши тайёрлай олмаганман",- дейди Ваниев.
- Ҳумоюн Муртазоев ва Сардор Абдураимов ўтган мавсумда "Насаф" сафида ёрқин ўйин кўрсатишди. Бу мавсум бошида эса "Бунёдкор"га ижарага берилди ва улар бу жамоада ўз ўйинларини йўқотиб қўйишди. Унда нима учун "Насаф"дан қайтариб олинди улар?
- Бу саволни раҳбариятга берганингиз маъқул. Сардор ёмон таассурот қолдирмаяпти. Ҳумоюнда эса жароҳат бор.
- Легионерлар қай даражада ишончни оқламоқда?
- Ўртача, деган бўлардим. Бундан ҳам яхшироқ ўйнашни истаймиз.
- "Машъал"да барқарорлик кўринмаётгандек. Жамоани мавсум якунида нечанчи ўринда тасаввур қиляпсиз?
- Юқори ўринлар учун интиламиз. Лекин, ҳамма нарса бўлиши мумкин. Олдиндан бирор нарса деб бўлмайди. Ҳозирги қийин вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиламиз. Футболчилар олдига доим максимал вазифани қўямиз.
- Матбуот анжуманида сизни энсангизни қотирадиган саволларни айта оласизми?
- Бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳамма саволлар яхши. Фақат, иккинчи турда "Бунёдкор" билан ўйинда бир ёши катта киши Суперлигада қоласизларми деган савол берган ва шунга яраша жавоб қайтарган эдим.