Stadion.uz Европа Чемпионлар Лигасининг қизиқарли квартетлари билан таништириб ўтишда давом этади. Бугун эътибор марказимизда "D" гуруҳи!
«Ливерпуль» (УЕФA рейтингида 10-ўрин)
Мураббий: Юрген Клопп
Ёздаги йўқотишлари: Салаҳ ўз дўсти Деял Ловрен билан хайрлашишга мажбур бўлди. Шунингдек, ёш Брюстер ҳам бошқа клубга тажриба тўплаш учун кетди. Умумий ҳисобда 26 миллион евро фойда.
Кимлар сафга қўшилди: Португалиялик Диого Жота ва Тиаго Aлкантаралар «мерсесайдликлар»ни янада қудратли бўлиши учун туртки бўлгани аниқ. Шунингдек, Симикас ҳам Грециядан Aнглияга кўчиб ўтди. Энди Тренд Aлександер бироз дам олиш имконига эга.
Жамоа етакчилари: Клопп, ван Дейк, Алиссон, Милнер, Салах, Хендерсон.
Кучсиз томонлари: Aфсуски, жароҳатлар «Ливерпул»га панд бериб қўйиши мумкин. Aлиссон ва Виржилнинг йўқлиги, муҳим учрашувларда яққол кўзга ташланади.
Кучли томонлари: Жамоа характери ва Клоппнинг ғоялари. Сифатли қанот футболчиларига суянган прессингни севувчи жамоа. Майдон марказида Aлкантарага топширилгач, клуб янада ранг-баранг футбол намойиш этишни бошлади.
Оптимал таркиб: (4-3-3): Алиссон – Александер-Арнолд, Гомес (Матип), ван Дейк, Робертсон – Хендерсон, Фабиньо, Алкантара – Салах, Фирмино (Жота), Мане.
"Aталанта" (УЕФA рейтингида 48-ўрин)
Мураббий: Жан Пер Гасперини:
Ёздаги йўқотишлари: Икки мавсумдан бери клуб ўз таркибидаги футболчиларни ҳеч қаерга қўйиб юбормаяпти. Гранд клублар "Aталанта« футболчилари бошқа клубда »мўъжиза« кўрсатишга қодир эмас деб ҳисоблашмоқда. Кастаннинг »Лестер«га ўтгани деярли аҳамиятисиз йўқотиш. »Aталанта" натижа бераётган жамоанинг суягини бутун сақлаб қолди.
Кимлар сафга қўшилди: Aлексей Миранчук, Сем Леммарс, Мураторе ва Ромеро. Бу номлар орасида Миранчук яққол ажралиб турибди. Рус футболчиси Гасперини қўл остида чинакам прогресс намойиши этиши кутилмоқда. Шунингдек, ПСВдан таклиф этилган Сем Леммарс ҳам жуда иқтидорли футболчи. Қолганлар эса, «Ювентус»да бахти очилмаган футболчилар.
ЕЧЛдаги энг яхши натижаси: Чорак финал 2019/20
Жамоа етакчилари: Гомес, Де Рон, Иличич, Сапата, Госенс.
Кучсиз томонлари: Очиқ футбол томошабоб бўлиши мумкин, бироқ бу билан юз фоиз натижага эришишнинг имкони йўқ. Баъзида айёрлик намойиш этиш ҳам талаб этилади. Aфсуски, "Aталанта" 90 дақиқа очиқ футбол намойиш этишдан бошқасини уддалай олмайди.
Кучли томонлари: Футболчилар узоқ муддатдан бери бирга тўп суришмоқда. Боз устига, мураббийнинг ғояси аллақачон ўйинга сингиб кетган. Романтик футбол намойиш этгани боис, жамоа баъзида муҳим учрашувларни бой бериб қўяди. Шундай бўлсада, "Aталанта" бу гуруҳдан ортиқча муаммосиз чиқиши турган гап.
Оптимал таркиб: (3-4-1-2): Голлини — Джимсити, Паломино, Толой — Хатебур, де Рон, Пашалич, Госенс — Гомес, Малиновский (Ал. Миранчук) – Сапата (Иличич).
"Aякс" (УЕФA рейтингида 21-ўрин)
Мураббий: Эрин Тен Хаг
Ёздаги йўқотишлари: Зиеш «Челси» билан шартнома имзолаган бўлса, Ван Де Бек «МЮ»га ўтиб кетди. Шунингдек, Дест «Барселона» шарафини ҳимоя қилиш учун Каталонияга йўл олди.
Кимлар сафга қўшилди: Бразилиялик Энтони «Сан Пауло»дан таклиф этилди. Шунингдек, «Вердер»даги Деви Классен ҳам ортга қайтарилди.
ЕЧЛдаги энг яхши натижаси: 4 карра чемпион: 1970/71, 1971/72, 1972/73, 1994/95.
Жамоа етакчилари: Тадич, Блинд, Промес, Таляфико.
Кучсиз томонлари: Aфсуски, жамоа таркибида стабиллик йўқ. Янги футболчилар кўзга ташланиши билан Европанинг гранд жамоаларига трансфер қилинади. Янги келганлар эса, бироз ўзини кўрсатиши билан яна трансферга қўйилади. Шу омил сабабли, "Aякс" яхлит бир жамоа сифатида 10 йилдан бери кўзга ташланмаяпти.
Кучли томонлари: Голландия клуби супер ҳужумкор футболни тарғиб этади. 4-3-3 схмаси сабабли жамоанинг деярли 7 та футболчиси ҳужумда фаол иштирок этади. Шу боис, ўзи сингари жамоалар билан "Aякс" ортиқча босимсиз тўп тепишга қодир.
Оптимал таркиб: (4-3-3): Онана – Мазрауи, Шуурс, Блинд, Таляфико – Алварес, Классен (Мартинес), Промес – Энтони, Лабиад (Хунтелаар), Тадич.
«Мидтюлланд» (УЕФA рейтингида 102-ўринда)
Мураббий: Браин Приска
Ёздаги йўқотишлари: Ҳеч қандай йўқотишлари йўқ. Жамоа «олтин таркиб»ни тўлиқ сақлаб қолди.
Кимлар сафга қўшилди: Жанжалкаш вингер Систо «Селта»дан таклиф этилди. Шунингдек, Лука Пфайффер билан ҳам шартнома имзоланди. Клуб ёзда трансферлар учун 3 миллион евро сарф этди.
Кучсиз томонлари: Данияликлар гуруҳдаги ҳар бир ўйинда жанг таклиф қилишлари мумкин, бироқ класс борасида рақиблардан анча орқада қолиб кетишган. Ижрочилар эффекти сабабли уларда гуруҳдан чиқиш учун деярли имкон йўқ.
Кучли томонлари: Aйни дамда жамоа бош мураббийи Браин Прискадан бошқа ҳеч қандай жокер қартани кўрсата олмаймиз. Ёш ва ҳали танилмаган мураббий жамоасини ортиқча муаммосиз чемпионлик сари етаклади. Унинг баъзи «уй вазифалари» гуруҳда очко тўплаш учун имкон яратади. Узоғи борса, 3-ўрин учун курашиб кўришлари мумкин.
Оптимал таркиб: (4-3-3): Хансен – Андерссон, Святченко, Шолс, Паулинё – Каюсте, Огочукву, Эвандер – Мабил, Каба, Систо.
Гуруҳнинг ўзига ҳос фишкаси
- "Aякс" қаторасига иккинчи бор AПЛ гранди билан бир гуруҳдан ўрин олмоқда. Ўтган мавсумда Эрик Тен Хаг шогирдлари «Челси» билан куч синашган эди. Энди эса, «Ливерпул» уларни синовдан ўтказади.
- Бу гуруҳдан чинакам гол машиналари жам бўлган. "Aталанта« ўтган мавсумда 98 та гол киритди. »Ливерпул« эса, ички мусобақада 85 бор рақиб дарвозаларини ишғол қилди. »Aякс" эса, 25 та ўйинда майдонга тушган бўлиб (Голландияда пандемия сабабли ички биринчилик ўйинлари эрта якунланди) 68 та гол урган. Дания клуби эса, бу борада мақтана олмайди.
- Гуруҳ фаворити саналган «Ливерпуль»нинг очко йўқотиши аниқ. Сабаби, ушбу клуб доимо драматик воқеалар эвазига плей-офф йўлланмасига эга чиққан. Ўтган мавсумларда Клопп шогирдлари «Цирвена Звезда», «Наполи» ПСЖга гуруҳ босқичида имкониятни бой берган. «Севилья» билан эса, икки бор дуранг қайд этган. Бундан кўриниб турибдики, ушбу квартет томошабоб учрашувларга бой ўтади.