Суперлиганинг 17-туридан ўрин олган «Пахтакор» — «Сўғдиёна» (2:0) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар устози Улуғбек Бақоев ўз фикрларини билдирди.
"Бугун яхши жамоага, Ўзбекистон чемпионига қарши ўйнадик. Рақиб сафида миллий терма жамоа аъзолари бор эди. Шу боис ҳимоявий тактикани танладик ва тезкор қарши ҳужумга ўтишга интилдик. Нимадир ўхшади, нимадир ўхшамади. Йигитлар бор кучлари билан ўйнашди, барчага ўйин учун раҳмат айтаман. «Пахтакор»ни ғалаба билан табриклайман", — дейди Бақоев.
— Бу йилги барқарорсизликка нима сабаб бўлмоқда?
— Биринчи фактор мавсумни омадсиз тарзда бошладик, мағлубиятлар, дуранглар, кўп очколар йўқотдик. Кейин пандемия, карантинлар, ритм бузилди. Ўша пайтда ким кўпроқ тайёр бўлса кўп очко тўплаб олди. Ўз майдонимизда кўп очкони йўқотдик. Мавсум аввалида етакчи ўринларда бўлишни истагандик. Аммо ўхшамади. Бу футбол.
— Сизнингча, Чераннинг голида ўйиндан ташқари ҳолат бормиди?
— Мураббийлар захира ўриндиғидан туриб бу вазиятни кўриш қийин. ТВ такрорий лавҳаларни кўриб баҳо бериш мумкин. Ростини айтаман, бу вазиятда аниқ жавоб бера олмайман.
— Бу мавсумдаги селекциядан кўнглингиз тўлдими?
— Тўғрисини айтсам, селекция 50/50 бўлди. Кимгадир ишондик, баъзилар жамоага қўшилиб кета олмади. Қайсидир йигитлар ўзларидан яхши таассурот қолдирмоқда, баъзилар эса аксинча. Лекин ҳеч кимга эътирозим йўқ.