Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания
20/11 01:00 Боливия - Парагвай
20/11 04:00 Колумбия - Эквадор
20/11 05:00 Аргентина - Перу
20/11 05:00 Чили - Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия - Уругвай

"Интер" ҳамда "Реал" либосида майдонга тушган юлдузлар

Баҳо:
+ | -

"Интер" ҳамда "Реал" клубларининг асримиз аввалида эришган ютуқлари анчайин салмоқли даражада. Европа чемпионлар лигасининг ҳам асосий фаворитларидан дея эътироф этилган пайтлари энди порлаб чиқаётган ёш юлдузлар айнан мана шу икки клуб сафида ўйнашни орзу қилишган. Ўз навбатида иккала тараф мутасаддилари томонидан ўзаро қиммат трансферлар ҳам амалга ошириб турилган. Биз эса "неррадзури" ҳамда "қаймоқранг" футболкаларда тўп тепган машҳур юлдузлар хусусида тўхталиб ўтамиз.

Луис Роналдо

Бразилиялик машҳур иқтидор бир мамлакатнинг ўзаро принсипиал жамоаларида ўйнаган камдан кам футболчилар қаторига киради. Роналдо "Эл Класико"лар пайтида ҳар икки томон шарафини ҳимоя қилиши билан бирга "А" Сериядаги азалий рақиблар "Интер" ҳамда "Милан" либосида ҳам майдонга тушишга муваффақ бўлган. Лекин бразилияликнинг омма назарига тушиши-ю, фаолиятидаги энг диққатга сазовор ҳодисалари барибир "Интер" ва кейинчалик "Реал" клубларида кечган десак янгилишмаймиз. Қўлга киритган иккита "олтин тўп"ига ҳам айнан юқоридаги икки клуб сафида ўйнаб юрган кезлари эга чиққан. Луис Роналдонинг "Интер"га ўзгача хизматлари сингган. Ҳалигача уни ёрқин хотиралар билан эслашади. Роналдо "кўк-қоралар" таркибига 1997 йили келиб қўшилганидан хабарингиз бор. У дебют мавсумидаёқ барчани ҳайратга сола бошлаган. 25 та голи билан "А" Серия тўпурарига айланган футболчи кейинчалик ўша мавсум учун "йил ўйинчиси" унвонини ҳам қўлга киритади. Эришган "олтин тўпи" орқали мухлислар энди унинг исмига қўшиб "феномен" лақабини ҳам ишлатишни бошлашади. Роналдо "неррадзурилар" сафида йилдан йилга ўз даражасини ошириб борган. Ўша пайтдаги клуб таркиби ҳам барча мезонларга мувофиқ равишда энг оптимал кўринишда эди. Лекин Роналдонинг "Интер"да кечган 5 йили тўлақонли унинг учун аталмади. У клубда юлдузлик даврларининг фақатгина 2-3 йилини ўтказа олган холос. Кейинчалик эса тиззасидан олган оғир жароҳати сабаб навбатдаги мавсумларнинг жуда катта қисмини лазаретда ўтказишига тўғри келди. Лекин фаолияти давомидаги мана шу қисқа давр ичида у ўзига қўйилган барча талабларни етарлича оқлай олди дейишимиз мумкин. 89 та учрашувда 59 бор рақиблари дарвозасини ишғол этганлиги, унинг учун клуб музейидаги тарихий ҳужумчилар рўйхатидан жой ажратилганлиги ва битта "Олтин тўп" соврини унинг "Интер" сафидаги фаолиятини юқори даражада баҳолаш учун асос бўла олади.

Роналдонинг "Интер"ни тарк этишида бир қатор омилларни санаб ўтиш мумкин. Аввало, буни жисмоний ҳолат билан боғлаш мантиқан тўғри. Ўз спорт формасини орттирилган турли хил жароҳатлар сабаб муттасил равишда пастлаб бориши клуб штабида бир қатор эътирозларга сабаб бўлган. Қиммат суммага харид қилинган Роналдонинг секин-аста асосий таркибдан узилиб бораётгани ўша пайтдаги бош мураббий Эктор Куперга доим ҳам манзур келавермаган. Натижада, иккала томон ўртасида жиддий конфликтлар пайдо бўла бошлади ва Луис энди ўзига янги клуб қидирмаса бўлмас эди. Бу борада эса энг оқилона танлов, шубҳасиз "қироллик клуби" бўлган. Ўйин услуби тобора пасайиб, эътибордан четда қолаётган юлдузларни битта жамоага жамлаётган "Реал" таркибидан сўзсиз "Роналдога жой топилди. Лекин жароҳатлардан тўлиғича тикланиб улгурмаган футболчи учун янги клубида энди аввалги супер ўйинларини қайтариши қийин эди. Тўғри, клубга ўтган йили у ўзининг иккинчи "Олтин тўпи"ни қўлга киритди. Лекин уни клуб миқёсида эмас, балки ЖЧдаги феноменал ўйинлари ҳосиласи сифатида қабул қилсак тўғрироқ бўлади. У бундан кейинги мавсумларини худди Зидан, Фигу ва Роберто Карлослар сингари ўртача темпда якунлаб қўя қолди.

Луиш Фигу

Фигунинг ҳар иккала клуб сафидаги ҳолатини кўриб, Роналдоники билан мутлақо тескари вазият гувоҳига айланишимиз мумкин. Чунки Луиш энг юлдузли онларини айнан "қироллик клуби"да ўтказади. Лекин бу ерда ўтган 5 йил унинг учун жиддий руҳий синов вазифасини ўтаб берди. Азалий рақиб саналган "Барселона"дан Мадридга кўчиб ўтган португалиялик юлдузнинг дастлабки "Класико"ларда иштирок этиши жуда қийин кечди. Мухлислар томонидан янграётган ҳақоратлар, сон мингта кўтариб олинган баннерлар ва унга улоқтириладиган буюмлар Фигуни борган сари руҳий томондан "эзиб" келарди. Натижада, яқинлашаётган қарама-қаршиликларда унинг майдонга тушиш хоҳиши кескин пасайиб кетди, у бундайин ҳолатларни кейинчалик жароҳат ва жисмоний тайёргарлик паст эканлигидан дея баҳона билан тўлдириб кетишга мажбур бўлди. Мисол учун, 2001/02 йилги мавсум ярим финалида бўлиб ўтган "Класико"да Фигу ўз жамоасига ёрдам бера олмаган. Лекин у дебют мавсумидаёқ омадли стартни амалга оширган. Унинг 2000 йилда қўлга киритган "Олтин тўпи" асосан собиқ жамоасидаги меҳнатлари учун берилганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Кейинчалик Луиш юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ЕЧЛ ғолибига айланди, бир йил ўтиб Ла Лига бош совринини ҳам ютиб олди. 2013 йилда унинг номи клубнинг хорижлик 11 футболчилари рўйхатига ҳам киритилди. Фигу "Реал Мадрид" тарихидан муносиб ўрин эгаллаган.

Асосий юлдузлик поғоналаридан пастга тушиб бораётган Фигу кейинчалик "Реал"ни тарк этишга қарор қилади, 2005 йилда у "неррадзурилар" сафига келиб қўшилади. Лекин бу ерда ўтган 4 йил унинг учун шунчаки вақт ўтказиш ва мураббийлик жараёнига тайёрланиб олиш даврига айланди. Фигуга асосий таркибдан унчалик жой берилавермаслиги уни жаҳлини чиқармаган. Аксинча, у "Интер"га фаолияти давомидаги қолган клубларга қараганда кўпроқ меҳр қўяди. Кетар чоғида ҳам ўз интервьюсида: "Мен футболдан кетяпман, лекин "Интер"дан эмас" деган жумлаларни айтиб ўтгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Клубга ўз ватандоши Моуриньо келгач у шартномасини яна узайтиришга қарор қилди ва "Интер" 2010 йилда "Скудетто"га эга чиққан пайти қайдномада Фигу ҳам бор эди. Жамоасига унчалик кўп фойдаси тегмаган бўлса-да "неррадзури" мухлислари португалиялик футболчини ёрқин хотиралар билан эслашади.

Кларан Зейдорф

Тан олиш керак, биз Зейдорфни на "Реал"да ва на "Интер"да кашф қилмаганмиз. У асосий юлдузлик даврларини Миланнинг бош жамоасида ўтказгани кўпчиликка сир эмас. Лекин шунга қарамай у "Бланкос" таркибида муҳим ўйинларда майдонга тушиб, энг керакли голларни ура олган, шахсий совринлар борасида ҳам бу ерда мақтанса бўладиган кўрсаткичларни қайд этган. Айниқса, дастлабки ўтган 3 мавсум унинг учун анчайин омадли якунланган. Дебют мавсумида Ла Лигани, икки йил ўтгач эса Чемпионлар Лигасини ютган Зейдорф аллақачон клубнинг лидер футболчисига айланиб улгурган эди. Лекин жамоага Зиданни олиб келишни мақсад қилган раҳбарият режаларидан Кларан жой олмаган эди. Таббийки жамоа бош постига Гус Хиддинг келгач, у ва штаб ўртасида кескин норозиликлар юзага келди ва энди унинг Аппенин яриморолига кўчиб ўтишига тўғри келди.

1999 йили "Интер" сафига келиб қўшилган Зейдорф ўзига сарфланган миллионларни умуман оқлай олмади десак ҳам бўлаверади. Балки бу ёш билан боғлиқ жараёндир, лекин унинг "кўк-қора" футболка остидаги ёрқин ўйинларини кўпчилик мухлислар ҳатто эслай ҳам олишмасалар керак. Фақатгина истеъфосидан бироз олдинроқ Италия кубогида "Лацио" дарвозасига киритган голи бизга бироз бўлса-да эски Зейдорфни танитгандек бўлган эди.

Самуэль Это'о

Камерунлик машҳур юлдуз ўйнаб чиқмаган клуби қолмади дея ёзишганди бир пайтлар. Гарчи бу ерда бироз муболаға ишлатилган бўлса-да тўғри маънода ҳам биз Это'о ёзуви туширилган нақ 14 хил жамоа футболкасини санаб беришимиз мумкин. Албатта, уларнинг ҳар бирида футболчи ўзгача иштиёқ билан майдонга тушгани ҳам бор гап. Дастлаб, Это'онинг профессионал фаолиятини бошлаган клуби ҳақида гапирадиган бўлсак, балки ҳали ёш бўлгани учунми у ерда биз юлдуз Самуэльни кўрмаганмиз. Буни мавсумлар оралиғида унинг "Леганес" ва "Эспаньол" клубларига ижарага бериб юборилганидан ҳам англаш қийин эмас. Балки ушбу ҳодисалар дастлабки берилган имкониятларданоқ ёш йигитчанинг ишончни етарлича оқлай олмаганидан келиб чиққандир. Нима бўлган тақдирда ҳам биз 30 та учрашувда атиги 4 тагина гол урган Это'онинг Мадриддаги сафарини катта карьераси олдидан юзага келган кичик омадсизлик кўринишида баҳолашга мутлақо ҳаққимиз бор. Чунки..

Чунки Это'о ундан кейинги мавсумларини чинакамига ёндириб ташлади. Айниқса, "Интер"да. Клубни Златан Ибрагимович тарк этгач, унга ўринбосар сифатида таклиф этилган камерунлик қисқагина 3 мавсуми ичида совринларни қалаштириб ташлагани хамон мухлислар ёдида. Айниқса, унинг учун омадли якунланган 2009/10 йилги мавсумда футболчи Чемпионлар Лигаси, "Скудетто" ва Италия кубогини қўлга киритди. Натижада, турли хил жамоалар таркибида кетма-кет "требл" қайд этган ягона футболчига айланиб олди. Унинг "Интер"га сингган хизматларини юқори баҳолаш мумкин, у бу клубига содиқ ўйинчи, уни бошқалар билан таққослашларини унчалик ҳам хушлайвермайди. "Илтимос қиламан, мендан Златанни талаб қилманг. Менинг ўйин услубим бу фақат менда бор", - деган эди Самуэль бир интервьюсида. Гарчи камерунлик юлдузнинг "Барса" сафидаги индивидуал совринлари кўпдир, лекин "кўк-қора" либосдаги Это'о барча мухлисларнинг қалбида инсонийлик жиҳатидан алоҳида ҳурматга лойиқ шахс ҳисобланади.

Юсуфбек тайёрлади.

Манба: stadion.uz
Киритилди: 20:04, 03.11.2020.
Ўқилди: 4716 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.