Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

АПЛ. «Ливерпул», «Манчестер Сити» ҳамда «Арсенал» иштирокидаги ўйинлар олдидан превью

Баҳо:
+ | -

Ниҳоят, деярли икки ҳафта вақт мобайнида ўтказилган ФИФА кунларига якун ясалиб, энди барчанинг диққат-маркази яна клублар миқёсидаги мусобақалар ва айниқса, кучли бешлик чемпионатларига қаратилади. Кўпчиликни соғинтирган ўйинлар қаторида эса шубҳасиз, дунёнинг энг томошабоп лигасидан жой олган баҳслар ҳам ўрин эгаллаган. Биз эса бугундан старт оладиган АПЛнинг диққатга сазовор қарама-қаршиликларига қисқача тўхталиб ўтамиз.

 

Моуриньо прагмативликдан воз кечадиган баҳс

Турнинг марказий учрашувига бугун Лондонда гувоҳ бўламиз.

«Шпорлар»да ҳам «шаҳарликлар» таркибида ҳам учрашув олдидан етарлича муаммолар борлигини кўриб турибмиз. Албатта, буни айни пайтда юзага келган қалтис пандемия, ноодатий ва тиғиз тақвим ҳамда ФИФА кунлари пайтида орттирилган жиддий жароҳатлар билан боғлашимиз мумкин. Таркибдаги йўқотишлар ҳар иккала жамоада ҳам анчайин жиддий. Эртанги баҳсда лондонликлар Метт Доэрти, Эрик Ламела, Жафет Танганга ҳамда Танги Ндомбеле каби футболчиларнинг хизматларидан фойдалана олмасликлари аниқ бўлиб улгурган бўлса, «шаҳарликлар»га бу борада Серҳио Агуэро ва Раҳим Стерлинглар ёрдам бера олмайди. Табиийки, бу ерда «Манчестер Сити»нинг камчиликлари бироз жиддийроқдек туюлмоқда. Уларнинг турнир жадвалидаги ўринларига ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Статистикаларга кўра, Гвардиола жорий мавсум стартини фаолияти давомидаги энг ёмон кўрсаткичлар билан бошлаган. ЕЧЛ эса бу умуман бошқа олам. Бироқ, шунга қарамай раҳбарият ҳали ҳам испаниялик мутахассисга ишонч билдирмоқда ва яқинда у билан амал қиладиган шартнома муддати ҳам максимал даражада узайтириб берилди. Энди Манчестер жамоаси бундан кейинги шу каби марказий баҳсларни ўз фойдаларига ҳал қила олмасалар, йилнинг иккинчи қисмида ўзларини ўнглаб олишлари жуда қийин кечиши кутилмоқда.

«Тоттенҳем»да эса ҳозирча ишлар ёмон эмас. Халқаро майдонда ҳам АПЛда ҳам жамоа нисбатан ўз даражасида, баъзи пайтларда эса ҳатто, ундан ҳам юқорироқ темпда ўйнаб беряпти. Бу ерда кўпчилик Моуриньонинг шакллантириб келаётган ўзгача услубидан ҳайратга тушишмоқда. Португалиялик мутахассиснинг ўзи фаолият олиб борган клубларида одатда примитив футбол намойиш этиши ҳеч кимга сир эмас. Лекин у «Тоттенҳем» постини қабул қилиб олгач, анчадан бери бу услубдан воз кечиб, очиқ ва ҳужумкор футбол намойиш этмоқда. Чунки Лондон клубининг ҳозирги таркиби Жозени бундайин қолип ичига солиб қўйди десак янгилишмаймиз. Сон ва Кейннинг супер тандемига энди Бейл ҳам қўшилиб, секин-аста кучли трио шаклланиб бормоқда. Бунинг устига, «Сити»га қарши ҳимоявий схемада ҳаракат қилишнинг ўзи катта хато. Айни пайтда ғалаба ҳар иккала жамоага ҳам сув ва ҳаводек зарур. Олинажак 3 очко «шпорлар»ни жадвалнинг биринчи поғонасига олиб чиқиши кўзда тутилаётган бўлса, йўқотилажак очколар «шаҳарликлар»ни экваторнинг янада қуйи қисмларига тушириб юбориши ҳам мумкин. Табиийки, марказий учрашув ўз мақомига лойиқ тарзда ўтишига ишонмоқдамиз.

«Тоттенҳем» - «Манчестер Сити» (21 ноябрь, 22:30)

 

«Тулкилар» чемпионлардан қасос ола биладими?!

Бундай дейишимизга асосий сабаб ўзаро сўнгги ўйинлар билан боғлиқ статистикалар бўлиши турган гап. Бироқ, бошқа жиддий ва актуал сабаблар ҳам мавжуд. Шунчаки турнир жадвалида юзага келган ҳозирги вазият учрашувга бўлган интригани етарлича ошириб бериши шубҳасиз. Айни пайтда ҳар иккала клуб ҳам пешқадамлик учун деярли ёнма-ён йўлдан кетишмоқда: ўртада бир очколик фарқ юзга келган холос. Бир сўз билан айтганда, ким ғалабага эришса, карвонбошиликка эга чиқадиган баҳс. Лекин бу ерда кўп жиҳатлар бўйича «тулкилар»да озроқ бўлса ҳам устунлик юзага келган. Клубларнинг ФИФА кунларидан кейинги ҳолати ҳам бир-бирига мутлақо тескари кўринишда. «Ливерпуль» аллақачон «лазарет жамоаси»га айланиб бўлди. Таркиб танлаш борасидаги чалкашликлар Клоппни кундан кунга қийин аҳволга солиб бормоқда. «Қизиллар»га эртанги баҳсда ёрдам беролмайдиган футболчиларни менимча, алоҳида ном-баном санаб чиқишнинг ҳожати бўлмаса керак. Жароҳатдаги ва бетоб футболчиларнинг ўзидан деярли битта топ таркибни ҳосил қилиш мумкин.

«Лестер» эса бу борада рақибларига нисбатан қарама-қарши ҳолатдалар, ҳақиқий тулкиларга хос бўлган аййорлик. Бренден Роджерс ўзи усиз ҳам етакчиларисиз ўйнашга ўрганиб қолди. Клуб ҳар қалай ФИФА кунларидан эсон-омон ўтиб олганига хурсанд. Миллатлар лигаси баҳслари доирасида Англия йиғинига бу сафар негадир Меддисон, Барнс ҳамда Вардилар чақирилмади, уларда захира кучи билан ўйнаш имконияти мавжуд. Роджерс бу орада шогирдлари билан шуғулланишда етарлича вақтга эга бўлди деб бемалол айта оламиз. Бундан ташқари, клубнинг Юри Тилеманс каби аъзолари ўзларини терма жамоада ижобий тарафлама кўрсата олишди ҳамда жамоа базасига яхши кайфиятда етиб келишган. Қолган футболчилар ҳам айни пайтда оптимал формада. Ушбу айрим жиҳатлар ҳам балки «Лестер»ни бўлажак учрашувнинг фаворитига айлантирмаслиги мумкин, лекин мерсисайдликларни ҳам осон ўлжа қаршисида турибди деб айта олмаймиз.

Учрашувга доир фактлар:


- «Ливерпул» ўз майдонида доим фаворитлик мақомига эга. «Қизиллар» «Энфилд»да кечган охирги 30 ўйиннинг нақ 29 тасида зафар қучишган.


- «Лестер»да ҳам ўз навбатида охирги сафар баҳсларини омадли тарзда якунланмоқда. Улар сўнгги 4 та меҳмондаги учрашувларнинг барчасида ғалаба қозонишган.

- «Ливерпул» «Лестер»га қарши сўнгги 6 та баҳснинг 5 тасида зафар қучган.

Шунингдек, мерсисайдликлар «тулкилар» га қарши охирги беш ўйинда камида 2,5 тадан зиёд миқдорда гол уриб келишмоқда.

 

«Ливерпул» - «Лестер» (23 ноябрь, 00:15)

 

Тажрибали Бьелса ёш ва истеъдодли Артетага қарши

Жорий мавсумда ҳар иккала жамоанинг кўрсатаётган ўйин услуби бир-бирига жуда ўхшаш. Иккаласи ҳам кучли прагматизм ва шахматча юришлар тарафдори. Буни сўнгги учрашувлардан ҳам илғаб олиш қийин эмас. Лекин табиийки, Артетада буни жамоага сингдириш бироз қийин кечмоқда. Тўғри, у декабрда "кононирлар"ни қабул қилиб олгандан сўнг бир қанча муҳим беллашувларда ўз салоҳиятини намойиш этиб улгурди, ҳатто, баъзи кичик титулларни ҳам қўлга киритди. Буларнинг барчаси албатта таҳсинга сазовор жиҳатлар. Лекин шу нарса ҳам маълумки, франциялик мутахассис ўзи қурмоқчи бўлган кучли ҳимоявий услуб билан деярли узоққа бора олмаслиги аниқ бўлиб боряпти. Энди у бошқа бир янги схема ўйлаб топишига тўғри келади. Чунки, жорий ҳужум чизиғи шуни тақозо этиб турибди. Артета учун берилган синов муддати тугади, энди у клубни олдинги ўтмишига қайтаришни мақсад қилган бўлса, биринчи жамоа бўлиб ўйнаш назариясини ҳам пухта шакллантириб олиши талаб этилади. Ҳар қалай Обамеянг шунинг учун ҳам катта уринишлар эвазига жамоада ушлаб қолинди. Мана энди топ ҳужумчиларнинг сермаҳсуллиги ҳимоядаги хатоларни ёпиб кетиши керак бўлган айни вақт. Бу эса фақатгина Микелнинг ўзига боғлиқ кўникма ҳисобланади.


Бьелса «Лидс»ни узоқ йиллик танаффусдан сўнг яна Премьер-лигага қайтарди. Қайтганда ҳам улар мавсум давомида гранд жамоаларга етарлича бошоғриқ бўлиб келмоқда. Тўпланаётган очколар салмоғи ҳозирча ёмон эмас. Юқори дивизионда яна бир икки мавсум мунтазам иштирок этганларидан сўнг зарур кўникма ҳамда тажриба ўз-ўзидан шаклланиб бораверади. Ҳозир Бьелса жамоасида деярли камчиликлар йўқ. Улар муҳими, мана шу стабил формаларини бир маромда ушлаб туришса бўлгани. Кўпчилик томонидан эртанги баҳс «оқлар» учун унчалик қийинчилик туғдирмаслиги айтилмоқда. Гарчи улар «тўпчилар»дан 4 поғона пастда бўлсаларда, очколар орасидаги тафовут жуда яқин - 2 очко. Турнир жадвали нуқтайи назаридан ҳам, мураббийлар ўртасидаги принципиаллик борасида ҳам бу баҳс зерикарли ўтмаслиги аниқ. Артетанинг Бьелса услубини унинг ўзига қарши қўллаб кўриши барча учун бирдек қизиқ.

Учрашувга доир фактлар:


- «Арсенал» «Лидс»га қарши сафар баҳсларининг сўнгги 4 тасида 3 тадан кам гол урмаяпти.

- «Кононирлар» «Лидс» уйидан сўнгги 4 баҳсда ҳам 3 очко билан қайтишган.

 

«Лидс» - «Арсенал» (22 ноябрь, 21:30)

 

Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади

 

Манба: stadion.uz
Киритилди: 11:38, 21.11.2020.
Ўқилди: 2466 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.