Суперлиганинг 25-турида "Пахтакор" Тошкент дербисида "Локомотив" билан баҳс олиб боради.
Беллашувни "Пахтакор"дан Ҳожиакбар Алижонов сариқ карточкалар билан боғлиқ дисквалификация туфайли ўтказиб юборади. Жалолиддин Машарипов эса қизил карточкадан олинган дисквалификацияни ўтаб бўлди ва майдонга тушиши мумкин. "Локомотив"да бундай йўқотиш мавжуд эмас.
Чемпионатлар тарихида жамоалар жами 33 бор тўқнаш келишган. Уларнинг 19тасида "Пахтакор" ғалаба қозонган. 8 беллашувда дуранг натижа қайд этилиб, 6 марта "Локомотив" устун келган. Рақиб дарвозасига 72 гол урган "Шерлар" 31 тўп ўтказиб юборишган. Жамоамиз ҳисобида икки марта 7тадан гол урилган йирик натижалар бор. Шу йил биринчи даврада "Шерлар" 7:0, 2006 йил 7:1 ҳисобида муваффақиятга эришган. 2005 йилги беллашувда эса Анвар Солиев рақиб дарвозасига 5та тўп киритган! Ғалабалардан 6таси йирик натижа билан эришилган.
Сафардаги ўйинларда кўрсаткичлар шундай кўриниш олган: 8та баҳсда "Пахтакор" устун келиб, 5 дуранг ва 3 мағлубият қайд этган. Меҳмондаги энг йирик ғалабамиз 6:1 натижаси 2005 йил кузатилган.
Голлар бўйича устунлик "Пахтакор" фойдасига - 39:19. Ўтган мавсумда меҳмонда голсиз дуранг қайд этилган.
"Локомотив" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги ўйин 29 ноябрь, якшанба куни соат 16:15да "Пахтакор" стадионида бошланади.