Бугун Испания Ла Лигаси 11-тури доирасидаги марказий баҳс Мадриддаги «Алфредо ди Стефано» ўйингоҳида бўлиб ўтади. Унда мезбон жамоа вакиллари ўз ҳамшаҳарлари «Атлетико»ни қабул қилади. Клубларнинг ҳолатига тўхталадиган бўлсак, «матрасчилар» ушбу учрашувга кичик устунлик билан ташриф буюраётгандек таассурот пайдо бўлиши мумкин. Ҳар қалай уларнинг турнир жадвлида эгаллаб турган ўринлари ўзларининг даражасига нисбатан анча қониқарли. Бундай дейишимизга айни пайтда бир қатор сабаблар ҳам етарли. Аввало, улар янги мавсумга кўрилган аъло даражадаги тайёргарлик ва амалга оширилган ақлли трансферлар сиёсати туфайли ҳам бугун биринчи ўринни ишончли тарзда эгаллаб туришибди. Лекин, мамлакат икки байроқдор клубларининг керакли паллаларда қоқилишларга учраётганлиги нуқтайи назаридан ҳам буни шартли жараёнга йўйиш ҳам мумкин. «Реал» ҳозирда пешқадамдан 6 очкога орқада бормоқда. Лекин ўз навбатида «матрасчилар»да битта захирадаги ўйин ҳам мавжудлигини унутмаслик керак. Муаммоли ҳолатлардан секин-аста чиқиб бораётган «қаймоқранглилар»ни кучли синовдан қандай ўтиб олишини кузатиш албатта қизиқ.
«Реал Мадрид». Зидан учун муҳим баҳс
Шубҳасиз, ушбу қарама-қаршиликдаги ғалабани «қаймоқранг» либос аъзоларидан ҳам кўра бош мураббийнинг ўзи кўпроқ истаётган бўлса ажаб эмас. Мадриднинг асосий клубида ҳозир ишлар бир маромда кетяпти деб бўлмайди. Асосий муаммо эса барча тахмин қилганидек ҳужум зонаси бўлиб қолмоқда. Фурболчилар деярли ҳар бир учрашувда хавфли вазиятларни якунлашда жиддий муаммоларга дуч келишяпти. Бошқа позиция вакиллари аста-секинлик билан ўз формаларига қайтишаётган бир пайтда олд чизиқ ўйинчиларининг оқсаётгани албатта алам қиларли ҳолат. Зиданнинг ҳалигача Роналду – Азар – бошқалар номи остида кечаётган чигал мушкилотни ечиш борасида боши қотаётгани сезилмоқда. Бензема билан тандем ҳосил қилувчи стабил футболчини танлашда иккиланишлар кузатиляпти. Мана энди унинг бир қарорга келиб олиши учун айни қулай пайт. У ўзига юклатилаётган чуқур ишончни дербида исботлашга уриниб кўради. Бу ерда бошқача бўиши ҳам мумкин эмас аслида. «Реал» – бу тижорий клуб, улар раҳбариятдан максимал даражадаги натижани талаб қилишади, ўз навбатида раҳбарият ҳам бош мураббийдан. Албатта, бу ерда Зиданнинг кучли мутахассислигига ҳеч ким шубҳа билан қарамайди. Лекин клубнинг халқаро майдонлардаги омади келавермагач у ҳам аслида жамоа учун бир меҳмонга айланиб қолиши ҳеч гап эмас.
Ҳозирча ЕЧЛдаги миссия аранг уддаланиб турибди. Жамоа гуруҳ босқичида биринчи ўринни эгаллаб ўз ишини оз бўлсада енгиллаштириб олди. Келаси босқичда тушиши мумкин бўлган қайсидир кучсизроқ рақиб Зидан учун битта плюс. Бироқ, ҳали плей-офф ўйинлари бошлангунча у ички чемпионатдаги ишларини изга тушириб олиши талаб этилади. Ла Лигада жамоанинг кетма-кет равишда учта ўйинда очко йўқотиши мухлисларнинг кескин норозилигини келтириб чиқарганди. Лекин, шундан сўнг асосий рақиблардан бири «Севиля» мағлубиятга учратилди, кетидан халқаро майдондаги муваффақиятли юриш. Албатта шу шу каби баъзи бир кичик омиллар Зидан ва раҳбарият ўртасидаги мувозанатни бир тартибда ушлаб турибди. Лекин франциялик мутахассис бир интервьюсида ўзининг мавсум якунига етгач кетиши мумкинлигига ишора қилиб кетди. Мураббийнинг фикрларидан шуни англаш мумкинки, у амалдаги таркиб билан иккала катта фронтда ўзи кўзлаган мақсадларига етиша олмайди. Раҳбарият эса айни пайтдаги молиявий вазият туфайли мутахассис хоҳлаётган баъзи бир трансферларни амалга оширишдан йироқ. Шундан ҳам хулоса қилиш мумкинки, Зидан ҳозир жуда чалкаш йўллар орасида қолган. У айни пайтда ўзига берилган вазифани мавсум охирига қадар деярли максимал якунлаб олиши учун унда вақт жуда оз қолган. Ла Лиганиг деярли ярим йўлига қараб кетиляпти ҳамки, клуб аранг тўртликка илиниб ҳаракат қилмоқда. Бу каби дерби ўйинлари ва Классиколарда жамоа максимал равишда очко йиғиб ололмаса айни пайтдаги пешқадамларнинг қоқилишини кутгандан фойда йўқ. Шундан келиб чиқиб ҳам бугунги баҳсда футболчилардан ҳам кўра кўпроқ айнан Зидан ўз характерини намойиш этиши кутиляпти.
Тахмиий таркиб: Куртуа; Карвахал, Рамос, Варан, Менди; Модрич, Каземиро, Крос; Винисиус, Бензема, Асенсио.
Иштирок эта олмайди: Лука Йович, Эден Азар, Мартин Эдегор.
«Атлетико»
Албатта, ушбу қарама-қаршиликда Мадриднинг нисбатан каттароқ жамоаси кўпроқ тилга олинади. Айни ҳозиргги пайтдан келиб чиқсак ҳам «Реал»да муаммолар жиддийроқ ва катта клубнинг камчиликлари ҳам шунга яраша йирикроқ болиши табиий ҳол. Бироқ бугунги кундаги «Атлетико»га, гигемон клубга тўхталмасдан илож йўқ. Улар ўйиндан ўйинга очилиб, ўз имкониятлари даражасини борган сари кенгайтириб олишмоқда. Мутахассисларни ажаблантираётган жиҳат ҳам айни шунда. Клуб жорий мавсум жуда кўп ўйинларда ўз услубидан чекиниб ҳаракат қилмоқда, лекин мақсад ўзгармаган. Айни пайтдаги жамоанинг умумий ҳолатида деярли камчиликлар кузатилмаяпти. Улар Ла Лигадаги пешқадамликни ўз ўзидан келиб қолмаганини сермаҳсул натижалар ва ҳавас қиларли даражадаги статистикалар билан исботлашмоқда. Леки шу билан бирга ҳимоя қўрғони эсдан чиқаётгани йўқ. «Атлетико» ортда қолган 10 та турда атиги 2 та гол ўтказиб юборди ва бу энг яқин таъқибчи бўлиб турган «Реал Сосиедад»дан (5) яхшироқ натижа дегани. Бунинг устига жамоа кетма-кет 7 та ўйинлик ғалабали серияни ҳам қайд этмоқда. ЕЧЛда эса амалдаги чемпион жой олган гуруҳдан иккинчи ўрин билан келаси босқичга йўл олиш албатта, фожеали воқелик эмас. Ушбу дербининг «матрасчилар» учун муҳимлик даражаси ўта юқори. Улар қайси позицияда кетаётганликларидан қатъи назар ҳамшаҳарлари билан бўладиган ҳар қандай баҳсга жиддий тайёргарлик кўришади.
Статистик маълумотларга кўра «Атлетико» сўнгги беш ўйиндан буён "Реал”ни мағлуб эта олмаяпти. Ҳатто, 4 учрашувда рақиблари дарвозасига бирорта ҳам гол ура олишмаган. Сўнгги ғалаба эса 2018 йили УEФА суперкубогида содир этилган. Демак, жамоада рақибиникидан қолишмайдиган даражада мотивация топилади. Бунининг устига ўзининг формасини тиклаб бораётган «Реал» осонликча таслим бўладиган кайфиятда эмас. Улар кучли клублар билан қандай ўйнашни яхши билади. Юқорида санаб ўтилган кўплаб жиҳатлари билан жамоалар бугун бизга юқори интригали футболни таклиф этишмоқда.
Тахминий таркиб: Облак; Савич, Фелипе, Эрмосо; Триппьер, Льоренте, Коке, Саул, Карраско; Суарес, Фелиш.
Иштирок эта олмайди: Хосе Ҳименез, Диего Коста, Ману Санчес.
Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади