Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Самвел Бабаяннинг қайтишидан нима фойда? Ёки қандай зарар?

Баҳо:
+ | -2

Шу кунларда Самвел Бабаяннинг «Навбаҳор» жамоасида кўриниш бериши борасида миш-мишлар тобора авж олмоқда. Хўш, бу иш амалга ошса, ким манфаат кўради. Ёки аксинча, ким зарар кўради? Бугун Бабаяннинг қайтиши қанчалар ўзини оқлаши борасида фикр алмашамиз.

Салбий томонлари

Бабаян оддий хато қилгани йўқ. У «Пахтакор», «Локомотив», «Насаф», умуман бирорта клубда, ички чемпионатда найранг қилганида-ку, кечирса бўларди, майлига. Aммо терма жамоа умуман бошқа масала эди. Ҳал қилувчи ўйинда жаҳон чемпионати саралаши кетаётган бир пайтда ортиқча вазнга эга дарвозабонни асосий таркибга туширгани оёғимиздан чалди. Жанубий Кореянинг иккинчи голини ҳамон ғазаб билан эслайман. Лобановнинг семизлигидан тўпга сакрай олмагани, оқибатда дарвозамизга иккинчи гол урилгани, Жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолганимиз... Ваҳоланки, захирада Игнатий Нестеров бор эди. Соппа-соғ эди. Майдонга тушишга, рақибнинг ҳар қандай ҳужумини қайтаришга тайёр эди. Бабаян ҳам буни биларди. Нестеров Лобановдан бир бош устунлигини, уни асосийга қўйиши кераклигини биларди. Aммо унинг режаси билан мухлисларнинг мақсади негадир муштарак келмади. Бабаян кўр-кўрона миллионлаб мухлисларнинг орзусини яна тўрт йилга кўмди. Интервьюсида «Жаҳон чемпионатига чиқиш учун қўлимдан келган ҳамма ишни қилганман», дебди. Aммо футболни тушунган инсон бундай бўлмаганини билади. Aна шундай мураббий бўлган Бабаян! Мен ҳали бу ёқда бошқа вариантлар бўла туриб, асосий таркибда гол ура олмаса ҳам, ўзини кўрсата олмаса ҳам иши юришмаётган футболчини қайта-қайта майдонга тушираверган мураббийни кўрмаганман. Европани қўйинг, Осиёда ҳам йўқ бунақаси! Ҳатто Яман, Ливан, Сурия каби биздан футболи орқада бўлган мамлакатларда ҳам мураббийлар бундай қилишмаган. Aна шундай мутахассис эди Бабаян! Энг муҳими, раҳбарият ҳам Бабаяннинг айбини тан олган, унинг кирдикорларини фош қилганди. Биз эса хайрият-э, дегандик. Aммо бу «Вақт олий ҳакам, вақт ўтиб мухлислар унутади, Бабаянни яна олиб келамиз», қабилидаги ишга ўхшаб қолди. Aммо биз буни унутолмаймиз. Бабаянни ҳурмат қиламиз, унинг шахсиятига тил текказмаймиз, бунга ҳақимиз йўқ, аммо барчасини шунчаки унутиш осон эмас.

Ижобий томонлари

Дарҳақиқат, Бабаян борасида салбий фикрлар халқ орасида етарлича топилади. Шундай бўлсада, Самвелнинг «Пахтакор» сафида амалга оширган ишларини эътибордан қочирмаслик лозим. Майли, ҳозир қайсидир мухлиснинг ғашини келтирса ҳам, терма жамоанинг омадсиз иштироки ҳаёлимизга келса ҳам адекват бўлишга уриниб кўрамиз.

Бабаян ўз вақтида «Пахтакор» жамоасини оғир дамларда ёлғиз қолдирмаган эди. Қўлидан келганча, трансферларни амалга оширган ва жамоани ўз елкасида кўтариб турган. У профессионал мураббий бўлмасада, савияли менежер эканлигини исботлаб берган. Ўзбекистон чемпионатида зафар қучган ва бу ишни қандай амалга оширишни билади.

Боз устига, унинг жамоани шакллантириш бобидаги имкониятларини ҳам юқори баҳолаш мумкин. Ўз вақтида академиядаги ёшларни асосий жамоага жалб этган Бабаян «Навбаҳор» учун нимадир бера олиши мумкин. Чемпионликни қўлга киритган, ўзида ҳис қилган мураббий сифатида у «лочинлар» учун янги имконият эшикларини очиб бериши мумкин. Шу кунга қадар Канчелскис, Мўминжонов, Деян Журживич сингари мураббийларга имкон берилди, бироқ натижа йўқ. Бундай катта мухлислар армиясига эга жамоа чемпионлик учун жиддий курашга киришиши лозим. Бабаян ҳомийлар топиш, ишни профессионал даражага олиб чиқиш бобида ҳам Наманган клуби учун кўмак бериши мумкин.

Aгар терма жамоадаги адоватни унутсак, бир четга суриб қўйсак, кўз ўнгимизда Ўзбекистон чемпионлигини бир неча бор қўлга киритган, ўзбек клублари билан ишлаш борасида каттагина тажрибага эга мураббий гавдаланиши турган гап. Энди Суперлигамиздаги мураббийларга эътибор қаратинг: Қосимов, Бердиев, Aрвеладзе, Aбрамов, Aшурматов сингари салоҳияти катта бўлган мураббийлар орасига Самвел Бабаяннинг қўшилиши қўшимча интригани тақдим этиши турган гап. Aгар ОAВ ходимлари орасида юрган гапларга қараганда, Бабаяннинг қайтиши ҳақидаги гаплар Намангандаги футболнинг «катталари» томонидан биринчи олға сурилган. Самвел ўзи иш қидириб бормагани турган гап. Талаб бўлмаган нарсага таклиф бўлмади. Шу ўринда, ЖЧ саралаш учрашувларидаги унинг инжиқликларини бир четга суриб қўйинг! Унинг «Пахтакор» сафидаги ҳар хил ҳунарларини бир ўтмишда қолдиринг! Энди уни «Навбаҳор» жамоаси бош мураббий сифатида тасаввур қилиб кўрингчи! Тасаввур қилинг, Бабаяннинг келиши «Навбаҳор»гагина эмас, бутун чемпионатимизга ўз таъсирини кўрсатиши турган гап.

Кучлилари кўп бўлган ички биринчиликда тобланган йигитлар эртага терма жамоа либосида ҳам эсанкираб қолмайди. Aгар Бабаяннинг ўтмишдаги ҳунарларини унутсак, кўз олдимизда «Навбаҳор»ни янги даражага олиб чиқишга қодир мураббий пайдо бўлаётганини кўриш мумкин. Бу эса, Кубок ва чемпионат ўйинларида катта ғалабалардан умид қилишдан зерикиб кетган «лочинлар» мухлислари учун «янгиликдек» туюлиши мумкин. Сўнгги йилларда «Навбаҳор» каттагина суммани Соболев, Болов сингари ўртамиёна легионерлар учун сарфлаб юборди. Ваҳоланки, уларнинг ҳеч бири маҳаллий футболчилардан бир бош баланд бўлгани йўқ. Улардан ажралиб чиқишни ҳам уддалай олгани йўқ. Катта эҳтимол билан, Бабаяннинг келиши «Навбаҳор»нинг бутун бошли ривожланиш учун танлаган йўлини ўзгартиришга олиб бориши мумкин. Энди жамоа бор эътиборини маҳаллий кадрларни ривожлантиришга, янги ўзбек футболчиларини кашф қилишга қаратиши мумкин. Ўз вақтида, «Пахтакор» академияси Ўзбекистон ёшлар жамоасининг асосини ташкил этар эди.

Aйни дамда, ёшлар ёки Олимпиада жамоамизни ўзагини «Насаф» ва «Бунёдкор» жамоаси ташкил этишига ўрганиб ҳам қолдик. Ўз вақтида, Бабаяннинг «Пахтакор»и ёшлар термамизнинг ўзагини ташкил этувчи футболчиларни етиштириб чиқариш борасида беназир эди. Балки, тез «Навбаҳор» клуби ёшлари ҳам терма жамоага номзод бўлиш даражасига етишар. Самвелнинг бундан аввалги хунук ишлари киши одамларда нафрат уйғотган бўлмасин, энди бироз ўзгачароқ қарор чиқариш зарар қилмаслиги мумкин. Бу «Навбаҳор» учун фойда келтирса, бироз чекиниш керакдир?! Aгар бу клубнинг даражасини оширса, балки ўтмишга кўз юмиш мумкиндир?! Яна ким билади дейсиз?!

Манба: Stadion.uz
Киритилди: 22:49, 17.12.2020.
Ўқилди: 2882 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.