Хабар берганимиздек, жамоамизнинг бугунги машғулотига икки нафар сербиялик футболчилар – ҳимоячи Никола Тасич ва ярим ҳимоячи Марко Путинканин қўшилишди.
Мазкур ўйинчиларни мухлисларга яхшироқ таништириш мақсадида улардан қисқача интервью олдик.
- Аввало, Наманганга хуш келибсизлар!
Никола Тасич: Раҳмат.
- Сизларни “Навбаҳор”га ким таклиф қилди?
Марко Путинканин: Айни пайтда жамоангизда фаолият юритаётган ҳамюртимиз Дражен Дукич қўнғироқ қилиб, таклиф этди.
- Юртимиз футболи борасида нима дея оласизлар?
Н.Т.: Ўзбекистон клубларидан “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Локомотив” ва “Навбаҳор” жамоаларини яхши биламан. Бундан ташқари, "Навбаҳор"нинг мухлислари Ўзбекистондаги энг садоқатли ва фидойи мухлислар эканлиги борасида ҳам эшитгандим.
М.П.: Мен ҳам “Пахтакор”, “Локомотив”, “Насаф”, “Бунёдкор” ҳамда “Навбаҳор” клублари ҳақида маълумотга эга эдим. Шунингдек, Ўзбекистон миллий чемпионатида ўйнаган Драган Черан, Марко Симич ва Марко Станоевичлар билан дўстмиз.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда фаолият юритган кўплаб сербиялик мураббийлар, жумладан, Деян Журжевич, Дражен Дукичлар ҳақида ҳам яхши биламан. Дукичнинг бунгача юртингизнинг “Пахтакор” ва “Қўқон - 1912” жамоаларида ишлаганидан ҳам хабарим бор.
- “Навбаҳор” ҳақида қанчалик маълумотга эгасизлар?
М.П.: Жамоа ўз анъаналарига эга, Ўзбекистоннинг энг совриндор клубларидан бири эканлиги, шунингдек, ажойиб, фидойи мухлислари бор жамоа эканлигини эшитгандим. Мана бугунги машғулотга ҳам кўплаб мухлисларнинг ташриф буюришгани ҳам ушбу сўзларни исботламоқда.
Ўз навбатида Наманганнинг Ўзбекистондаги йирик шаҳарлардан бири ҳамда гуллар шаҳри эканлиги борасида эшитгандим.
Сўзим якунида яна шуни ҳам шуни ҳам таъкидламоқчиманки, бизни “Навбаҳор”да жуда яхши кутиб олишди. Янги жамоадошларимиз билан танишиб олдик. Бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Маълумот учун
Никола Тасич – 1992 йил, 17 январда Сербия пойтахти Белградда туғилган.
Амплуаси – ҳимоячи.
Футболчилик фаолияти давомида Сербиянинг “Железник Лавови” (Белград, 2009-2010 йиллар мавсумида), “Динамо” (Вране, 2010-2011 йиллар), “Балкан-Мирийево” (Белград, 2011-2012 йиллар), “Чукарички” (Белград, 2011-2013 йиллар), “Раднички” (Нова-Пазова, 2013 йил), “Железник ласта” (Белград, 2014-2015 йиллар), “Слобода” (Ужице, 2015-2016 йиллар), “Ягодина” (Ягодина, 2016-2017 йиллар), “Борац” (Чачак, 2017-2019 йиллар),Швециянинг “Алмебода” (2013-2014 йиллар), Қозоғистоннинг “Қизилжар” (Петропавловск, 2017 йил) жамоаларида тўп сурган.
Ўтган мавсумни эса Сербиянинг “ОФК Жар” (Белград) жамоасида ўтказган.
Марко Путинканин – 1987 йил, 16 декабрда Сербия пойтахти Белград шаҳрида туғилган.
Амплуаси – ярим ҳимоячи.
Футболчилик фаолияти давомида Сербиянинг “Земун” (Земун, 2006 йил), “Бежания” (Белград, 2007-2008, 2011, 2013-2014 йиллар), “Донйи Срем Пецини” (2012 йил), “Радник” (Сурдулица, 2015 йил), “Вождовац” (Белград, 2016-2017 йиллар), “Войводина” (Нови-Сад, 2018 йил), Албаниянинг “Динамо” (Тирана, 2009-2010 йиллар), Қозоғистоннинг “Жетису” (Толдиқўрғон, 2014 йил), Словениянинг “Олимпия” (Любляна, 2018 йил) жамоаларида ўйнаган.
Ўтган мавсумда “Вождовац” жамоасида ўйнаган.