Мадриднинг "Атлетико" клуби ярим ҳимоячиси Хосе Антонио Рейес, қишки трансфер дарчаси очилиши билан ўзининг собиқ клуби "Севилья"га қайтишига умид қилаётганлигини яширмади. Мадридда унчалик ҳам ишлари юришмаётган футболчи, жонажон клуби сафига қайтишини интизорлик билан кутаётганлигини таъкидлаб ўтди.
"Севилья" мени яна ўз сафига чақирмоқда. Бундан бошим кўкка етди. Айнан Севильяда мен катта футболга илк қадамларимни ташладим. Бу клуб мени профессонал футболчи бўлиб етишишимда катта роль ўйнаган. Ҳозир улар менга яна бир марта имкон беришди. Бундай имконият бошқа бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун, яқин кунлар ичида Севильяга кўчиб ўтишни истайман. Ўйлайманки, "Атлетико" раҳбарлари ҳам, жамоа мухлислари ҳам мени қароримни тўғри қабул қилишади" — дейди Рейес "Маrса" нашрига берган интервьюсида.
Олинган сўнгги маълумотларга қараганда, "Атлетико" футболчини 3,5 миллион евро эвазига "Севилья"га қўйиб юборишга розилик билдирган.