Футболда ўйин 90 дақиқа давом этади. Лекин АПЛдаги бўлиб ўтаётган сўнги ўйинларни кузатар экансиз, кўплаб клублар гўёки бу ҳақиқатни ёддан чиқариб қўяётгандек таассурот қолдиряпти. Янаям қизиғи, айнан кучли жамоалар, грандлар қаторига кирувчи клубларда шундай вазият юзага келпти. Кеча "Манчестер Сити" сўнги дақиқалар қурбони бўлганлига ҳақида гапиргандик, бугун қурбон бўлиш навбати Арсен Венгер ва унинг шогирдларига етиб келганлигини маълум қилишимизга тўғри келмоқда.
Биринчи бўлимни тўлиқ устунликда ўтказган "канонирлар" "Фулҳэм"дан ҳар жиҳатдан устун ўйин намойиш этганини оқ рангли футболкаларда тўп тепганларнинг ўзлари ҳам инкор этишмаса керак. "Арсенал"нинг дастидан голли вазиятларни санашни ўзига мақсад қилиб олган мухлис ҳам қийналиб кетган бўлишининг эҳтимоли катта.
Чунки вазиятлар кўп бўлди. Голга тортадиганлари ҳам. Шулардан бирини Косьельни голга айлантирди ҳам. Аммо шунча вазият яратган клуб камида яна икки бора тўп киритишни уддалаши керак эди. Йўқ, бундай бўлмади! "Фулҳэм" ўз дарвозасини қолган дақиқаларда дахлсиз сақлаб қола олди. "Арсенал" тўпни назорат қилиш ва ўйин суръатини пасайтириш эвазига ўйинни ғалабагача етказиб қўйишга қарор қилди. Тўп назорати ҳам қойилмақом бажарилмаган вазифалар қаторидан бемалол жой олиш ҳуқуқига эга. "Арсенал"нинг назорати ҳақида гап кетмоқда.
Венгер амалга оширган ўзгаришлар умуман ўзини оқламаганини ҳам айтиб ўтиш жойиз. Бу вақтга келиб "Фулҳэм" тажовузкорликни, тезликни ва ҳужумлар миқдорини оширди. Охир-оқибат бу ҳаракатлар беҳуда кетмади. Аввалига Журу қизил карточка "ишлаб олди". Кейин Сидуэлл "Фулҳэм" ҳужумини якунлаб, ҳисобни тенглаштирди. Қушиб берилган вақтда эса ўйиннинг энг фаол футболчиси — Замора лондонликларга ғалаба келтирди.
"Фулхэм" ғалаба қозонишни кўпроқ истади. Нега Венгер шогирдларининг ғалабага бўлган хоҳишлари "Фулхэм"никидай бўлмаганини эса мураббийдан сўраш керак...
ФУЛҲЭМ - АРСЕНАЛ 2:1 (0:1)
Голлар: Сидуэлл (85), Замора (90+1) - Косьельни (20)
Огоҳлантириш: Журу (63)
Четлатиш: Журу (78-иккинчи сариқ карточка)
Бош ҳакам: Л.Проберт
2 январь "Крэвен Коттеж". 25700 томошабин