Жанубий Корея терма жамоасининг янги бош мураббийи Чой Канг-хи 2012 йил терма жамоа учун масъулиятли йиллардан бири эканлигини қайд этиб, хавотирга ўрин йўқлигини айтиб ўтди. Бу ҳақда "Goal.com" интернет-нашри хабар бермоқда.
Жанубий Корея терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш босқичида "В" гуруҳида 5 учрашувдан сўнг 10 очко билан пешқадам бўлиб турибди, аммо жамоа ҳали расман 4-босқич йўлланмасини қўлга киритмаган. 29 февраль куни Кувайт терма жамоасига қарши учрашувда айнан шу йўлланма тақдири ҳал қилинади.
"Корея футбол жар ёқасида турибди, деб ўйламайман. Агар биз атрофдаги гап-cўзларни бир чеккага суриб қўя олсак, биз кучли бир терма жамоа эгасига айланишимиз мумкинлигига ишонаман", деди Чои Канг-хи.
"2012 йил Корея футболи учун ғоят муҳим йил ҳисобланади. Миллий ва олимпия терма жамоалари муваффақиятли натижага эришишлари учун мен олимпиячилар устози Хонг Мёнг-бо билан яқиндан ҳамкорлик қиламан", дея қўшимча қилди Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийи.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 25 февраль куни Жанубий Кореяга қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Жанубий Корея терма жамоаси ФИФА рейтингида 32-ўринда бораётган бўлса, Ўзбекистон ундан 43 поғона қуйида жойлашган.