"Ливерпуль" Англия футбол уюшмаси тартиб-интизом қўмитасининг ҳужумчи Луис Суаресни ирқий фикрлари учун саккиз учрашувга четлатиш ҳақидаги қарори устидан шикоят қилмайди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда.
"Ливерпуль" ўз футболчисининг четлатилишига рози бўлиши қарор қўмита эълон қилган кундан кучга киришини билдиради. Шундай қилиб, Суарес ўтказиб юборган биринчи учрашув "Манчестер Сити"га қарши ўйин бўлди, ушбу учрашувда мерсисайдликлар 0:3 ҳисобида имкониятни бой беришди. Уругвайлик ҳужумчи таркибга 2012 йилнинг февралида қайтиши кутилмоқда.
Айни вақтда "Ливерпуль" раҳбарияти ҳам, Суареснинг ўзи ҳам айбни тан олаётгани йўқ. "Мен жазо чораларини қабул қиламан, аммо бу ҳаммаси бу даражада ривожланиб кетганидан афсусда бўлган айбсиз одамнинг йўл беришидир", деб ёзди футболчи ўз твиттерида.
Луис Суарес 2011 йилнинг 15 октябрь куни "Манчестер Юнайтед"га қарши учрашувдаги ҳолат учун дисквалификация қилинди. Ўйиндан кейин манкунианлар ҳимоячиси Патрис Эвра Суарес уни "негр" деб ҳақорат қилганини маълум қилди. Эвранинг сўзларига кўра, вазиятлардан бирида у Суаресга: "Менга тегма, жанубий америкалик", деган, бунга жавобан уругайлик футболчи: "Нимага, негр?", деган. Суарес ушбу вазиятни Лотин Америкасида "негр" сўзи инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатлардаги каби салбий бўёққа эга эмаслиги, шунчаки, тана ранги бироз қорароқ кишиларга нисбатан шундай сўз ишлатилишини айтиб изоҳлаганди.
Суарес қилмиши учун саккиз учрашувга четлатилиб, 40 минг фунт-стерлинг миқдорида жаримага тортилган. "Ливерпуль" раҳбарияти Англия футбол уюшмаси қарорни фақат бир тарафнинг кўрсатмалари асосида қабул қилганидан афсус эканлигини қайд этиб ўтди. Тартиб-интизом қўмитасининг қарорини бошқа жанубий америкалик футболчилар ҳам қоралаб, Суаресни қўллаб-қувватлашди. Мисол учун, Франциянинг "Пари Сен-Жермен" клуби ва Уругвай терма жамоаси сардори Диего Луганонинг айтишича, Эвра ўз ҳулқи билан футболдаги аҳлоқ кодексини бузган.