Ниҳоят Англияда “боксинг дей” тугади. Жуда ғалати тугади. Буёқда, ушбу мавсумда ҳали бирорта ўйинни голсиз якунламаган МЮ 0:3 ҳисобида енгилса, Ливерпулда “Эвертон” дарвозабони Тим Ховард гол урмоқда. Зўр-а?
“Ньюкасл” “иблислар” учун қулай рақиб саналиб келинарди. Лекин айнан бугун жамоа ажойиб ўйин кўрсатди ва 2001 йилдан бери давом этиб келаётган МЮ га қарши ғалабасиз сериясига нуқта қўйди. Жуда жонли ва тезкор суратларда бошланган ўйинда ҳисобни мезбонларнинг тўпурар ҳужумчиси Демба Ба очди. Амеобининг жарима майдонига юқорилатиб оширган зарбасини икки ҳимоячи орасида турганига қарамай, бир тепишда голга айлантирди - 1:0. Яна бир факт, меҳмонларнинг даниялик дарвозабони Линдегор АПЛ учрашувларида ҳали гол ўтказмаганди. Қизиғи, у доимо аутсайдерларга қарши майдонга тушган, мана, биринчи марта кучли еттиликдан рақиб, ва...
МЮ мухлислари учун биринчи таймдаги нурсиз ўйиндан сўнг ягона умид – об ҳаво эди. Гап шундаки, биринчи бўлимда “Ньюкасл” шамол йўналишида ҳужум қилаётганди. Йўқ, устасига фарқи йўқ экан. Иккинчи таймнинг илк дақиқаларида ҳисоб икки баробарга ошди. Фил Жонснинг қўполлигидан сўнг, 25 метрлар чамаси масофадан жарима зарбасини ижро этган франциялик ярим ҳимоячи Кабай шамол йўналишига қарши ҳам гол ура олишини намойиш қилиб, жуда чиройли гол муаллифига айланди.
Фергюсон ўйинни қутқариш мақсадида майдонга Бербатов ўрнига Уэлбекни, Пак ўрнига Чичаритони туширди. Аммо МЮ нинг куни эмасди бугун. Жамоа фақат 50-60 дақиқалар оралиғида чинакамига хавф сола олди холос. Рунининг яқин масофадан берган зарбаси Крулдан ўтганди, аммо тўп йўлига Симпсон ғов бўлди ва ҳисобни сақлаб қолди.
Қолган дақиқалар классик услубда ўтди. МЮ нимадир қилмоқчи бўлар лекин ўхшамас, “Ньюкасл” эса олдинда икки тезкор ҳужумчини қўйиб, вазият кутарди. Вазият бўлди, учрашув антиқаҳрамонларидан бири Фил Жонс ўйиннинг сўнгги дақиқасида ўз дарвозасига гол киритиб қўйди. Қизиғи, голли пас дарвозабон Крулининг номига ёзилди. Унинг юқорилатиб тепган тўпини боши билан қайтаришга ҳаракат қилган Жонс дарвозага буриб юборди. Линдегор эса жойида эмасди, тўп йўналишига пешвоз чиқаётганди. Хуллас, қаердадир дарвозабон гол ураётганда, Крул ҳам четда қолишни истамади – 3:0. МЮ ва пешқадам ўртасидаги уч очколик фарқ сақланиб қолди.
Юқорида эслаб ўтганимиз Тим Ховарднинг жамоаси “Эвертон” эса ўз майдонида мағлубиятга учради. Айнан мана шу “Эвертон” ўтган турда сафарда “Вест Бромвич”ни доғда қолдирганди. “Ғарбликлар” эса олдинроқ “Манчестер Сити”дан очко тортиб олган. Хуллас Англияда тушунарсиз нималардир бўляпти.
“Эвертон” таркибида Лендон Донован ҳам майдонга тушганига эътиборингизни қаратмоқчимиз.
Ньюкасл – Манчестер Юнайтед – 3:0 (1:0, 2:0)
Голлар: 1:0 – Д.Ба (33), 2:0 – Кабай (47), 3:0 – Жонс (90, автогол).
НЬЮКАСЛ: Крул, Симпсон, Уильямсон, Колоччини, Сантон, Тиоте, Р. Тэйлор, Кабай (Перч, 77), Гутьеррес, Д.Ба (Обертан, 89), Амеоби (Бест, 75).
МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД: Линдегор, Рио Фердинанд, Жонс, Эвра, Пак Жи Сун (Х. Эрнандес, 66), Гиггз, Валенсия, Кэррик, Нани, Руни (Андерсон, 75), Бербатов (Уэлбек, 57).
Огоҳлантиришлар: Жонс (46), Валенсия (61), Тиоте (81).
Эвертон – Болтон – 1:2 (0:0, 1:2)
Голлар: 1:0 – Ховард (63), 1:1 – Нгог (67), 1:2 – Кэйхилл (78).
ЭВЕРТОН: Ховард, Хибберт, Хейтинга, Дистен, Невилл, Жагелка (Родуэлл, 42; Кэйхилл, 61), Стракквалурси, Бейнс, Осман (Гейе, 53), Донован, Саа.
БОЛТОН: Богдан, Стейнссон, Найт, Кэйхилл, Риккеттс, М. Дэвис, Муамба, Рео-Кокер, Иглз (Прэтли, 81), М. Петров, Нгог (К. Дэвис, 87).
Огоҳлантиришлар: Нгог (12), Рео-Кокер (20), Дистен (77), Кэйхилл (90).