Италиянинг «Аталанта» футболчиси Алехандро Гомес Испаниянинг «Севилья» жамоасига кўчиб ўтди. Аргентиналик футболчи янги жамоасидаги илк интервьюсини берди.
«Мени ҳеч қачон молиявий тарафлар қизиқтирмаган. Менга бир нечта араб клубларидан таклифлар бўлди, лекин мен футбол ўйнаб завқ олишим кераклигини тушуниб тургандим. Ҳордиқ чиқариш учун эса албатта вақт топилади.
Ажойиб спорт формасидаман ва фаолиятимнинг энг юқори чўққисида турибман. Аргентина терма жамоаси футболчисиман, шу сабабли, ўзимни кучли лига вакили саналган кучли клубда ўйнамоқчи бўлдим. "Севилья" мени ўз сафига чорлаганда иккиланиб ўтирмадим», – деди Гомес матбуот анжуманида.