29 январь куни клублар спорт директорлари, юристлари ҳамда футбол мактаблари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда 2021 йилги мавсумдаги муҳим ўзгаришлар ҳақида гаплашиб олдик. Клублар бўлаётган ўзгаришлар қўл учида эмаслигини, бу йўлда барчамиз бирлашишимиз кераклигини ҳис қилишлари биз учун муҳим.
Аввал айтилганидек, Футболчилар мақоми ва ўтиши бўйича регламент тартибга келтирилди. Эндиликда мазкур регламент мунтазам равишда янгилаб борилади. Шу ҳафта мазкур регламентнинг электрон кўриниши ЎзПФЛ сайтига жойланади. Тез орада регламент нашр этилади ва клубларга тарқатилади.
Шунингдек, 2021 йилги мавсум учун Мусобақалар ўтказиш регламенти ҳам тайёр бўлиб улгурган. Мазкур регламент келишиш учун ЎФАга тақдим этилган. Бундан буён Мусобақалар ўтказиш регламентини октябрь ойидаёқ тасдиқлаш механизми йўлга қўйилади. Регламент тез орада ЎзПФЛ сайтига жойланади ҳамда нашрга берилади.
2021 йилги мавсум тақвими деярли шакллантирилди. Шу ҳафта тақвим масаласида ЎФА билан учрашув ўтказамиз. Тез орада ЎзПФЛ сайтида янги тақвим ҳам эълон қилинади.
Параллел равишда Лицензиялаш регламенти ҳамда Стадионлар тўғрисида низом устида ишлаяпмиз. Тан оламиз, кечикяпмиз. Умид қиламанки, ҳамма нарса асталик билан ўз рельсига тушяпти. Кейинчалик ҳар қандай ўзгаришлар қатъий режа асосида кетишига эришишимиз керак. 2020 йилги эпидемиологик вазият кўп нарсаларни ўзгартириб юборди. Биз мураккаб даврда вазифа қабул қилиб олдик. Буни яхшиликка деб қабул қилдик, меҳнат қилишда давом этамиз.
Футбол мухлислари бир жиҳатга эътибор беришларини истардик. Бугун нима қилаётган бўлсак, 2022 йилги мавсум учун қиляпмиз. 2021 йилги мавсум ички чемпионатда туб бурилиш даври бўлади деб умид қиламиз. Хато ва камчиликлар ўзимизники, уларга албатта жавоб берамиз. Ютуқларимиз эса барчамизники. Унда минглаб инсонларнинг катта меҳнати ётибди.