"Реал Мадрид" асосий ҳимоячиси ва жамоа сардори Серхио Рамос яқинда операция қилинди. У Испания суперкубоги ярим финали доирасидаги Бильбаонинг "Атлетик" жамоасига қарши ўйинда жароҳат олганди.
Дастлабки маълумотларга кўра, "Эл-капитано" 6 ҳафтадан 8 ҳафтагача мадридликларга ёрдам беролмайди. Февраль ойи охирларида Чемпионлар лигаси плей-офф босқичлари бошланишини ҳисобга олсак, бу йўқотиш испан жамоаси аъзоларини ҳам, мухлисларини ҳам хурсанд қилмаслиги аниқ.
Рамос ва Варан
Испанияликнинг жароҳати туфайли "Реал Мадрид" икки асосий марказий ҳимоячисиз қолди. Чунки Рафаел Варан Рамос билан ва Рамоссиз ўйнаганда икки хил ўйин намойиш этишини кўпчилик билса керак. Испанияликсиз ўйнаганда, Варан доимо адашади ёки болаларча хатоларга йўл қўяди. Ҳа, француз футболчиси Рамоссиз ҳам яхши ўйнаши мумкин, аммо асосий ўйинларда эмас.
Рамос ва етакчилик
Бундан ташқари, Рамос майдонга тушганида, узоқ масофадан узатган ажойиб тўплари сабаб жамоанинг кўплаб ҳужумларини бошлаб беради. “Қаймоқранглилар” ҳужумнинг дастлабки босқичи ҳам, айнан Серхио орқали бошлаш осонроқ. Қолаверса, Рамоснинг ўрнини босадиган ҳимоячи йўқлиги ҳам бу муаммони катталаштиради. Унинг шериклари билан ўзаро бир-бирини тушуниши ва жамоавий ўйинни ташкил қилишда ҳам қолган кўпгина футболчилардан устунроқ. Испанияликнинг йўқотилиши нафақат ўйинга, балки мадридликларнинг психологиясига ҳам таъсир қилади, чунки Рамос майдонда ҳақиқий етакчи ва сардор, айнан у қийин ўйинларда ҳужумга ўтиб, баъзида ҳақиқий мўъжизалар яратади. Масалан, Лиссабон финали. Мухлислар мазкур финалдаги "Реал Мадрид" жамоасини ҳеч қачон унутмайдилар. Испан ҳимоячиси ҳал қилувчи голларни урмасдан ҳам, бутун ўйин давомида ўз етакчилигини намойиш этади. Рамоссиз "Реал" баъзида қандайдир ички кучига ва ўзига бўлган ишончига эга эмасдек туюлади, масалан, 2018/19-йилги мавсумда Чемпионлар Лигасидаги "Аякс"га қарши ўйин. Ўшанда Серхио Рамос билан меҳмонда 2:1 ҳисобидаги ғалаба қозонади. Мадридда кечган жавоб учрашувида шармандали 1:4 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Ушбу жавоб баҳсида Рамос иштирок этмаган эди.
Рамос ва пенальти
Шунингдек, "қаймоқранглилар" мунтазам пенальтиларни тепадиган футболчисидан ажралиб қолишади. У икки йилдан буён "Реал Мадрид"нинг барча пенальтиларни тепмоқда, албатта бу унчалик катта муаммо эмас, чунки жамоада бошқа яхши ижрочилар ҳам бор, аммо таркибдаги ҳеч кимни пенальти тепиш сифати бўйича Рамос билан таққослай олмаймиз.
Рамос ва "Реал"нинг ўртасидаги ушбу муаммо яна икки ой давом этади. Бу катта муддат, албатта. Бу вақт давомида "Эл-капитано" анча пайт ўйин амалиётисиз қолади. Рамос майдонга қайтганида вазият умуман тескари томонга айланиб кетиши мумкин, чунки шу пайтга келиб "Реал Мадрид" Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетиши ва барча имкониятларидан маҳрум бўлиши мумкин. Натижада, буларнинг барчаси сардорнинг клубдан кетишига олиб келиши мумкин. Буни эса "Реал Мадрид"нинг ҳеч бир мухлиси истамаслиги аниқ.
Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.