Тошкентда йиғин ўтказаётган «Қўқон-1912» бугун "Тўқимачи" стадионида "Сўғдиёна" клубига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди. Бугунги учрашувда мураббийлар жамоа сафига янги қўшилган футболчиларни текшириб олиш имкониятига эга бўлишди.
Ўртоқлик ўйинини Мурод Холмуҳаммедов ҳамда Ойбек Рустамовлар миллий терма жамоа йиғинида бўлишгани учун ўтказиб юборишади. Шунингдек, қўқонликларга сафига янги қўшилган Асадбек Собиржонов ҳам Ўзбекистон олимпия терма жамоаси йиғинига чақирилган.
Ўйинни «Қўқон-1912» фаол бошлади. Учрашувнинг 23-дақиқасида Муҳаммаданас Ҳасановнинг узатмасидан сўнг, жамоа сафига яқинда келиб қўшилган Анвар Ҳожимирзаев кучли зарбаси билан "Сўғдиёна" дарвозасига гол киритиб, ўйиндаги ҳисобни очишга эришди.
Биринчи бўлим якунланиши арафасида "Сўғдиёна" жарима зарбасидан сўнг ҳисобни тенглаштирди. Арсланмурот Амановнинг жаримадан йўллаган зарбасидан сўнг, тўп ҳимоячи Бобур Акбаровга тегиб дарвозамиз тўридан ўрин олган эди.
Иккинчи бўлим ҳам водийликларнинг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. 54-дақиқада Иқбол Маликжонов жарима зарбасини "аъло" баҳога ижро этиб, жамоани олдинга олиб чиқди.
Қолган дақиқаларда жамоалар ҳарчанд уринмасин, бошқа гол кирита олишмади. Шу тариқа, «Қўқон-1912» йиғиндаги биринчи ўртоқлик учрашувида ғалаба қозонишди.
Ўртоқлик ўйини
"Қўқон-1912" - "Сўғдиёна" - 2:1
Голлар: Анвар Ҳожимирзаев (23), Иқбол Маликжонов (54) - Бобур Акбаров (авт,45).
"Қўқон-1912": Абдуллаев Музаффар, Славко Лукич, Бобур Акбаров, Иван Йосович. Александр Мерзляков, Анвар Хожимирзаев, Фарҳод Бекмуродов, Иқбол Маликжонов, Муҳаммаданас Ҳасанов, Шоҳназар Норбеков, Мўмин Мелиев.
Захира: Хуршид Хўжаев, Элдор Адхамов, Авазхон Маматхўжаев, Илҳом Ваҳобов, Сардор Азимов, Сардор Етовқўзиев, Жамшид Раҳматуллаев, Андрей Сидоров.
"Сўғдиёна": Ширинбой Абдуллаев, Асил Бегимқулов, Искандар Шойқулов, Жамшид Болтабоев, Элёр Орипов, Шаҳбоз Жўрабеков, Лука Чермел, Арсланмурот Аманов, Аюбхон Нўъмонов, По Ён, Шоҳрух Норхонов.