Миллий чемпиоантлардаги навбатдаги тур баҳслари, воқеалар шохиди билан ўтган уйқусиз тунлар, сешанба ва чоршанбага уланиб кетади. Бугун оқшом, Римда ЕЧЛ 1/8 финал босқичи, дастлабки ўйинлари доирасидаги яна бир қизғин тўқнашув, “Лацио“ “Бавария“ томошабинларга футбол завқини тақдим этади.
"Лацио" сўнгги ўйинларда жуда яхши статистикани намойиш этмоқда. Йил бошидан буён Симоне Инзаги шогирдлари барча турнирларда 11 учрашув ўтказиб, бу ўйинларда 8 ғалаба, 1 дуранг ва 2 бор мағлубият қайд этишган. Сўнгги мағлубият 14 февраль куни “Интер“га қарши (1:3) ўйинда содир бўлган эди. Айни пайтда римликлар А Серия турнир жадвалида 43 очко тўплаган ҳолда, олтинчи поғонада бормоқда.
Тўғри, чемпионлик марраси “Лацио“ учун бироз узоқдек туюлсада, бироқ мавсум якунда халқаро майдон йўлланмасига эга чиқиш учун, ҳаминқадар кураш олиб бориши аниқ. “Бургутлар“ бўлажак учрашувга бир қатор муҳим футболчиларсиз етиб келмоқда. Маълумки, икки асосий ҳимоячи Луис Филипи ва Штефано Радулар жароҳати туфайли учрашувни ўтказиб юборишади. Дарвозабон Томаш Стракошининг ўйиндаги иштироки ҳам этиши сўроқ остида қолмоқда. Посбон тиззасидан олган жароҳатидан тикланишга улгурмаган.
Умуман олганда, Италиялик мураббий ўзи дуч келадиган ҳар қандай жамоага кескин курашлар таклиф этадиган, аксар ҳолатларда очиқ футбол намойиш этиб, ҳар қандай рақибни танг аҳволга солиб қўядиган жамоани шакллантирган. Таркиб юқори формада шу билан бирга жамоа ўз майдинида етти ўйинлик мағлубиятсиз церийага ҳам эга. Кўриниб турибдики,Флик жамоасининг Римда анчайин сергак тортиши учун асослар етарли.
“Бавария“
Чемпионлар Лигасининг амалдаги ғолиби “Бавария“, барқарор футбол намойиш этиш борасида Европа клубларига ўрнак бўла оладиган даражада. Аммо, янги мавсум ва сўнгги ўйинлар мюнхенликлар учун бироз мураккаб кечмоқда. Флик бошчилигидаги жамоа Қатарда ўтган клублар ўртасидаги жаҳон кубогини ютганган сўнг, Бундеслиганинг Армения ва Айнтрахт Франкфуртга қарши иккита ўйин ўтказди ва кутилмаганда 1 дуранг 1 мағлубият қайд этган ҳолда 1 очко ишлади холос.
Англаш мумкинки, жамоанинг охирги ўйинларидаги пасайиш бир нечта асосий футболчиларнинг тўсатдан сафдан чиқиб қолаётганидан келиб чиқмоқда. Хусусан, Бенжамин Павар ҳамда Томас Мюллерлар жароҳат сабаб, Корентин Толиссо, Серж Гнабри, Дуглас Коста, ва Александр Нуэбеллар эса, оёқ, сон ва тўпиқ қисмларидан орттириб олинган жароҳат сабабли бугун мюнхенликларга ёрдам бера олишмайди.
Аммо, Мюллер ҳамда Гнабри тез суръатда тикланиш жараёнидан сўнг, “Лацио“ билан ўйинга тайёр бўлишлари мумкин. Бугунгача 49 очко жамғарган ҳолда Бундеслига пешқадами бўлиб турган клубнинг сўнгги қайд этилаётган натижалари “қизиллар“ мухлисларини қониқтирмасада, шуни унутмаслик керакки ЕЧЛ бошқа даражадаги ва алоҳида аҳамиятга эга бўлган турнир ва “Бавария“ бу ҳудудни ҳамма вақт ўзиники қилиб олиш кучига эга.
Мураббий фикрлари
Симоне Инзаги(Лацио): “Ушбу ўйин 5 йил мобайнида шаклланган ажойиб жамоамизнинг энг ёрқин баҳс бўлади. Биз ғалаба учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз ва ўз ўйинимиздан завқ олишга ҳаракат қиламиз. "Бавария" ЕЧЛ ва ФИФА Клублар ўртасидаги Жаҳон кубогларини қўлга киритди. Мен уларнинг кучсиз томонларини ўрганиб чиқишдан кўра, ўз жамоамга кўпроқ эътибор қаратмоқдаман. Жамоадаги фаолиятимиз мобайнида биз шу каби кўплаб муҳим ўйинларни ўтказдик ва ушбу тўқнашувнинг қандай кечишини биламиз“
Ханс-Дитер Флик(Бавария): “Чемпионлар Лигаси турнирида, ҳар доим ўзингизни энг яхши томондан намойиш этишингиз керак. Бу ҳар қандай клуб учун аҳамиятли учрашувлар. Мен йигитлардан юқори даражадаги иштиёқ кутмоқдаман. Биз қандай ўйнашни хоҳлаётганимиз ҳақида аниқ тасаввурга эгамиз. Мен ўз жамоамга тўлиқ ишонаман. Баъзи футболчиларда кичик жароҳатлар бор. шу жумладан Зюледа ҳам. У бир кун дам олди. Лекин у жамоа билан Римга боради“
Таҳминий таркиблар
"Лацио": Рейна — Габаррон, Ачерби, Мусаккьо — Лаццари, Милинкович-Савич, Лукас Лейва, Луис Альберто, Марушич — Корреа, Иммобиле.
"Бавария": Нойер — Зюле, Боатенг, Алаба, Дэвис — Киммих, Рока — Сане, Горецка, Коман — Левандовски.
Дуэль
Ушбу қарама-қаршилик футбол мухлисларига шавқ ва шиддат улашиш билан бирга, ўзига хос дуэльни ҳам тақдим этади. Бугун тунда, “Олимпико“ ўйингоҳида чинакам гол машинасига айланган ўз жамоаларининг ҳақиқий етакчилари, Роберт Левандовски ҳам Чиро Иммобилилар ўзаро тўқнаш келади.
Айтиш мумкинки, ўтган мавсум 34 та гол билан ўз чемпионатларининг тўпурари бўлган ушбу футболчилар ўтган йилги юқори темпда давом эттирмоқдалар.
“Лацио“ вакили Иммобили жорий мавсум ички чемпионатда 31 ўйин ўтказиб, 14 гол ва 4 голли узатмага муаллифлик қилган. ЕЧЛ доирасида эса, ўзи иштирок этган 4 учрашувда 5 гол, 1 ассист қайд этишга муваффақ бўлган.
Ўз ўрнида “Бавария“ аъзоси Левандовски ҳам юқори даражадаги маҳсулдорлик кўрсатмоқда. Буни Бундеслиганинг 21 ўйини киритилган 26 гол ва амалга оширилган 6 ассистдан ҳам кўриш мумкин. Чемпионлар лигаси доирасида кечган 4 баҳсда эса полшалик ҳужумчи 3 гол муаллифига айланган.
Хулоса ўрнида, аниқки, "Лацио" ЕЧЛдаги Италия вакили сифатида имкон қадар узоқроққа боришни мақсад қилган. Бу йўлда рақибнинг ким эканлиги унчалик ҳам катта аҳамият касб этмайди. “Бавария“ эса Чемпионлар лигасидаги мартабасини сақлаб қолган ҳолда, амалдаги чемпион сифатида бош совринни ҳимоя қилади.
Табиийки, янги куч ва янги мақсадлар билан.
Устига-устак, муҳим ўйинлар олдидан жиддий йўқотишлар ўрнини ким қандай ёпа олиши баробарида қайси жиҳатлар эвазига рақибдан устунлик қилишининг ўзи ҳам анча қизиқарли эпизодлар тақдим эта олиши, шубҳасиз.
Дадажон Фозилжонов тайёрлади