Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Бўлажак "шерлар": Англиянинг 10та умиди, ёш футболчилари

Баҳо:
+ | -

Англиядаги футболчилар орасида ажойиб авлод етишиб чиқмоқда. Уларнинг кўпчилиги терма жамоада бир неча бор ўйнашган, аммо  улар аллақачон ўз клубларида таниқли ўйинчиси бўлишга ҳам улгурган. Ушбу футболчиларнинг ҳар бири клуб даражасида ҳам, миллий терма жамоада ўйнаш учун ҳам яхши имкониятлар мавжуд. Англия миллий терма жамоаси устози Гарет Саутгейт кўплаб инглиз футболчиларини, айниқса ёшларини кузатиб боради. Мутахассис улардан кейинчалик терма жамоанинг асосини ташкил қилиш мумкинлигини тушунади. Ҳозир биз сизларга, келажакда Англия жамаосининг келажаги бўлиши кутилаётган, 10 нафар истиқболли футболчилар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Дин Хендерсон («Манчестер Юнайтед» 21 ёш)


Кўпгина инглиз клублари Хендерсонни ўз сафларига қўшиб олишни хоҳлашмоқда. Шубҳасиз, уларнинг кўпчилиги «Манчестер Юнайтед» жамоаси дарвозабонининг ёрқин келажаги ҳақида билишмоқда. Бироқ, ёш дарвозабон «Манчестер Юнайтед» билан шартномани узайтиришга қарор қилди. Хендерсон жамоадаги рақобатдоши бўлган Давид де Хеа билан асосий таркиб учун курашиш қийин бўлишини сезмоқада, аммо ёш кипер рақобатлашишдан сира қўрқмаслиги ҳақида гапирди ва «манкунианлар» билан шартномани узайтиришга қарор қилди. Ҳендерсон нафақат «Манчестер Юнайтед»нинг, балки Англия терма жамоасининг ҳам келажакдаги биринчи рақамли дарвозабони бўлиши кутилмоқда. Ҳозирда у «уч шерлар» дарвозасининг бош посбони ролини бажариш учун жуда истиқболли вариант сифатида кўрилмоқда. Ҳозирча Динда терма жамоада бор-йўғи 1 та ўйин бор, аммо у ҳали ҳам ўзини кўрсата олиш имкониятига эга.

 

Трент Александр-Арнольд («Ливерпул» 22 ёш)

Трент атиги 22 ёшда, аммо у аллақачон «Ливерпул»нинг асосий таркиб ўйинчидир, аммо уни бунга эришиш жуда қийин кечган. Шуниси эътиборга лойиқки, Александр-Арнольд ҳеч қачон бошқа жамоаларга ижарага берилмаган. «Қизиллар» уни 2016 - йилдан бери асосий таркибдаги ўйинларга жалб қилиб келмоқда. Терма жамоа сафида Трент дебютини 2018 - йилнинг июнь ойида ўтказган. Бугунги кунга қадар ҳимоячи 12 марта Англия терма жамоаси сафида майдонга тушиб, 1 гол уришга эришган. Аммо терма жамоага рақобатлашадиган футболчилар талайгина. Арнольд «уч шерлар»нинг ўнг қанот ҳимоясида Кайл Уокер ва  Триппер билан жиддий рақобат олиб боришга тўғри келади. Чунки икки футболчи ҳам ўз клубида асосий таркиб ўйинчиси ҳисобланади ва АПЛнинг деярли барча учрашувларида майдонга тушишади. Лекин иккала футболчи ҳам аллақачон 30 ёшда эканлигини ҳисобга олсак, бу футболчилар миллий жамоада унча кўп қолмаслигини сезиш қийин эмас.

 

Деклан Райс («Вест Хем» 22 ёш)

Англияда ёш футболчиларни жуда ҳам қадрлашади. «Вест Хем» жамосининг футболчиси Деклан Райс шулар жумласидандир. Мазкур футболчи 22 ёшда бўлишига қарамай, аллақачон «тақачилар»нинг сардори бўлиб, терма жамоада ҳам 10та ўйинда қатнашишга улгурган. Деклан ҳақиқатан ҳам ўз позициясида яхши ўйинлар намойиш этади, шунинг учун топ-клублар уни ўз жамоасига қўшиб олишга ҳаракат қилмоқда. Ярим ҳимоячи Англия терма жамоасида ҳали жиддий тўсиқларга дуч келмади. Позиция жиҳатидан олсак, «уч шерлар»да таянч ярим ҳимоячилар унчалик кўп эмас. Райснинг футболдаги иқтидори сабаб, унинг ўсиши ва қобилиятини намойиш этиш қайин бўлмаяпти. Шу сабабли, клуб даражасида, ҳам халқаро миқиёда ҳам ўзини кўрсатиши осон кечмоқда.

Фил Фоден («Манчестер Сити» 20 ёш)

Фоден Англиядаги 1-рақамли истеъдодли ва ёш футолчилардан бири ҳисобланади. «Манчестер Сити» тарбияланувчиси бир неча йилдан буён ўзини ҳар томонлама намойиш этмоқда ва айниқса бу мавсумда «шаҳарликлар» учун фойдаси кўп тегмоқда. Филипп ҳозиргача, Англия терма жамоси таркибида атиги 2та учрашувда майдонга тушган, аммо бу йил «Манчестер Сити»да кўрсатаётган ўйинларидан сўнг, Саутгейт кейинги учрашувлардан Фоденни «уч шерлар»нинг асосий футболчисига айлантириши тобора равшанлашмоқда. Фоденнинг фойдали жиҳатлари жуда кўп. Хусусан, у ярим ҳимоядаги ҳар қандай позицияда ўйнай олади, қолаверса ўзини ҳужумда ҳам яхши ҳис қилади. Бундай футболчининг таркибда борлиги «Уч шер»га қўшимча куч бериши, шунингдек жамоа хилма-хил ҳужумларида ёрдам бериши тайин. Саутгейт Фодендаги иқтидордан, мамлакатнинг бош жамоасининг ёрқин ўйинлари учун максимал тарзда фойдаланиши аниқ.


Жуд Беллингхем («Боруссия Д» 17 ёш)

Беллингхем «Боруссия Дортмунд» билан яхши мавсумни ўтказмоқда. Инглиз футболчиси «арилар»нинг Чемпионлар Лигасидаги барча учрашувларида деярли тўлиқ ҳаракат қилган. Қолаверса, Бундеслигада учрашувларнинг 3 мартасида захирада қолдирилган. Бир томондан, Жуднинг терма жамоадаги ёрқин келажак ҳақида гапиришга ҳали эрта. Йигитча ҳали 17 ёшда ва у «учта шерлар»нинг атиги 1та ўйинида майдонга тушган. Аммо бу футболчини, узоқ муддатдан бери жамоанинг ярим ҳимоясида ҳаракат қилаётган Жордан Хендерсонга ўринбосар сифатида фойдаланиш мумкин. «Ливерпуль» футболчиси ҳисобланадиган Хендерсон ҳозирда 30 ёшда. Тажрибали футболчининг ёши ўтган сайин, тобора кўпроқ жароҳатлар билан боғлиқ муаммога дуч келмоқда. Айнан шундай қийин вазиятда, Беллингхемни унинг ўринида ўйнатиш мақсадга мувофиқ. Гарет Саутгейтда ҳам унинг бор иқтидоридан, етарли даражада фойдаланиш имконияти бор. Шундай экан, нима учун унинг Англия терма жамоасининг келажаги демаслигимиз мумкин?!

 

Букайо Сака («Арсенал» 19 ёш)

Сака ўзининг Англия Премер лигасидаги иккинчи мавсумини «Арсенал»нинг асосий таркиб ўйинчиси сифатида ўтказмоқда, қолаверса ҳар бир майдондаги учрашувларида фойдали ишларни амалга оширмоқда. Истеъдодли футболчи Микель Артетанинг кўп қиррали ҳужум қуроли ҳисобланади. У иккала қанотда, ҳам ҳужумкор ярим ҳимоячи, ҳам қанот ярим ҳимоячиси сифатида ўйнай олади. Жорий йилги мавсумда Сака мунтазам равишда майдонга тушиб келмоқда, қолаверса «кононирлар» таркибида Англия ва Европанинг энг яхши жамоаларига қарши учрашувларда тажриба тўплаб келмоқда. Асосийси, иқтидорли йигитча тўпни умуман қизғонмаслиги ва жамоасининг кўплаб голли ҳужумларида иштирок этиши тақсинга лойиқдир. У АПЛдаги сўнгги 1.5 мавсумда, энг фойдали ўйинчилари қаторида эътироф этилаётганини ҳам айтиб ўтиш, жоиз. Англия терма жамоаси таркибида, ярим ҳимоячи шу пайтгача атиги 4та ўйин ўтказган, аммо бу учрашувларнинг сони жорий йилда кўпайиши аниқ. Ёш футболчининг майдондаги ютуқлари яққол сезилиб турибди, шунинг учун уни ҳар томонлама майдонда ўзини кўрсатиши учун имконият яратш зарур.

 

Мейсон Маунт («Челси» 22 ёш)

Сўнгги пайтларда «Челси» трансферлар учун юз миллион фунт стерлинг атрофидаги маблағни сарфлади. Шундай бўлсада, мутахассислар «аристократлар» тарбияланувчиси ҳисобланган Мейсон Маунтни жамоанинг энг яхши ўйинчиси деб аташмоқда. «Челси»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси ҳақиқатан ҳам ажойиб ўйинлар кўрсатмоқда. Футболчидан Френк Лэмпард муҳим ўйинчи сифатида фойдаланди ва бу ҳолат Томас Тухел қўл остида ҳам давом этмоқда. Маунт ҳам мос равишда, ўзига билдирилган ишончни ортиғи билан бажармоқда. Ёш иқтидор Англия терма жамоаси таркибида 10та ўйинда майдонга тушган, шунингдек ўз ҳисобига 2 марта гол ҳам ёздириб қўйишга эришаган. Ҳозирда «уч шерлар» таркибида ҳужумкор ярим ҳимоячилар унчалик кўп эмас, шунинг учун «Челси» тарбияланувчиси бор имкониятдан фойдаланиб қолиши зарур.

Мейсон Гринвуд («Манчестер Юнайтед» 19 ёш)

Гринвуд Англия Премер Лигасидаги иккинчи мавсумини «Манчестер Юнайтед»нинг асосий футболчилаидан бири сифатида ўтказмоқда. Ушбу мавсумда ёш вингернинг ўйин кўрсаткичлари, аввалги мавсумга нисбатан анча пастдек туюлмоқда, гарчи олдингига қараганда кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлаётган бўлса ҳам. Шунга қарамай, Мейсондан «Манчестер Юнайтед» жамоасининг умиди катта. Англия терма жамоаси сафида футболчи шу пайтгача 1 марта майдонга тушган. Чунки, Гринвудга Жадон Санчо деган футболчи рақобатчилик қилмоқда. Йигитча терма жамоада ўзни ҳар томондан кўрсатиш учун ҳали кўп иш қилиш керак. «Манчестер Юнайтед» тарбияланувчиси «уч шерлар»нинг ҳужум чизиғига ранг-баранглик олиб келиши тайин ва бунинг учун, унда етарлича вақт мавжуд.

Жейдон Санчо («Боруссия Д» 20 ёш)

Санчо эҳтимол юқорида кўрсатилган барча ёш футболчилар орасида энг тажрибали ва иқтидорилиси бўлиши мумкин. Чунки Дортмунднинг «Боруссия» жамоаси вингери 3 йилдан буён юқори савияда ўйнаб келмоқда. Жадон «арилар»нинг лагернинг асосий футболчилардан бири ҳисобланади. Бундеслигадаги ўтган икки мавсум давомида, Жадон гол уриш бўйича, 29 ва 33 очко тўплаган эди. Шунингдек, бу даражага футболчи 18 - 19 ёшларида эришганини ҳам айтиб ўтиш зарур. Англия терма жамоаси сафида Санчо ҳозиргача 18та учрашув ўтказган бўлиб, шу ўйинлар доирасида 3 мартасида рақиблар посбонини хафа қилишга эришган. Бу ўйинчи Саутгейт учун ажойиб топилма ҳисобланади. Жадон чап қанотда ҳам, ўнг қанотда ҳам, қанот ярим ҳимоячиси сифатида ҳам ўйнаши мумкин. «Боруссия»да эса кўпинча ҳужумкор ярим ҳимоячи сифатида майдонда ҳаракат қилади. Бундай кўрсаткичлар ва ўйин сифатидан шуни айтишимиз мумкинки, Англия терма жамоасидаги 11 нафар футболчидан бири, айнан Санчо бўлиши аниқ.

 

Доминик Калверт-Льюин («Эвертон» 23 ёш)

Калверт-Льюин жорий мавсумда ўзини ҳар томондан кўрсатган, энг яхши англиялик ёш футболчи бўлди дейиш мумкин. «Эвертон» ҳужумчиси деярли ҳар бир ўйинда гол уриб, 2020/21 ­­­­­- йилги мавсумни ажойиб тарзда бошлади. Гарчи, ҳозирга келиб футболчининг кўрсаткичи бироз пасайган бўлса ҳам, унинг статистикаси жуда яхши кўринишда. Ҳужумчи жорий мавсумда Премер Лига доирасида 13та гол уришга эришган. Доминик терма жамоадаги дебютини яқинда, 2020 - йилнинг октябрида ўтказди. Иқтидорли футболчи «уч шерлар» таркибида ҳозиргача 3та ўйин ўтказди ва 2та гол урди. Бу ажойиб натижа, шундай эмасми? Англияда рақобатбардош ҳужумчилар танлови юқори, аммо Калверт-Льюин майдонда умуман улардан кам эмас ва буни исботлашга эришган ҳам.


Жамшиджон Маҳмудов тайёрлади.

Киритилди: 08:30, 07.03.2021.
Ўқилди: 6641 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.