Бугундан Европа Лигаси доирасидаги дастлабки нимчорак финал учрашувлари старт олади. Шубҳасиз, ушбу босқичнинг энг марказий баҳси бугун «Олд Траффорд»да ўтказилиб, унда Милан шаҳрининг бош жамоаси «орзулар театри»да меҳмон бўлади. Бироқ бизни бугун тунда яна бир қизиқ баҳс кутиб турибди. Чемпионлар лигасидан ушбу мусобақага йўл олган «Олимпиакос» Лондоннинг «Арсенал» жамоасини меҳмон қилади.
«Олимпиакос»
Жамоа ушбу мусобақага юқорида таъкидланганидек, Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида 3 ўринни олган ҳолда келиб қўшилди. «Қизил-оқлар» ЕЧЛда «C» гуруҳидан жой олиб, деярли барча учрашувларда мағлубиятга учради. Биргина «Марсель» устидан қозонилган ғалаба тўплар нисбатига кўра грек жамоасига сўнгги имкониятни тақдим этганди. Европа Лигасининг дастлабки плей-офф босқичида «Олимпиакос» анчайин мураккаб рақибга дуч келди. ПСВ билан кечган ҳар иккала баҳс ҳам жамоа учун росмана оғир тўсиқ бўлди десак янгилишмаймиз.
Биринчи учрашувдаёқ 4:2 ҳисобидаги ишончли ғалабага эришган «Олимпиакос» жавоб баҳсида рақибига имкониятни бой бериб қўйганидан хабарингиз бор (1:2). Шу тариқа анчайин мураккаб рақибини мусобақадан чиқариб юборган жамоа бугун ундан ҳам мавҳум ва жиддийроқ тўсиққа дуч келмоқда. Умуман олганда бу ерда «Арсенал»ни юз фоиз фаворит демасликка асосларимиз етарли. Биринчи навбатда «Олимпиакос» ўз ички чемпионатида яққол карвонбошиликни қўлга олган. Жамоа иккинчи ўриндаги энг яқин таъқибчиси «Арис»дан нақ 16 очко илгарилаб кетган.
Тўғри, Греция Суперлигаси мавқе ва нуфуз жиҳатидан АПЛдан анча ортда эътироф этилиши мумкин. Бироқ бу «Олимпиакос»нинг савиясини буткул пастки даражага тушира олмайди, ҳар қалай бу йилги натижалар шуни кўрсатмоқда. Ушбу жамоа ўз уй учрашувларида 8 та ўйиндан иборат ғалабали серияни қайд этмоқда. Бироқ уларнинг ҳеч бири халқаро майдонда гранд жамоалар устидан қўлга киритилмаган («Порту» ҳамда «Ман Сити» билан кечган муваффақиятсиз тўқнашувлар). Шу билан бирга бу серия давомида жамоа ўз дарвозасидсн атиги 3 та гол ўтказиб юборган. Ушбу натижалар «Олимпиакос» учун муҳим баҳс олдидан бироз бўлсада ишонч бериб туриши турган гап.
Сўнгги учрашувлар : Ғ - Д - М - Ғ - Д - Ғ
Тахминий таркиб: (4-3-3): Жозе Са – Рябчук, Ба, Сократис, Лала – Бухалакис, Камара, М'Вила – Вальбуэна, Эль-Араби, Брума
Қатнаша олмайди: Семеду, Врусаи, Пападопулос.
«Арсенал»
Лондон жамоасини ўз мухлислари ҳам айни пайтда эгаллаб турган позицияларидан ажабланмай қўйишган. Чунки «кононирлар» ҳозирда АПЛ турнир жадвалида 38 очко тўплаб 10 ўринни банд этишган. Артета клубини анча стабил формага солиб олди, ҳар қалай жамоа гранд клублар билан баҳсларда аввалгидек ёмон ўйнамаяпти. Бироқ энди бизнингча ҳам жамоа еврокубоклар учун йўлланма берувчи зоналардан умидини узиб бўлган (орада 12 очколик фарқ мавжуд).
Артетанинг ягона илинжи ҳам биргина мана шу Европа лигаси бош соврини бўлса ажаб эмас. Қизиқ томони уларга дуч келган рақиб «Арсенал»нинг ўзи билан ўтган йили ҳам плей-офф босқичида ўзаро учрашишган. Бироқ ўшанда икки ўйин натижасига кўра грек жамоасининг қўли баланд келган эди. Артетанинг сўнгги ўйинларда танлаётган тактик схемасига эътибор қаратадиган бўлсак, у хилма-хил режаларга қўл урмоқда. Бунга асосий сабаб қилиб тиғиз тақвимни келтиришимиз мумкин. Жамоа сўнгги икки ҳафта мобайнида 4 марта расмий ўйинларда майдонга тушди.
Бу эса лазарет лентаси узайиб бораётган ёш клубнинг захира ва мураббий имкониятларини анча чегаралаб қўйган. Шу билан бирга худди рақибда бўлганидек, «Арсенал»нинг ҳам мусобақага доир бир қанча ижобий статистикалари мавжуд. «Тўпчилар» Европа лигаси доирасидаги сўнгги 10 та баҳсда умуман мағлубиятга учрамаган. Хусусан, 5 та сафар ўйинининг 4 тасида ғалаба қозонишнинг ҳам уддасидан чиққан. Ўз навбатида «Олимпиакос» ҳам инглиз жамоаларига қарши кетма-кет 4 та уй учрашувида фақат мағлуб бўлиб келмоқда. Албатта, бу каби катта-кичик факторлар «Арсенал»ни муҳим баҳс олдидан бироз бўлсада фаворитга айлатириши турган гап.
Сўнгги учрашувлар : Ғ - Д - М - Ғ - Ғ - Д
Тахминий таркиб: (4-3-3): Лено – Беллерин, Луис, Габриэль, Тирни – Себальос, Джака, Эдегор – Виллиан, Обамеянг, Сака
Қатнаша олмайди: Рунарссон, Смит Роу.