АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов "Насаф"га қарши бўлиб ўтган Суперлиганинг 2-тур баҳсидан сўнг ўз фикрини билдириб ўтди.
«Авваламбор, ўзбек халқини келаётган Наврўз байрами билан жамоам ва ўзимни номимдан табриклайман. Бугун бир-бирига муносиб икки жамоа ўзаро курашди. Икки хил тайм гувоҳига айландик. Биринчи бўлимда "Насаф" яхши ҳаракатланди ва гол уриб яна вазиятлар яратди. Дастлабки таймда жамоамни ўйини чиқмади. Иккинчи таймда эса аксинча, АГМК ўйинни ўз қўлига олиб, баҳсни назорат қилди. Шунингдек, ҳисобдан келиб чиқиб "Насаф" иккинчи бўлимда қарши ҳужумда ўйнади. Охирги 45 дақиқаликни "Насаф"га қараганда яхшироқ ўтказиб, гол урдик. Учрашув ҳақиқатдан ҳам дурангга мос бўлди.
Шу ўринда жароҳат олиб операция бўлган Рўзиқул Бердиевга соғлик тилайман. Фахрийлар ўртасидаги ўйинда мени чақирмагани учун жароҳат олган (кулади). Бу борада ўзаро суҳбатлашиб, ҳазиллашиб ҳам олдик. Қайд этиш керак, Бердиев ўтган йилги таркибдан кетган 2-3 нафар футболчиларни ўрнини захирада қолган ўйинчилар билан тўлдириб, яхши жамоа шакллантирмоқда.
Фаворит? Ўзбекларда бир яхши гап бор: жўжани кузда санаймиз. Тахмин қилишни ёқтирмайман. Ким кўпроқ омадли бўлса, чемпионатни имкон қадар йўқотишларсиз ўтказиб, максимал очко тўпласа ўша жамоа чемпион бўлади. Ўйлашимча, 5-6 жамоа чемпионлик учун курашади.
Легионерлардан кўнглим тўляптими? Мураббийни ҳеч қачон кўнгли тўлмайди. Агарда мураббийни кўнгли тўлса, унда ишлашни тўхтатиб, футболдан кетиши керак.
Бизни апрелда "Ал-Ғарафа" билан жиддий ўйин кутмоқда. Мақсад гуруҳ босқичига чиқиш. Бизда энди чемпионат бошланди, Қатарда эса мавсумнинг қизғин палласи. Лекин бу баҳона эмас. Қўл остимдаги футболчиларга ишонаман ва бўлажак баҳсга тайёргарлик кўрамиз. Ҳаммаси майдонда ҳал бўлади. АГМК ОЧЛ гуруҳ босқичига чиқишга астойдил ҳаракат қилади ва буни жуда истамоқда.
Трансфер ойнасида кимни олмоқчи эдигу ва ололмадик? Бу сирлигича қолаверсин. Энди уни кимлигини ошкор этишни фойдаси йўқ. Мен ҳозирги мавжуд таркибдаги футболчиларга ишонаман. Бизда ҳам таркибнинг катта қисми ўзгарди ва ўтган йилгига нисбатан 9 нафар футболчи жамоани тарк этди. Биз имкон қадар уларни ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилдик», — деди Қосимов.