Куни кеча Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров бошчилигидаги делегация юртимизга ташриф буюрди. Ташрифдан кўзланган асосий мақсад 5-7 апрель кунлари Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар марказида ўтказиладиган халқаро саноат кўргазмасида иштирок этиш. Унда иштирокчи мамлакатлар ва компаниялар ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, саноатни ривожлантириш ва қўшма корхоналар ташкил этишнинг янги имкониятларини кўриб чиқилади.
Бугун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши спорт сектори раҳбари Дилшод Ҳаитметов ҳамроҳлигида Свердловск вилояти жамоат палатаси раиси, ўз вақтида «Урал» футбол клубида вице-президент лавозимида фаолият юритган Левин Александр Юрьевич «Бунёдкор» футбол клубига ташриф буюрди. Меҳмонларни «Бунёдкор» директори Улуғбек Мирзаев кутиб олди
Мартабали меҳмон ташрифни «Бунёдкор» академиясидаги шароитлар билан танишишдан бошлади. Сўнг асосий жамоамизнинг машғулотларини кузатган россиялик меҳмонлар «Бунёдкор» стадиони ва музейини ҳам кўздан кечиришди. Клубимиз директори, Александр Юрьевични ўзбек футболи билан таништирар экан, ўз навбатида мартабали меҳмон ўз зукколиги билан мезбонларни ажаблантирди. Яъни у собиқ Иттифоқ чемпионатида мамлакат етакчиларининг «бош оғриғи» бўлган халқ жамоаси - «Пахтакор» ва унинг ўйинчиларини, хусусан, Геннадий Красницкий ҳақида яхши билишини айтиб ўтди. Қолаверса, мустақиллик йилларида ўзбек футболи эришган ютуқларини ҳам эслади. Шунингдек, ўз вақтида жаҳон юлдузлари Криштиану Роналду ва Лионель Мессининг Тошкентга ташрифи, Ривалдо каби «Олтин тўп» соҳибини «Бунёдкор» либосида тўп сурганини ҳам ёд олди.
Маълум муддат Россия премьер лигаси иштирокчиси бўлган жамоада вице-президент лавозимида ишлаган, катта футболнинг ҳавосини тушунган Александр Юрьевич билан «Бунёдкор» ва «Урал»нинг ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, ҳар иккала клубнинг академия жамоалари навбати билан Тошкент ҳамда Екатеринбург шаҳарларига ташрифини амалга ошириш бўйича келишиб олинди. Хабарингиз бор, 2020 йил «Бунёдкор» ташкил топганига 15 йил бўлди. Катта тантаналар билан нишонлаш мақсад қилинган мазкур юбилей пандемия сабабли қолдирилган эди. Александр Юрьевич билан учрашув чоғида 15 йиллик юбилей яна эсга олинди ва тадбирга «Урал» жамоасининг асосий таркиби келиши бўйича дастлабки музокаралар ўтказилди. Аҳамиятлиси, Александр Юрьевич ўз сафида турли терма жамоаларнинг аъзолари бўлган «Урал»нинг Тошкентга тўлиқ таркиб билан келишини хоҳлашини айтиб, мазкур тадбирни ФИФА кунларида ўтказмасликни сўради. Акс ҳолда асосий ўйинчилар терма жамоаларига жўнаб кетиши боис, Ўзбекистонга энг кучли таркиб билан кела олмаслигини таъкидлади.
Учрашув якунида россиялик меҳмон Улуғбек Мирзаев бошчилигидаги «Бунёдкор» делегациясини Екатеринбургга таклиф қилди.