Хориж клубларида ўйнаётган ўзбекистонлик легионерларнинг ўтган ҳафтадаги иштирокларига назар ташлаймиз.
«Уфа»да энг яхшиси - Ўрунов.
Ўзбекистон миллий жамоаси ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов «Уфа» мухлислари сўрови якунига кўра, жамоанинг февраль - март ойларидаги энг яхши футболчиси бўлди. Бошқирдистон клубига «Спартак» (Москва)дан ижара келишуви асосида қайтган вакилимиз 45 фоиз овоз тўплаб, ҳужумчи Тимур Жамалетдинов ва дарвозабон Александр Беленовни ортда қолдирди.
Остон бу даврда РПЛ доирасидаги 4та ўйинда 1та голга ассистентлик қилишдан ташқари, тўпни рақиблардан 12 марта олиб қўйди, 29 марта муваффақиятли дриблинг ишлатди. Шунингдек, унинг 86 фоиз узатмаси аниқ чиқди. «Уфа»нинг апрель ойидаги илк ўйинига келсак, жамоа РПЛ 24-турида Москвада «Динамо» меҳмони бўлиб, 0:4 ҳисобида ютқазди. Бошланғич таркибда майдонга тушган Остон Ўрунов 67-дақиқада ўз ўрнини Артём Голубевга бўшатиб берди. Айтиш жоиз, «Уфа»нинг чемпионат доирасидаги ғалабасиз серияси 6та ўйинга етди. Бошқирдистон клуби айни ҳолатда 14 очко билан 15-ўринни банд этиб турибди. Охирги хабарларга қараганда, сўнгги 7та ўйиндан 6тасини бой берган «Уфа» бош мураббийи Рашид Рахимов истеъфога чиқарилди. Зеро, жамоа бу оралиқда 1та гол уриб, 12та қўйиб юборди. Клуб бош директори Шамиль Газизовнинг айтишича, навбатдаги ўйингача янги бош мураббий тайинланади. Асли тожикистонлик мутахассис «Уфа»да 2020 йилнинг октябрь ойида иш бошлаганди. Жамоа унинг раҳбарлигида 16та ўйинда майдонга тушиб, 4та ғалаба, 2та дуранг ва 10та мағлубият қайд этди.
Игорь Сергеев ҳам эътирофда.
Игорь Сергеев эса «Актобе»нинг март ойидаги энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси 10 нафар футболчи номзоди кўрсатилган махсус сўровда 29, 3 фоиз (201та) овоз олди. Кейинги ўринлар франциялик Тонго Думбия (26,83 фоиз) ва жамоа тарбияланувчиси Алишер Ажимов (12,1 фоиз)га насиб этди. «Актобе» Қозоғистон чемпионати 3-турида мавсумдаги илк ғалабасини нишонлади. Игорь Сергеев 62 дақиқа ҳаракатланган «Атирау»га қарши сафар баҳсида меҳмонлар 3:1 ҳисобида устун келишди. «Актобе» дастлабки 2та турда ҳам дуранг натижа билан чекланган эди.
Қойил, Шаҳбоз Умаров.
Беларусь чемпионати Олий Лигаси 3-тури ҳамюртимиз Шаҳбоз Умаровга жуда омадли келди. У «Гомел»га қарши кечган уй учрашувининг 51 ва 53-дақиқаларида 2та чиройли гол уриб, БАТЭнинг ғалабаси (3:2)да катта роль бажарди. Ваҳоланки, ҳамюртимиз ўйинга танаффусдан кейин қўшилганди. Чемпионат пешқадами «Шахтёр» ҳам ғалабани тантана қилди. Солигорскликлар ўз майдонларида «Ислочь» дарвозасига жавобсиз 4та гол йўллашди. Жамоа сафидаги ҳужумчимиз Шаҳзод Убайдуллаев бу сафар 74-дақиқада захирадан майдонга тушди.
Атиги 83-дақиқада...
«Женоа» Италия «А» серияси 29-турида «Фиорентина»ни қабул қилиб, ғалаба қозониш учун юзага келган ажойиб имкониятдан фойдаланолмади. Биринчидан, генуяликлар тезкор гол уришди, аммо кўп ўтмай, меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришди. Иккинчидан танаффусдан сўнг «Фио» етакчиларидан бири Франк Рибери майдондан четлаштирилди, бироқ «Женоа» сон устунлигини натижага кўчиролмади. Боз устига, миллий жамоамиз йиғинидан қайтган Элдор Шомуродов атиги 83-дақиқада майдонга туширилди.
Жалолиддин, асло бўшашма!
Ўзбекистон миллийжамоасининг охирги ўртоқлик ўйинларида яхши таассурот қолдирган Жалолиддин Машарипов «Шабаб Ал-Аҳли» сафида ҳам тобора кучли ўйнамоқда. БАА Про-лигасида ғолиблик учун курашаётган «Шабаб Ал-Аҳли» 23-турда «Ал-Фужайра»ни ирода эвазига енгди - 3:2. Бош қаҳрамон - айнан Машарипов. Бошланғич таркибдан жой олган ҳамюртимиз аввалига Муҳаммад Жума голига ассистентлик қилди, кейин чап қанотдан жарима майдонига ёриб кириб, пенальти ишлади (бироқ Карлос Эдуардо 11 метрли жарима зарбасидан фойдаланолмади). Ўйиннинг асосий вақти тугаётган паллада эса, Жалолиддиннинг ўзи бурчакдан узатилган тўпни боши билан дарвозага тўғрилаш асносида жамоаси ғалабасини таъминлади. «Шабаб Ал-Аҳли» сафидаги яна бир вакилимиз - Одил Ҳамробеков эса 39-дақиқадаёқ алмаштирилди. «Хатта» ўз мухлислари кўз ўнгида «Ал-Дафра»ни енголмади - 2:2. Мезбон жамоа ярим ҳимоячиси Достон Ҳамдамов бу ўйиннинг 80-дақиқасигача фаол ҳаракатланди. «Шаржа» - «Банияс» баҳсида ҳам дуранг натижа қайд этилди - 1:1. Айни пайт турнир жадвали 4-ўрнида бораётган шаржаликлар вакили Отабек Шукуров доимгидек, тўлиқ вақт давомида тиним билмади.
U-21 ўйинида гол, бироқ...
«Рух» сафига қўшилганига кўп бўлмаган ҳужумчимиз Бобур Абдухолиқов U-21 доирасида «Заря»га қарши кечган ўйинни ажойиб гол билан безаганига қарамай, яна асосий жамоадан четда қолди. Тўғри, у Украина Премьер-лигаси 20-туридан ўрин олган «Рух» - «Заря» учрашуви қайдномасига киритилди, аммо майдонга туширилгани йўқ. Боз устига, ўйинда мезбонлар 0:2 ҳисобида енгилишди. Кетма-кет 3та турда мағлубиятга учраган «Рух» атиги 13 очкога эга ва жамоа аутсайдерлар қаторида.
Камтарона кўрсаткичлар.
Жанубий Кореядаги ҳамюртларимиз ўтган ҳафта айтарли натижа қайд этишмади. Жумладан, Жамшид Искандеров «К»-1 лига 7-туридан ўрин олган «Сеонгнам» - Ульсан Хюндай» ўйини (0:1)нинг иккинчи бўлими бошида майдонга тушиб, жамоасини мағлубиятдан қутулиб қолишига ёрдам беролмади. Рустам Aшурматовнинг жамоаси - «Канвон» эса сафарда «Сеул»ни ягона гол эвазига енгди. Ҳамюртимиз бу ўйиннинг 67-дақиқасидагина майдонга тушди ва якунда сариқ карточка ҳам олди.