Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

А Серияда ЕЧЛ учун кураш авжида. Гасперини болалари Роналдусиз «Ювентус»га қарши (превю)

Баҳо:
+ | -

Бироздан сўнг, аниқроғи 18:00да Италия А Серияси 31 туридан ўрин олган «Аталанта» ҳамда «Ювентус» жамоалари иштирокидаги учрашув бўлиб ўтади. Ушбу қарама қаршилик атрофида бирлашадиган муҳим омиллар талайгина.

Аввало, ўйинга алоқадор воқеалар ҳақида тўхталадиган бўлсак, биринчи ўринда жамоаларнинг турнир жадвалида эгаллаб турган ўринларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. 31 турга «Ювентус» 62 очко билан 3 ўринда етиб келмоқда. «Аталанта» эса улардан бир очкогина кам тўплаган ҳолда «кекса синёра»ни таъқиб этишда давом этади.

Ҳа, А Серияда анчайин қизиқ ва чалкаш ҳолат юзага келган. Кўриб турганингиздек, кетма-кет 9 йил «скудетто»ни ҳеч кимга бермаган «Ювентус» бу мавсум энди Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи зоналар учун курашиб юрибди. Ушбу турда уларнинг айнан энг принципиал рақибларига тўқнаш келиши эса ўйинга бўлган интригани кескин ошириши шубҳасиз. Демак, бугун ҳар иккала жамоа мухлислари ҳам кескин ва курашларга бой, мантиқий жиҳатдан кўп нарсаларни ҳал этиб берувчи учрашувни кўришга шай бўлиб туришган бўлса ажаб эмас.

«Аталанта»

Бергамо жамоасининг айни дамдаги ҳолати ва сўнгги ўтказган ўйинлар статистикаси бугунги рақибиникига қараганда бирмунча яхшироқ. «Аталанта» А Серия доирасида ортда қолган 6 учрашувнинг 5 тасида ғалаба қозонишга эришди. Ўша қайд этилган биргина мағлубият эса мамлакат чемпионлиги учун дадил қадам ташлаётган «Интер»дан қабул қилиб олинди. Умуман олганда «Аталанта»нинг жорий мавсумдаги ўйинларида ўсиш борлиги сезилиб турибди. Гасперини энди секин-аста шогирдларига иккинчи жамоа бўлиб ўйнаш кўникмасини сингдиряпти.

Ҳар қалай энди биз ўтган йилгидагидек қанча гол урса рақибларига ҳам шунча гол уриш имконини тақдим этадиган «Аталанта»ни кўрмаяпмиз. Қимматли очколар ва муҳим натижалар ишонч билан қайд этиб бориляпти. Дарҳақиқат Гасперинининг имзоси айниқса мавсумнинг иккинчи қисмида яққол кўзга ташланяпти. Жамоа ортда қолган иккинчи давра баҳсларида ҳар бир ўйин ҳисобига ўртача 2,27 очко йиғиб борган. Голлар борасидаги сермаҳсуллик ҳам чакки эмас (тўплар нисбати 33, бу борада «Интер»дан кейинги поғона). Тўпурарлар пойгасида ҳам биз кучли учликда «Аталанта» аъзосини кўришимиз мумкин. Ҳозирча Луис Муриэль ҳисобида 17 та гол мавжуд.

Бундан ташқари бергамоликларда қолган зоналардаги боғламлар ҳам анча яхши шаклланган. Хусусан, Руслан Малиновский бошлиқ чап қанот Европа кучли бешлик чемпионатларида гол+пасс бўйича юқори ўринларда кетмоқда. Жумладан, украиналик футболчи ўзи майдонга тушган сўнгги 3 ўйинда шерикларини 5 та голли узатма билан таъминлади. Албатта, бу ўртамиёна даражадаги клуб аъзоси учун анча яхши кўрсаткич. Бугунги баҳсда «Аталанта»нинг асосий қуроли ҳам айнан кучли прессинг ва хавфли ҳужумлар бўлса ажаб эмас. Зеро, бунга «Ювентус»даги баъзи бир йўқотишлар ҳам ёрдам бериб юбориши мумкин.

«Ювентус»

«Ювентус» ушбу тургача анвойи ҳолатда етиб келди. Жамоа сўнгги 5 та ўйиннинг атиги 3 тасида ғалаба қозона олди. Тўғри, бу «Ювентус»нинг ҳозирги формасидан келиб чиқсак, умуман ажабланарли ҳолат эмас. Аутсайдер клубларга бой берилган очколар («Кротоне»га мағлубият!) сўнгги кунларда бош мураббий Пирлонинг курсисини анча қимирлатиб қўйган эди. Тан олиш керак, «кекса синёра» бу йил энг ёмон мавсумларидан бирини ўтказмоқда. Бироқ шунга қарамай раҳбарият ёш ва тажрибасиз Пирлога яна бир бор имконият беришга қарор қилди.

Кутилганидек, «Наполи» билан ўтилажак қолдирилган баҳс натижаси италиялик мутахассиснинг келажагини узил-кесил ҳал этиб бериши кўзда тутилди. Якунда шундай ҳам бўлди. Бироқ учрашувда «Ювентус» ғалаба қозонди ва Пирло лойиҳаси яна давом этади. Лекин шунга қарамай бу жамоанинг кўпчилик мухлисларига унчалик манзур бўлмади чоғи «Pirlo out» баннерларини ҳалиям кўрмоқдамиз. Дарҳақиқат, шонли тарихга эга клубни аввалги шоҳсупасига қайтариш учун каттароқ амбицияларга эга мураббий керак ҳозир. Кейинчалик нима бўлиши ҳозирча ҳеч кимга маълум эмас. Аммо бир нарса аёнки, «Ювентус» мавсумдан мавсумга турли антирекордлар қайд этиб боришдан чарчамаяпти.

Мана, кетма-кет иккинчи йилдирки, Чемпионлар лигаси нимчорак финалидан узоққа борилгани йўқ. Ушбу мавсум учун «янгилик» сифатида энди жамоа деярли чемпионлик учун курашдан чиқиб кетиб бўлди. Мамлакат чемпионлиги ҳаддан зиёд баъдига уриб кетган мухлислар учун бу албатта кутилмаган ва қўрқинчли воқелик. Раҳбарият ва Роналду ўртасида содир бўлаётган келишмовчиликлар ҳам ўз ўрнида натижаларга қайсидир маънода таъсирини ўтказяпти. Хуллас, барча муаммолар жам бўлиб турган паллада мухлислар ўша қобиқнинг қачондир ҳам ёрилишини диққат билан кузатишмоқда.

«Аталанта» билан ўтадиган баҳслар одатда «Ювентус»нинг фойдасига хизмат қилган. Бергамоликлар охирги марта туринлик рақибларини А Серияда 2001 йилда енгишган. Бироқ бергамоликлар ҳимобида 2019 йилги кубок баҳсидаги ғалаба ҳам мавжуд. Ушбу клублар иштирокидаги сўнгги 20 учрашувнинг 13 таси «Ювентус» фойдасига ҳал бўлган бўлса, 6 марта дуранг қайд этилган. Бироқ «Алаталанта» ушбу рақибига қарши натижаларини йилдан йилга бироз бўлсада яхшилашга эришди. «Ювентус»нинг ўйин услуби таҳлил қилинганда статистик маълумотлар баъзида чалғитувчи ролни ўйнаб қолиши ҳам мумкин.

Чунки бу ерда бир-бирига зид парадокслар мавжуд. «Зебралар» январдан буён ўтказган 12 та ўйинларида атиги 5 та гол ўтказиб юборди. Бироқ бу жамоанинг ҳимояси анча тартибли ўйнамоқда дегани эмас. Хусусан, «Ювентус» сўнгги 7 та учрашувдан бери дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмаяпти. Ҳужумдаги голларнинг асосий қисми эса Криштиану ҳисобига тўғри келади. Бу турган гапки, ҳимоячи ва ҳужумчилар ўртасидаги баланснинг борган сари йўқолиб бораётганини билдиради. Энди нималарнидир ўзгартириш пайти келди. Ташкил этилаётган ҳужумларнинг 90 фоизи Роналдуга йўналтирилаётганлигини ҳатто «Кротоне» ҳам англаб улгурди. Бугун «Ювентус» фақат «Аталанта» билан эмас, балки «Наполи» билан ҳам курашга чиқса ажаб эмас. Нимагалигини яхши биласиз...

Жароҳатдагилар: Хатебур - Роналду

Дисквалификация: Ромеро

Карантинда: Бернардески

 

Юсуфбек Сайдалиев тайёрлади

Киритилди: 16:15, 18.04.2021.
Ўқилди: 3322 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.