Ўзбекистон Coca-Cola кубоги мусобақасининг гуруҳ босқичи 1-туридан ўрин олган "Машъал" — "Металлург" (2:1) учрашувидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Жасур Абдураимов журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
Ўйин ҳақида
— Футбол ҳозир шунақа, ким охиригача чидаса, концентрацияни йўқотмаса ғалаба қозонади. Қўқонда кечган ўйинда биз шу каби ҳолатда ютиб кетгандик. Бугун йигитларда охиригача бўлган концентрация етишмади. Ўйинни кўрдинглар, бугун йигитлар ёмон ўйнамади. Уларга бир оз вақт керак. Мени хурсанд қилган томони йигитлар ҳужумкор ўйин намойиш этмоқдалар. Шундан келиб чиқиб бизда вазиятлар юзага келаяпти.
— Ўйиндаги вазиятларни таҳлил қилиб чиқдингизми?
— Ўйиндан сўнг видео оператордан тасвирларни олиб ўтказиб юборилган голларни кўриб чиқдик. Қаерда хато қилдик, қандай гол ўтказиб юбордик, буларни таҳлил қилдик. Йигитларга ўз хатоларини кўрсатдик, уларга бу каби вазиятларда бошқача ўйнаш кераклигини тушунтирдик.
— "Металлург" кубокда қандай натижани мақсад қилган?
— Жамоамиз олдида ўзимизни ўйинимизни сифатли кўринишга олиб келиш вазифаси турибди. Чизиқлар ва жамоавий ўйинни йўлга қўйиб олсак, сифатли ўйин кўрсатсак натижа ўз-ўзидан келаверади.
— Бугунги ўйинда ҳужумкор ўйин жамоангизга панд бердими?
— Ҳужумда ўйнасак, албатта қарши ҳужумда хавф юзага келади. "Машъал" иккинчи бўлимда қарши ҳужум тактикасига асосланиб ўйнади. Бу футбол, натижага қараб биз ютқаздик. Лекин ўйин томонлама ютдик деб ўйлайман. "Металлург" доим ҳужумкор ўйнайди. Биз ҳозирда қарши ҳужум тактикасига тайёр эмасмиз.
— Иван Нагаев кўрсатган ўйин ҳақида нима дея оласиз?
— Нагаев ҳозирда ўз даражасида ўйнай олмаяпти. Ўйинлар давомида формага тушиб боради. У тезкор футболчи, ўйини чиқса у жуда кучли футболчи бўлади.