“Лацио”дан 33-турда қабул қилиб олинган 0:3 ҳисобидаги мағлубият бир гуруҳ миланистларни ғазабга солган бўлса, бошқа бир гуруҳни тушкунликка туширди. “Милан” мухлисларини тушуниш мумкин. Мавсум ярмидан ортиқ вақт пешқадамлик қилган жамоа 33-турдан кейин 5-ўринга тушиб кетса, ҳар қандай мухлис жиғибийрон бўлиши турган гап. Лекин, умуман олиб қараганда, ҳеч қандай ғайриоддий нарса юз бераётгани йўқ. “Милан” иқтисодий имкониятлари, амалга оширган трансферлари, таркиби ҳисобга олиниб мавсум аввалида башорат қилинган ўринда бормоқда, яъни Чемпионлар лигаси йўлланмасини берувчи 4-ўрин учун курашмоқда.
Менимча, “Милан” мухлислари кўпроқ жамоани қайта қуриш йўлида йўқотилган яна бир йилдан кўпроқ хафа бўлишлари керак. Эсингизда бўлса, ўтган мавсум сўнгида “Милан” Ральф Рагник билан музокалар олиб борган ва ҳатто келишувга ҳам эришган эди. 2019/20 мавсуми охиридаги “ютуқлар” раҳбариятни алдаб қўйдими, хуллас, Рагникдан воз кечилди. Пиоли билан шартнома узайтирилиши “Милан”нинг стратегик хатоси бўлди.
Ҳозир “Милан”да яна “кейинги мавсумда барини бошдан бошлаш керак” деган кайфият ҳукмрондек. Тақдирга тан берган ва мавсум сўнгига қадар ишлаши ҳам номаълум бош мураббий... Эркин агент сифатида ким яхшироқ шартнома таклиф қилишини кутаётган Долларумма, узр Доннарумма... “Ювентус” бошини айлантириб қўйган Чалҳаноғлу... Ёшармаётган, борган сари майдонда камроқ кўринаётган, камига устидан УЕФА томонидан иш очилган Ибраҳимович... Хуллас, “Милан” билан кейинги мавсумда нима бўлиши мавҳумлашган.
Рагник билан ҳам “Милан” худди шу ўринда бўлиши мумкин эди, лекин, бутун бошли лойиҳа бошлаш ниятида келишга шайланган мутахассис билан, ҳеч бўлмаса, “Милан” қайси тарафга қараб кетаётгани аниқроқ бўлар эди.
Кейинги мавсумни катта эҳтимол билан “Милан” янги мураббий билан бошлайди. Унга мос таркиб тўпланиши учун яхшигина маблағ ва жамоа ўйини шаклланиши учун анчагина кутишга тўғри келади. Бунга “Милан”нинг сабри ва пули етадими, кўрамиз...