Қизиқ савол. Футболчи пенальтини масхарабозликка айлантириб юборди. Гол урмади.
Лекин ўша қарор, бу Гейнрихнинг ташаббуси эдими ёки мураббийлар штабининг кўрсатмаси?
Ҳар қайси ҳолатда ҳам мен буни оқлайман. Бироз парадокс бўлса ҳам!
Келинг, вазият ва жараёнларни таҳлил қилиб кўрамиз.
Масалан, анча олдин, миллий терма жамоамизнинг минифутболдаги ҳамкасбларига қарши ташкил қилинган шоу учрашувни олайлик. Тўғри, бу ўйинга жиддий ёндошиш шарт эмасди. Лекин барибир, спортчи руҳиятида ҳар қандай мусобақада ғолиб чиқиш истаги кучли бўлади. Бу истак ўшанда футболчиларимизда ҳам бўлган. Лекин Крилов масали каби, бизнинг «тулки»лар «турна»нинг идишида ноқулай ҳис қилишди. Дарров учта гол ўтказиб юборишди.
Абрамов — жуда айёр одам. Тезда учрашувдаги шоу мақомини янада бўрттиришни истади, дарвозабон сифатида Саша Гейнрихни майдонга туширди. Бу билан у учрашув натижасига у қадар жиддий ёндошмаганига ишора қилиш билан бирга, рақибни ҳам бироз бўшаштириб юборди...
Ҳа, майли. Кечаги ўйинга қайтамиз. «Зенит» ўтган йили финалда «Ал-Ҳилол» билан ўйнаган ва пенальтилар сериясида мағлуб бўлган эди. Ўша ўйинни кўргандим, «Зенит» у қадар кучли ўйин кўрсатмаган. Умуман ушбу турнирнинг илк учрашувларида ҳам у қадар яхши таассурот қолдирмаётганди. «Зенит» турнирдаги энг яхши ўйинини кеча ўтказди. Жамоа рақиби таклиф қилган шароитда ўйнайди, демак бизникилар бунга шароит яратиб беришди, дейишимиз ҳам мумкин. Аммо бошқа тарафдан, «Зенит» ўйиндан ўйинга ўзининг юқори формасига чиқиб бормоқда, яқинда, «Бенфика»га қарши ўйнайди. Яъни «Зенит» ўйинга жиддий ёндошгани шубҳасиз.
Олимпячиларимиз ҳам жиддий ёндошишди. Лекин ўйининг бошидаги қизил карточка қийин аҳволга солиб қўйди. Учрашув охирларига келиб, Европанинг кўзга кўринган клубига қарши чарчаб қолдик. Майли, гап бунда эмас.
Ҳисоб — 5:0, рақиб дарвозаси томон пенальти белгиланди. Хўш, Гейнрих бу голни уриб, футболкасини йиртиб бақириши керакмиди? Нима фойда? Ҳатто «Зенит» учун ҳам, футболчиларимиз учун ҳам бу гол кераксиз эди. Ҳатто рус шарҳловчиси ҳам пенальтими, пенальтимасми, "какая разница?" деб тургандан кейин. Гейнрих ўша ҳаракати билан ушбу учрашув натижасига бўлган муносабат жиддий эмаслигини намоён қилди. Йирик ҳисобдаги мағлубият жамоа учун оғир зарба эмаслигини, шу пайтдаям юмор ҳисси сақланиб қолинганини намоён қилди. Шу орқали, олимпиячи ёшларимиздан босимни олиб ташлади.
Агар кеча ҳисоб очилмасдан, пенальтилар сериясида ғалаба қозонганимизда, Абрамов чиқиб. «бу натижа футбочиларимиз учун жиддий бўлганини ва вазифа уддалангани»ни айтган ва шу орқали футболчиларни руҳлантирган бўларди.
Энди бунақа йирик мағлубият. Энди, натижа аслида умуман муҳим нарса эмаслиги ҳақида таассурот уйғотишга ҳаракат қилиняпти. Тўғри қилишяпти ҳам! Чунки бизни жиддий ўйин кутиб турибди.
Кеча Гейнрих тўғри қилди!
Фақат, ўйинда ҳар кки томон ҳам гол уради, деб тотализаторда пул тикиб юборган инсонларгина ўша ҳаракатлардан норози бўлишлари мумкин. Норози бўлаверсин. Қимор ўйнамаслик керак эди, аввало. Ажаб бўлди!
Қаҳрамон АСЛАНОВ