2018 йил. 27 октябрь
АПЛ 10-тури доирасидаги “Лестер Сити” – “Вест Ҳэм” ўйинидан чамаси 30 дақиқа ўтиб мезбон клуб президенти, тайландлик миллиардер Вишай Шриваддханапрабха (дарҳол ўқий олмаган бўлсангиз ранжиманг, ўзи қийин исм-шариф) ўтирган вертолёт 130 метр баландликдан King Power стадиони автотураргоҳига қулаб тушди. Учоқ бортида бўлган беш нафар киши ҳалок бўлди...
Бу воқеадан икки ярим йил илгари Вишай Англия футболи тарихидаги энг ёрқин ҳодисалардан бирига муаллифлик қилганди, дейилса муболаға бўлмайди. У “Лестер эртаги”нинг Ганс-Христиан Андерсени эди. 2010 йилда кичик ўғли Айяватнинг сўзларига ишониб АПЛ клубини харид қилган миллиардер кейинчалик қарор тўғри бўлганини тушуниб етди.
Айяват Англияда ўқиган ва илк бор футбол кўриш учун стадионга тушганида бу “Лестер”нинг ўйини бўлиб чиққанди. Сўнг оилавий кенгашда бизнесни халқаро миқёсда ривожлантириш учун реклама кампанияси бошлаш масаласи кўтарилганда Айяват АПЛдан клуб харид қилиш ва бу клуб “Лестер Сити” бўлиши учун курашди. Ота Шриваддханапрабха рози бўлгач келишув имзоланди. Ўша вақт оила клуб учун 40 млн. фунт сарфлади. Чемпионлик ортидан эса жамоанинг қиймати ўн бараварга ортди. Гарчи ўз мамлакатидаги ҳукуматга яқинлиги ортидан, давлат тақдим этган ўта баҳсли имтиёзлар туфайли бойлик тўплаган бўлсада уни Англияда шунчаки заиф, аммо айни вақтда тарихий бир клубни орзу томон олиб борган қария сармоядор сифатида севишарди.
Фожиадан сўнг клубдаги ишлар Айяватнинг ўзига қолди. Воқеа юз берган мавсум клуб 9-ўрин билан турнирни якунлади. Бу вақтда Брендан Роджерс жамоада иш бошлаб улурган ва унга чегарали бўлсада керакли харидларни амалга ошириш имкони тақдим этилганди. Кейинги мавсум “Лестер” тўртликка яқин келди-ю, якунда “Челси” ва МЮ мақсадга етиб, “тулкилар” ЧЛ рўйхатидан тушиб қолишди. Жорий мавсумда эса кураш давом этяпти. Тўртликдаги ўрин учун рақобатчилар “Челси” ва “Ливерпуль”.
2021 йил. 15 май
Кеча жамоа Англия кубоги финалида Роман Абрамович клубини мағлуб этгач, бош совринни бағрига ўзгача меҳр билан босиб турган Айяватнинг сурати британ матбуотида кўп айланди. У отасининг ишини муносиб давом эттираётган ўғил эканини кўрсатишга уринган-у, бу титул билан мақсадига етгандек эди. Ҳақиқатда яхши тасвир.
Англия футболи шундай жиҳатлари билан қизиқ.
Ориф Толипов.