«Рома» бош мураббийи Луис Энрике «Болонья»га қарши учрашувдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашаркан, ўйинда қайд этилган натижа ҳаққоний эканини қайд этиб ўтди. Бу ҳақда «Championat.com» интернет-нашри хабар бермоқда.
«Рома» ва «Болонья» ўртасидаги Италия «А» Серияси 20-тур учрашуви 1:1 ҳисобида якунига етди. Марко Ди Вайо 57-дақиқада ҳисобни очган бўлса, 62-дақиқада Марьян Пьянич томонидан урилган гол «Рома»ни мағлубиятдан сақлаб қолди.
«Болонья» жуда яхши ҳаракат қилди. Биринчи бўлимда жуда ҳам оғир ўйин кўрсатдик, аммо танаффусдан сўнг ўйинимизни сезиларли яхшилай олдик», деди испаниялик мутахассис.
«Афсуски, айни ўша вазиятда «Болонья» дарвозамизни ишғол қилди. Дуранг — ушбу учрашув учун ҳаққоний натижа бўлди», дея қўшимча қилди «Рома» бош мураббийи Луис Энрике.
Италия чемпионати 20-туридан сўнг «Рома», 19 учрашув ўтказгани ҳолда, 31 очко тўплаган ва олтинчи ўринда бормоқда. Жамоа бундан аввалги сўнгги тўрт учрашувда фақат ғалаба қозонган эди. «Болонья» эса 21 очко билан 16-ўринда бормоқда.