Coca-Cola Суперлиганинг қолдирилган 8-тур доирасидан ўрин олган "Насаф" — "Машъал" (1:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикрларини билдириб ўтди.
"Мухлисларсиз футбол ўз завқини йўқотар экан. Қандайдир бошқача ўйин ўтказдик. "Машъал"ни ўрганиб чиққанимизда улар бошқа жамоалардан кўра кўпроқ югуришини билган ҳолда тайёргарлик кўрдик. Машғулотларда ҳам йигитларга шундан келиб чиқиб кўрсатмалар бердик. Бугун натижа учун ўйнадик, чунки давралар оралиғига яхши кайфият билан чиқиб кетиш биз учун муҳим эди. Шу сабаб бугун шунга мос ҳаракат қилдик ва натижа биз учун қониқарли бўлди.
Ҳозир бошқа жамоалар таътилга чиқиб кетган, бу ҳолат бизнинг йигитларга руҳан таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Шу сабабдан бугун йигитларда шижоат камроқдек кўрингандир. Лекин жамоамиз бугун ғалаба учун астойдил ҳаракат қилди ва бунга эришдик.
Бизни олдинда халқаро ўйин кутиб турибди. Айни дамда клубимизда қарздорлик бор экан, раҳбарият бу масалани албатта ижобий ҳал этади деб ўйлайман. Шундан келиб чиқиб Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам бизни қўллаб-қувватлашидан умид қиламиз.
"Машъал" билан ўйинлар дерби мақомида ҳар доим қизиқарли бўлган. Ҳар икки жамоа ўзаро футболчилар алмашиб туради. Биздан ҳам "Машъал"га ўтган футболчилар бор, айримлар бу футболчилар бизнинг тарбияланувчилар эканини хатто билмайди ҳам. "Машъал"дан бизга ўтган футболчилардан Сайфиев, Суюнов, Мусаев каби футболчиларнинг қай даражада ўсишга эришганлигини барча яхши билади", — дейди "Насаф" устози.