Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Ахмедов Туризм ва спорт вазирлиги вакиллари ҳамроҳлигида Олимпиада ўйинлари рекордини янгилаб, олтин медални қўлга киритган спортчимиз Акбар Жўраевнинг уйига бориб, унинг онаси ва яқинларига Ўзбекистон Президенти табригини етказди.
“Энг аввало спортчиларга яратилаётган шароитлар, уларга кўрсатилаётган рағбат учун
юртбошимизга катта раҳмат деймиз. Ўғлимнинг ғалабаси шуларнинг спортни ривожлантириш йўлидаги биргаликдаги меҳнати самарасидир”, - дейди чемпионнинг онаси Ҳафиза Норметова.
Унинг сўзларига кўра, Акбар Жўраев акасининг изидан бориб, тош кўтаришга қизиққан.
“Акбарнинг дадаси раҳматли билан ўғлимизга “Албатта, бир кун келиб Олимпия чемпиони бўласан, Ўзбекистон байроғини кўкка кўтарасан” дея ният қилардик. Ўзи ҳам ҳавас қилиб, “Руслан Нуритдиновдек Олимпия чемпиони бўламан” дея орзу қиларди. Мана шу кунлар ҳам келди, қувончимиз чексиз, албатта. Ўғлим ғалаба қозониши билан қўнғироқ қилиб хурсандчилиги билан бўлишди. Тани жони соғ бўлиб, доим юртимиз байроғини баланд кўтариб юришига тилакдошман”, - қўшимча қилди Ҳафиза Норметова.
Эслатиб ўтамиз, 3-август куни ҳамюртимиз Акбар Жўраев Токио-2020 Олимпия ўйинларида Ўзбекистонга иккинчи олтин медални келтирди. Акбар Жўраев 109 килограмм вазн тоифасидаги спортчилар баҳсида иштирок этди. У дастлаб - 227 кг, сўнгра 237 кг штанга кўтариб, умумий 430 кг натижани қайд этди ва Токио-2020 Олимпия ўйинларининг олтин медалига сазовор бўлди.
Бундан аввал Президент матбуот котиби саҳифасида 3-август куни ўтаётган селектор йиғилиши давомида давлат раҳбарига Токиодаги ғалаба ҳақида маълум қилингани ва бу янгилик қувонч билан кутиб олингани ҳақида хабар берилган эди.