Йўқ, ҳозир Месси ҳақида эмас. Уни ўзиники қилган шахс, футболни оёғини осмондан қилаётган теннисчи ал-Хелайфий ҳақида
Месси Парижда. Бу кўпчилик томонидан кутилган воқеа. Замонавий футболда бирор юлдуз футболчининг трансфери ҳақида гап кетса, ўша гапнинг бир учи албатта ПСЖ ва унинг қатарлик раҳбари Носир ал-Хелайфийга бориб уланади. Албатта, доим расмий хабар кўринишида эмас, лекин ҳеч қурса, миш-миш тусида Парижга кўчиб ўтишлар юз бериб туради. Нега?! Боиси бугун футбол оламидаги энг катта сармоядор(лар) айнан ПСЖ раҳбар(лар)и бўлиб турибди.
Носир Ғаним ал-Хелайфий – 1973 йил Қатарда туғилган. Мутахассислиги иқтисодчи бўлган Носир 1992-2004 йиллар оралиғида Қатарнинг энг яхши теннисчиларидан бири бўлган. У АТП рейтингида топ-1000 ичига ҳам киришга муваффақ бўлган. Теннисчи сифатида фаолияти якунлангач бу спорт тури бўйича бир қатор расмий лавозимларда ишлай бошлаган ал-Хелайфий учун шундай вақт келди-ки – энди унга корт торлик қила бошлади. Футбол майдонини забт этмоқни истади унинг кўнгли.
2011 йил Qatar Sports Investments компаниясини бошқара бошлаган Носир бу фонднинг асл муассиси бўлган Қатар қироли (ўша вақт валиаҳди) Тамам бин Ҳамаднинг ишончли инсонларидан биридир. Вазифа – Қатар спортини ички ва ташқи миқёсда қўллаб-қувватлаш.
Айни ўша йили ПСЖ клубнинг 70 фоиз акциясини сотиб олган QSI бу билангина кифояланмади, албатта. Йўл-йўлакай “Барселона”га титул ҳомий ҳам бўлди. (Qatar Foundation ёзувли либосларни эсласангиз керак). Асли футбол модели, услуби борасида Носирнинг Каталон клубига ҳаваси қилиши сезилиб турарди. Бироқ, бу орада ўша тарихий камбек содир бўлди – “Барселона” – ПСЖ - 6:1!
Ҳисобга қаранг, теннисни эслатмаяптимиз сизга...
Ҳа! Ўшанда юзига тортилган тарсакининг қасоси бўлса шунча бўлар. Носир ал-Хелайфий дастлаб Неймарни 222 миллион (!) евро эвазига харид қилди. Бу тарихни, ундаги икир-чикирларни яхши билсангиз керак. Хайрулла Ҳамидов айтгандек, бу асли – “аср ўғрилиги” эди.
Аммо, шу билангина тўхтамади бу теннисчи. Йўқ! У энди дунё футболининг тенгсиз жавоҳири Лео Мессига кўз тикканди. Қарангки, ўта стратег, жуда билимли ва айёр Носир ал-Хелайфийнинг қаршисида, кортнинг нариги томонида ракетка ушлашни эплолмайдиган Жозеп Бартомеу турарди ҳамон... алал-оқибат у иккинчи сетни ҳам бой берди – Месси Парижда. Гейм. Сет. Матч! Яна ўша нуқтага келдик, а! У Парижда.
Ал-Хелайфий аср бошида “галактикос”ни кўролмаган авлод учун яна бир имкон бермоқда. Навас, Рамос, Маркиньос, Вератти, Ди Мария, Неймар, Мбаппе ва жаноби олийлари Месси...
Ҳа, азиз мухлис, бу кўпчилик ўйлаётгандек интиҳо нуқтаси эмас, аксинча бу — янги ибтидо нуқтаси.
Менимча, албатта!
Ориф Толипов.