«Рома» жамоаси Элдор Шомуродов иштирокида матбуот анжумани ўтказди. Ўзбекистонлик футболчи журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Катта клубга 26 ёшида келиб қўшилгани ҳақида
Аввало айтишим керакки, мен йилдан йилга ривожланишга, ўзимнинг энг яхши хислатларимни намоён этишга ҳаракат қиляпман. Ҳар доим юқори даражадаги жамоада ўйнашни хоҳлаганман. Озроқ кеч бўлса ҳам ўз мақсадимга эришдим. Бу ерга яхши жиҳатларимни намойиш этиш учун келдим. Жамоа билан қандайдир соврин қўлга киритмоқчиман.
Абраҳам билан бирга ўйнай олиши ҳақида
Бунгача қанот ҳужумида ва марказий ҳужумда ўйнаганман, шунинг учун иккала позицияда ҳам ўзимни яхши ҳис қиламан. Албатта, Абраҳам билан бирга ўйнай оламиз. Асосийси, ғалаба қозониш ва жамоага ёрдамимиз тегиши.
Янги жамоасидаги мақсадлари ҳақида
Боя айтганимдек, бунгача фақат ўз мақсадимга эришиш ҳақида ўйлаганман ва топ-жамоага ўтишни хоҳлаганман. Бугун мен катта жамоадаман. Энди ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш ва соврин қўлга киритиш зарур. Бу ерда кўплаб мухлислар бор, уларни хурсанд қилиш керак. Жаноб (Моуриньо) билан барчаси ўхшайди ва биз соврин ютамиз, деб ўйлайман.
Жозе Моуриньо билан қандай алоқалари борлиги ҳақида
Ҳа, биз икки йил олдин Жозе билан Москвада учрашгандик. Жозе «Рома» мураббийига айлангач, менга қизиқиш бўлаётганини айтишди. Дарҳол рози бўлдим. Биринчидан, «Рома» — катта жамоа ва доим олдига улкан мақсадлар қўяди. Иккинчидан, жаноб (Моуриньо) дунёдаги энг яхши мураббийлардан бири. Мен у киши билан ишлашни хоҳладим. Бу ҳам Римга келишимда катта рол ўйнади.
Жамоадаги дебюти муваффақиятли чиқишини кутмагани ҳақида
Ўзимни яхши жиҳатларимни намойиш этишни хоҳлайман. Бу эса ўйлаганимдан яхшироқ чиқди. Шу руҳда давом этиш керак ва мухлисларни хурсанд қилиш зарур. Жамоага ғалабага эришиш учун ёрдам бериш керак.
Маълумот ўрнида. Элдор Шомуродовни «Женоа»дан 17,5 миллион евро эвазига «Рома»га ўтди. Шомуродов Рим жамоасидаги расмий дебютини Конференциялар лигасида «Трабзонспор»га қарши ўйинда ўтказди. Дастлабки учрашувдаёқ Элдор ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди. А Серияда эса «Фиорентина»га қарши 1-тур ўйинида Шомуродов голли узатмани амалга оширди.