Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Фатма ал Наими: «Ноўрин туҳматлардан фориғ бўлишни истаймиз»

Баҳо:
+ | -

Яқин Шарқ заминида илк бор ташкил этиладиган ЖЧ-2022 турниридан бизни бир йилдан кўпроқ вақт ажратиб турибди. Унинг тенги йўқ футбол мусобақаси мақомида ўтиши учун Қатарда қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси ижрочи директори Фатма ал Наими мамлакатда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, у ердаги ишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва турнирга ташриф буюрадиган мухлисларга яратилаётган шароитлар хусусида championat.com сайтига маълумот берди.

- Кўпчилик мухлислар Қатарни футбол мамлакати, деб ҳисобламайдилар. Шундай фикрдаги кишиларга нима дея оласиз?

- Футболимиз йил сайин ривожланмоқда - маҳаллий мухлислар жуда мамнунлар. Бундан ташқари, йирик халқаро тадбирларни ташкил этиш бобида етарли тажрибага эгамиз. Хусусан, футбол бўйича сўнгги йилларда икки марта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ўтказдик. Пандемия авжига чиққан 2020 йилда Доха ОЧЛнинг барча учрашувларига мезбонлик қилди. Қатар ҳозирда йирик спорт марказига айланган. Биз ўзига хос спорт шаҳарчасини, таниқли мураббий ва футболчиларнинг ташрифи узилмайдиган энг яхши спорт ва футбол академияларини бунёд этдик. 10 йил аввал бундай академиялар кўмагида маҳаллий футболчилар савиясини ошириш режалаштирилганди. Ҳозир у ўз самарасини бермоқда - Қатар терма жамоаси 2019 йилда Осиё кубогини қўлга киритди, бу йил КОНКАКАФ кубогида ярим финалгача етиб борди, меҳмон сифатида иштирок этаётган ЖЧ-2022нинг Европа саралаш бос­қичи «А» гуруҳида ҳозирча мағлубиятсиз тўп сурмоқда. Хуллас, Қатар - мухлисларнинг футболга нисбатан муҳаббати, терма жамоанинг имкониятлари ва албатта, ташкилий масалалар бобида ҳам чинакам футбол мамлакати. Бир йилдан кейин хорижий мухлислар буни ўз кўзлари билан кўриб, ишонч ҳосил қиладилар. ЖЧ мезбонлиги ҳуқуқини қўлга киритилган пайтда, биз мамлакатнинг 2030 йилгача ривожланиш дастурини тайёрлаб бўлгандик. Унда Қатарнинг барча жабҳаларда юксак савияга кўтарилиши, шаҳар инфратузилмасининг таниб бўлмас даражада ўзгариши кўзда тутилган. 2010 йилдаги ғалаба янада жадалроқ ҳаракат қилишимизга туртки бўлди.

- Уддалай олдингизми?

- Ҳа, 11 йил ичида ҳайратланарли ўзгаришлар юз берди, ҳозир меҳмонлар кўплаб янгиликларга дуч келишлари мумкин. Айтганча, шунингдек, Россия тажрибасини эслашлари ҳам: чемпионат арафасида хавфсизлик хусусида жуда кўп ёзишди, аммо мухлислар келишганида қандай манзарага дуч келишди? Эски шаблонлар унутилди, мухлислар россияликларнинг ўта меҳмондўст эканликларига амин бўлишди. Бу эса спорт барча тўсиқларни бузиб, кишиларни яқинлаштиришини англатади. Бизнинг мақсадимиз ҳам шу. Бизда ҳам турли тўсиқлар йўқ эмас, аммо шунга қарамасдан, 1,5 млн.ли мухлислар армиясига қатарликларга хос меҳмондўстликни намойиш этамиз. Бу араб дунёсидаги дастлабки турнир. У шунчалик ихчамки, мухлислар бир кунда биттадан кўпроқ учрашувни томоша қилишга улгурадилар. Яна қатор ажойиб жиҳатларга ҳам дуч келадилар. Турнирдан кейин хорижлик меҳмонларнинг Қатар ва араб дунёсига нисбатан муносабатлари ўзгаришига ишончимиз комил.

- 10 йил ичида мамлакат нималарни ўрганди?

- Аввалига асосий эътибор тайёргарлик ва инфратузилмани талаб даражасига олиб чиқишга қаратилди. Энди турнир бошланганида бўладиган барча жараёнларга шай бўлиш устида ишлаяпмиз. Бироқ биз бир ой давом этадиган мундиални рисоладагидек ўтказишга берилиб, бошқа нарсаларни унутиб қўймоқчи эмасмиз. Футбол ва улкан турнир берадиган қувватни кишилар турмуш даражасини янада ошириш мақсадида режалар тузиб қўйганмиз.

- Масалан?

- Мисол учун, 2010 йилда старт олган Generation Amazing дастури ҳозир ҳам давом этмоқда. Унинг вазифаси - аҳолининг ночор аҳволдаги қатламига ёрдам бериш. Яъни, машғулотлар, маориф сифатини ошириш орқали ижобий ўзгаришларга эришиш, турли мамлакатларда футбол майдонларини барпо этиш ва бошқалар. Ҳозиргача тадбирга 725 минг нафар болакайлар жалб этилди, улар футбол юлдузлари билан учрашиб, кўплаб янгиликлардан хабардор бўлишди. 2022 йилда уларнинг сони 1 млн.га етади.

- Пандемия Қатардаги бунёдкорлик жараёнига таъсир этдими?

- Йўқ, у бутун ер юзига зарба берган паллада, бизда ҳаммаси тайёр бўлганди. Бахтимиз бор экан: режаларни тузиб, лойиҳаларни яратиб, уларнинг халқаро стандартларга жавоб беришини текширгандан кейин амалга оширишимиз учун ихтиёримизда 12 йиллик мухлат бор эди. Ҳар қайси бизнес-лойиҳа нафақат жозибадор, балки ҳар қандай талабни қондира олишига алоҳида эътибор қаратдик.

- Қатарда ҳам мухлислар паспорти жорий этиладими?

- Ҳа, Россиянинг муваффақиятли тажрибасига асосланиб, ўз лойиҳамизни яратдик. Дастлабки синов шу йилнинг ноябрь-декабрь ойларида бўлади - ФИФАнинг Араб кубоги турнирида FAN IDдан фойдаланамиз.

- Россия мундиалининг яна қайси жиҳатлари сизларни қувонтирди?

- Турнир арафасида юртингизни роса танқид қилишди, у ерда хавфсизлик таъминланмаган дейишди. Амалда эса хорижликлар самимий дўстоналик, гўзаллик, хавфсизлик ва меҳмондўстликка гувоҳ бўлишди. Биз ҳам Қатарнинг ноўрин туҳматлардан фориғ бўлишини истаймиз.

- Тўғри, Россия ҳақида жуда кўп ёзишди. Айниқса, Британия ОАВ. Энди Қатар нишонда турибди. Жумладан, қурилиш объектларидаги ишчилар ўлими хусусида кўп ёзишмоқда.

- Ҳа, кўп ёзишаётгани тўғри. Бироқ афсуски, уларда Қатардаги ўзгаришлар ҳақидаги материаллар кам. Боз устига, ахборотларнинг аксарияти текширилган эмас, ҳақиқатдан йироқ. Қатарликлар, жумладан, ЖЧ ташкилий қўмитаси аъзолари ишчиларни ҳимоя қилиш энг долзарб мавзу эканлигини яхши биладилар. Фақат битта масалада улар билан ҳамфикрмиз: инсон ҳаёти ҳамма нарсадан устун. Ҳар бир ўлим - фожиа. Айнан шу сабабли ижтимоий таъминот, хавфсизлик ва объектларга жалб этилган ишчиларнинг тинчлик-хотиржамлигига биз 2010 йилдан бошлаб жиддий эътибор қаратиб кел­япмиз. Бу борада бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

- Лекин газетхонлар 6500 нафар ишчининг ўлими хусусидаги хабарларни ўқишмоқда. Қандай қилиб шу қадар кўпчиликнинг ҳалок бўлишига йўл қў­йилганидан ажабланмоқдалар.

- Такрорлайман, ҳар битта ўлим - фожиа. Афсуски, бевосита ЖЧ объектларида 3 нафар ишчи ҳалок бўлди, яна 35 нафари иш билан боғлиқ бўлмаган шароитда дунёдан ўтди. Guardian чоп этган рақамларга келсак, Қатар ҳукумати  бу айбловларни расмий баёнотида қатъиян инкор этди. Ҳукумат номидан гапириш ҳуқуқига эга эмасман, аммо турнир инфратузилмасини яратаётган хизматчиларнинг ижтимоий таъминоти ва ҳимояси йўналишида улкан ишлар амалга оширилганини таъкидлай оламан.

- Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалси қай даражада?

- Охирги 20 йил ичида муайян ўзгаришлар юз берди. Бунда Амир-Отанинг рафиқаси Шайх Моза бин Носир жаноби олиялари шахсан бош-қош бўлмоқдалар. У киши маорифга катта эътибор қаратмоқдалар. Ҳозир Қатардаги олий маълумотли аёллар сони эркакларга нисбатан 2-3 бараварга кўпроқ. Улар турли соҳаларда, шунингдек, давлат маҳкамаларида раҳбарлик лавозимларида ишламоқдалар. ЖЧ-2022 Олий қўмитасида ҳам юқори лавозим соҳибалари бор, хизматчиларнинг 40 фоизга яқини - аёллар. Ваҳоланки, футбол индустрияси кўпроқ эркакларга хос соҳа ҳисобланади.

- Қатарга ташриф буюрадиган мухлисларга маданий ҳордиқ борасида қандай маслаҳатлар бера оласиз?

- Бизда улкан коллекцияларга эга бўлган ажойиб Қатар ва Ислом музейлари, сайр қилиш ва мазали таомлардан татиб кўриш, Доха манзарасини томоша қилишлари учун «Қатара» номидаги парк мавжуд. Истаганлар маданий меросимизнинг бир қисми бўлган саҳрога сафар қилишлари, пляжларда дам олишлари ёки Соук Воқиф бозори билан танишишлари мумкин. Шунингдек, ўта замонавий осмонўпар бинолар билан ҳам. Ресторанлар, барлар, парклар сайёҳлар хизматида бўлади.

- Турнир давомида спиртли ичимликлар харид қилиш имконияти борми?

- Спиртли ичимликлар маданиятимизга бегона. Лекин белгиланган ҳудудларда топиш мумкин. 2019 йилдаги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида мухлислар фан-ҳудудларда мусиқа тинг­лаб, футбол беллашувларидан баҳраманд бўлишган.

- Айрим мухлислар Қатарнинг ўзига хос урф-одатларидан хавотирдалар: улар шорт ва калта кўйлакларда юришлари мумкинми?

- Ҳозир Қатарда дунёнинг турли бурчакларидан келган кишиларни учратиш мумкин. Доха ўзига хос мультимаданиятли мегаполисга айланган. Тўғри, миллий ан­ъаналаримиз - маданиятимизнинг бир қисми. Лекин кийиниш масаласида қатъий чекловлар йўқ. Фақат диний маҳкамалар, масжидлар ва ҳукумат бинолари яқинида елкалар ва тиззаларни ёпиб турадиган бўлса, истаган либосларида юришлари мумкин.

- Ниҳоят, бугуннинг энг долзарб мавзусига оид савол: кишилар стадионларга қай тартибда киришади? Коронавирусга қарши эмлаш ёки тестлар бўладими?

- Пандемия билан боғлиқ вазият мунтазам равишда ўзгариб турибди. Биз уни назорат қилиб, соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсияларига амал қиляпмиз. Бироқ Қатар мундиали барчамиз учун нисбатан одатий шароитга яқин бўлган муҳитда ўтишидан умидвормиз. Яқинда ҳукуматимиз мамлакатга кириш қоидаларини енгиллаштирди, Араб кубоги учрашувларига чипталар сотиш бошланди. Бу турнир ЖЧ-2022га мўлжалланган 6та стадионда бўлиб ўтади. Мухлислар соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган ва давлат маҳкамалари талабларига жавоб берадиган қоидаларга амал қилган ҳолда мусобақага ташриф буюришлари мумкин. Вакцинация жараёни жадал давом этмоқда, фуқароларнинг кўпчилиги эмлаш муолажасини олишди. Умид қиламизки, бир йилдан сўнг шароит янада яхшироқ бўлиб, Яқин Шарқ замини кутилганидан ҳам кўпроқ мухлисларни қабул қилади ва мундиал муваффақиятли ўтади.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:29, 28.09.2021.
Ўқилди: 1890 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.