Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Абрамов: «Fair Play»ни ўйлаб топганлар унинг нималигини аниқ-тиниқ ёзиб қўйишсин»

Баҳо:
+ | -

Жанубий Кореянинг Чонгчжу шаҳрида 24 февраль куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Абрамов шогирдлари 25 февраль куни Жанубий Корея термасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушишади.

Маҳаллий журналистларнинг саволларига, Абрамовдан ташқари, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчи футболчиларидан бири Темур Кападзе ҳам жавоб берди.

— Жанубий Кореяга қарши бўлажак ўйин Япония билан бўладиган баҳс олдидан тайёргарлик вазифасини ўтаб беради, - деди Абрамов Жанубий Корея билан ўйин ҳақида тўхталар экан. - Умуман олганда, ушбу икки жамоанинг савияси деярли бир хил. Шунинг учун ҳам Японияга қарши ўйин олдидан айни вақтда нимага қодирлигимизни кўришни хоҳлардик.

— Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2014 4-саралаш босқичига чиқиб бўлди. Нима деб ўйлайсиз, яна қайси термалар Осиёнинг энг кучли 10 жамоаси қаторидан ўрин олади?
— Барча гуруҳлардаги вазият деярли маълум, буни ўзингиз ҳам яхши биласиз. Фақатгина Жанубий Корея иштирок этаётган гуруҳда ҳали ҳал қилинмаган масалалар бор. Жанубий Корея терма жамоаси Кувайтга қарши мураккаб бир ўйин ўтказиши кераклигидан хабарим бор.

— ФИФА Ўзбекистон миллий терма жамоасининг беш нафар футболчисини жазолашга қарор қилганига қандай муносабат билдирасиз?
— Агар Жанубий Корея гуруҳдан кейинги босқичга чиқиб, навбатдаги раунднинг илк учрашувини бизга қарши ўтказадиган бўлса, уларга омад кулиб боққан бўлади, деб ўйлайман. Чунки сиз айтиб ўтган беш нафар футболчи таркибимизда бўлмайди. Қарорнинг ўзи ҳақида гапирадиган бўлсам, бундай ҳаракатлар фақат бизга қарши қўлланилиши жуда ҳам ҳайрон қолдиради. Мисол учун, ҳакамлар хато қилишса, ФИФА буни футболнинг бир қисми, деб оқлайди. Биз ўз ўйинимиз билан ўзимиз тўғри деб ҳисоблаган ишни қилишга ҳақли эдик. Бу бизнинг стратегик режамиз эди. Биз муддатидан аввал 4-босқич йўлланмасини қўлга киритиб бўлгандик ва нима қилиш кераклигини ўзимиз ҳал қилишга ҳақли эдик. Бу ёқда эса футболчиларимизнинг дисквалификациясини иккита ўйингача узайтириб қўйди. Буни мутлақо нотўғри деб ҳисоблайман. Биз ФИФАнинг ҳам, «Fair Play»нинг ҳеч қандай қоидаларини бузмаган эдик. Бизнинг ҳаракатларимиздан зарар кўрган бирор жамоани айтинг-чи! Агар сиз бу борада бизга эътироз билдирадиган бирор бир жамоани топсангиз, мен ниманидир нотўғри қилганимизни тан олиб, ФИФА қарорига рози бўламан. Бу нарса футбол пайдо бўлганидан бери бор. Келинг, футболчилар карточка олган вазиятларни яна бир бор кўриб чиқамиз, балки яна кимнидир айбдор топиб, уни ҳам дисквалификация қилармиз... «Fair Play» ҳақида ҳам фикр билдиришни хоҳлардим. «Fair Play»ни ўйлаб топган одамлар буни нима эканлигини тушунтириб ёзиб қўйсинлар. Шахсан мен «Fair Play» аслида нимани билдиришини тушунмайман, уни қаерда бузишади-ю, қаерда бузмасликларини ҳам билмайман. Бизнинг тушунчамиздаги «Fair Play» — жамоаларнинг ҳалол ўйин кўрсатишлари, футболчи адолатсиз гол уриб, буни тан олиши. Ҳа, бу «Fair Play». Аммо, Анри қўл билан ўйнаб, тўп узатганидан сўнг, Франция жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган вақтда ҳеч ким бировни жазоламаган, ҳамма буни футболнинг бир қисми, деб айтган эди. Ҳозир эса бизнинг футболчиларимизни эса шунчаки четлатишди.

— Жанубий кореялик мухлислар Ўзбекистон миллий терма жамоасидан нима кутишлари мумкин?
Темур Кападзе: — Аввало Корея футбол уюшмасига, шунингдек, маҳаллий ишқибозларга миннатдорчилик билдиришни истардим. Мен бу ерда бир йил давомида тўп сурдим ва мухлислар мени илиқ кутиб олишганди. Эртанги ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, мураббийимиз айтганларидек, биз учун айни вақтда энг муҳими Япония билан ўйинга тайёргарликдир. Жанубий Корея ҳар вақт Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири бўлиб келган, шунинг учун ҳам бўлажак ўйин биз учун ғоят қизиқарли бўлади. Умид қиламанки, ўйинимиз мухлислар ёқади.

— Сиз бир йил давомида «Инчхон»да тўп сурдингиз ва унинг таркибида бир неча маротаба терма жамоанинг ҳозирги бош мураббийи устозлик қилган «Чонбук Моторс» жамоасига қарши майдонга тушгансиз. Ўша вақтда Жанубий Корея термасининг ҳозирги устози қўл остида тўп сурган «Чонбук»нинг ўйини сизда қандай таассурот қолдирганди?
— Биз икки марта «Чонбук Моторс»га қарши тўп сургандик ва ўшанда бу жамоа чиройли ҳамда ҳужумкор футбол намойиш этган эди. Жамоа бутун мавсум давомида бир хил услубда тўп сурганди. Ўйлашимча, энди терма жамоа ҳам худди шундай услубда ҳаракат қилади. Қўшимча қилиб айтадиган бўлсам, кўплаб гол урганига қарамай, «Чонбук Моторс» тез-тез гол ҳам ўтказиб юборарди.

Манба: www.the-uff.com
Киритилди: 17:05, 24.02.2012.
Ўқилди: 11827 марта.
Фикрлар: 24 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.