«Шериф» Чемпионлар Лигасининг 2-туридан ўрин олган ўйинда сафарда «Реал»ни мағлубиятга учратди (2:1). Молдава клубининг илк голига Жасур Яхшибоев муаллифлик қилди. У 25-дақиқада чап қанотдан оширилган тўпни боши билан дарвозага жойлаб қўйди. Шу тариқа 24 ёшли Яхшибоев «Реал»га гол урган иккинчи ўзбекистонлик футболчига айланди.
Унгача Максим Шацких «Динамо Киев» сафида Чемпионлар Лигасининг 2006/07 йилги мавсуми гуруҳ босқичи доирасида Мадрид клубига қарши ўйинда дубль қайд этганди. Киевда ўтган ўйин 2:2 ҳисобида якунланган.
Қайд этиш керак, Шацких «Реал»га қарши баҳсларнинг тўртинчисига келиб гол урганди. У бунинг учун 283 дақиқа сарфлаган. Жасур Яхшибоев эса «Реал»га қарши илк баҳсидаёқ гол урди. Унга бунинг учун 25 дақиқа етарли бўлди.
Маълумот учун, Жасур Яхшибоев 1997 йилнинг 24 июнида Тошкент вилоятининг Чиноз туманида туғилган. «Пахтакор» тарбияланувчиси ҳисобланган Жасур 2020 йилда Беларуснинг «Энергетик-БГУ» жамоасига ўтган. Минскликлар сафидаги бир даврада 14 ўйин ўтказиб, 9 гол ва 3 та голли узатма амалга оширган Жасур ёзда «Шахтёр» сафига бориб қўшилди. Мавсум якунида Яхшибоев солигорскликлар сафида Беларусь чемпионига айланди, шунингдек, у 16 та гол билан чемпионат тўпурарлари жадвалида 2-ўринни эгаллайди. 2021 йил бошида эса у Польшанинг «Легия» клубига ўтади, бироқ август ойининг охирида ижара асосида «Шериф»га йўл олди. Шартнома 2021/22 йилги мавсум якунига қадар тузилган.