Миллатлар лигаси турнири ҳали қилувчи паллага кириб бормоқда. Унда ярим финал баҳслари ўтказилди. Жуфтликларнинг бирида Испания ва Италия баҳс юритди. Ушбу учрашувда «Барселона» клубининг ёш истеъдод эгаси Гави ҳам иштирок этди. Жамоа бош мураббийи Луис Энрике асосий таркиб футболчиларини танлаётганда рўйхатга 17 ёшли Гавининг ҳам қўшилиши барчанинг ҳайратини оширган бўлса, ажаб эмас. У Италияга қарши ўйинда иштирок этди ва Испания терма жамоаси тарихидаги энг ёш футболчига айланди. Бу ҳақда ғалабали ўйиндан кейинги интервьюсида Луис Энрике шундай дейди:
«Бу ўйин Гави учун Испания билан илк баҳсига айланди. Аммо биз у ҳақида ўйингача ҳаммасини билар эдик. Унинг ўйини 17 ёшли ўсмир учун нормал ҳолат эмас. У ўз ёшидан баланд савиядаги ўйин намойиш этди. У ўз шахсияти ва жисмоний имкониятлари билан бизнинг ўйин услубимизга жуда мос келишини исботлаган. У бу баҳсда худди ўз мактаби ёки уйидаги каби ўйнади. Бу майдонда ўзини эркин ҳис эта олиш эди. Бизда у каби характерга ва сифатга эга бўлган футболчининг бўлиши инсонга завқ бағишлайди. Биз баралла шуни айта оламизки, Гави нафақат терма жамоамизнинг келажаги, балки бугун ҳамдир».
ЕЧЛда «Барселона» устози Куман «Бавария»га қарши ўйиннинг 59 дақиқасида 17 ёшли Гавини майдонга ташлайди. 15 дақиқадан кейин ҳужумкор футболчи немислар мудофаасини бузиб киришга ҳаракат қилади ва Упамекано томонидан тўхтатиб қолинади. Жамоаси мағлубиятига қарамай, ундаги потенциал ва тўп билан юришдаги савия сезилиб турарди. Бу ўйиндан кейин у ўз мамлакати учун ўйнашга лойиқ эди. «Барса» «Бенфика» ёки «Бавария»га қарши йирик мағлубиятлар қайд этган бўлиши мумкиндир. Аммо бу ўйинларда иштирок этган Гави учун бу ўйинлар катта дарс бўлди. Ла лигада ҳам қийин пайтларни бошидан ўтказаётган клуб мана шундай ёш авлодлар билан келажакдаги муваффақиятларга умид қилиши мумкин.
Гавининг Ла Масиядаги собиқ мураббийи Франк Артиганинг фикрича, футболчи курашувчанлик борасида жуда ҳам илғор. У буни «Бавария»га қарши кечган баҳсда ҳам исботлаганди. Унинг курашувчан табиати майдондаги муваффақиятига ижобий таъсир кўрсатади:
«У ўта курашувчан йигит. Хави томонидан юқори баҳо берилган Гавини «Барселона» ва Испания терма жамоаси келажаги дея оламан. У мен билган футболчилар ичида энг интилувчан спортчилардан бири. Унда барқарор ўйин кўрсатиш учун ҳамма нарса етарли. У ўз ҳиссиётларини назорат қилишни ўрганиб, яхши ўсишга эришди. У майдонда ғалаба руҳиятини охирги дақиқаларгача сақлаб тура оладиган футболчилар қаторида бўлган. У ҳали-ҳамон ўсишга интилмоқда ва бу жиҳати билан таҳсинга лойиқ».
Ўтган мавсумда Гави «Барселона»нинг Б жамоасида икки марта майдонга тушганди. Шундан кейин бу мавсум олдидан ўтказилган ўртоқлик ўйинларида асосий жамоага жалб этилди. У илк марта «Штутгарт»га қарши 3-0 ҳисобидаги ғалабали ўйинда Хавининг эътиборига тушганди. Гави Ла лиганинг еттита турида каталонияликлар сафида майдонда ҳаракат қилди. Ҳозир эса, барчада у «Ноу Камп»нинг келажаги бўлиши мумкинлигига ишонч мавжуд. Бу ҳақда Артига ўз интервьюсида шундай дейди: «У майдонда футбол инстинкти билан ўйнайди ва вазифасини бажаради. Кўпроқ тажриба тўплаш унга ўйинларни ўқишга ёрдам беради. Бу эса унинг инстинктга ортиқча боғланиб қолишидан асрайди. Биз Гави борасида бироз сабрли бўлишимиз керак, биз унга аниқ мақсадлари йўлида ҳаракатда, кўмаклашишимиз лозим. Агар мана шу нарсаларни яхши англаб етиб, тўғри амал қилсак, унга яхши муҳит яратиб бера олсак, биз Гавидан узоқ йиллар фойдаланишимиз мумкин бўлади».
Дарҳақиқат, «Барселона»нинг бугунги чуқур инқирози фонида, клуб тарихида янги давр бошланмоқда. Бу давр пост Месси замонига айланади. Мессисиз янги «Барса» шаклланмоқда. Бунга албатта вақт керак. Биз эса буни ўз кўзимиз билан гувоҳи бўлаётирмиз.
инглиз тилидан Жалолиддин ИСМАТОВ таржимаси