Кириш Регистрация
16/05 00:00 Ман. Юнайтед 3-2 Ньюкасл
16/05 00:00 Реймс 1-0 Марсель
16/05 00:00 Ницца 1-2 ПСЖ
16/05 01:00 Сельта 2-1 Атлетик Бильбао
16/05 01:00 Хетафе 0-3 Атлетико
16/05 22:30 Лас-Пальмас 2-2 Бетис
17/05 00:30 Альмерия 0-2 Барселона
17/05 01:00 Реал Сосьедад 1-0 Валенсия
17/05 23:45 Фиорентина - Наполи
18/05 21:00 Лечче - Аталанта
18/05 23:45 Торино - Милан
19/05 00:00 Алавес - Хетафе

«Come back»чи Роналду ва «МЮ» Клоппнинг қувноқ йигитларига қарши(превью)

Баҳо:
+ | -

Бугун Англия премьер лигасида 9-турнинг марказий ўйини бўлиб ўтади. Унда Манчестер шаҳрининг «қизил» жамоаси Ливерпуль шаҳрининг асосий жамоасига қарши майдонга чиқади.

Иккала жамоа ҳам мавсумни кўтаринки руҳда бошлади, десак муболаға қилмаган бўламиз. «Юнайтед» чемпионатнинг илк турларида ишончли ғалабаларга эришди. Кейин бир муддат жамоада тушкинлик ҳолати кузатилди ва очко олиши керак бўлган учрашувларда ҳам очколарни бой бериб қўйди. «Ливерпуль»га эътибор қаратадиган бўлсак, улар ҳам мавсумни омадли старт билан бошлади ва ҳали айтарли «зарба» қабул қилганича йўқ. Жамоа бу йилги мавсумда мағлуб бўлмаган кам сонли жамоалар бири бўлиб турибди.

Жамоалар барча мусобақаларда умумий 208 марта ўзаро тўқнаш келган. Улардан 82 тасида «Юнайтед»нинг қўли баланд келган бўлса, 68 учрашувда «битлсчилар» зафар қучган. Яна 58 ўйинда жамоалар муроса йўлини танлаган. «Юнайтед»нинг энг йирик ғалабалари 5:0 ,6:1 бўлса, «Ливерпуль» рақибларини 7:1 ҳисобида енгган.

«Манчестер Юнайтед»

Сўнгги вақтларда жамоа атрофида турли хил миш-миш фикрлар юрибди. Кимдир Сульшер тез орада жамоадан кетади, деса яна бошқа киши раҳбарлар унга натижа қўлга киритилгунча имконият беришини таъкидламоқда. АПЛнинг сўнгги турида клуб меҳмонда «Лестер»дан қақшаткич мағлубиятни қабул қилиб олди. Гарчи ўша ўйинда «қизил иблислар» биринчи бўлиб ҳисобда олдинга чиқиб олишган бўлсада, якунда 4:2 ҳисобида мағлубиятга учради. Бу учрашувдан бир тур олдинги баҳсда ҳам деярли шундай воқеа бўлиши мумкин эди, лекин «Эвертон»нинг «Юнайтед»ни енгишга кучи етмади ва муросага рози бўлганди 1:1. «Манчестер Юнайтед» ўзининг сўнгги ўйинини чоршанба куни Европа Чемпионлар лигасида «Аталанта»га қарши ўтказди. Ушбу учрашувни кузатган мухлислар манкунианликларнинг 0:2 ҳисобидан кейин камбек қилишини тасаввур ҳам қилолман бўлса керак. Лекин жамоа иккинчи таймда майдонга умуман бошқа кайфиятда тушди ва 3 та гол уриб ўзининг анъанасига содиқ қолди 3:2. Бу ғалаба «Юнайтед»га ўз гуруҳида пешқадамга айланишига имкон берди.

Жамоада ўйинни ўтказиб юбориш хавфи остида қолган бир нечта футболчилар бор. Улар орасида ҳимоячи Рафаэль Варан майдонга тушмаслиги аниқ. У Миллатлар лигаси баҳсларида Франция термаси таркибида жароҳат олган эди. Варандан ташқари Бруну Фернандеш, Маркус Рэшфорд, Фред, Диалло ва Марсьаллар «Юнайтед»га ёрдам бериши сўроқ остида қолмоқда, футболчиларнинг барчасида кичик жароҳатлар бор.

«Ливерпуль»

«Ливерпуль» бугунги кунда ўзининг энг оптимал таркибига эга бўлган ҳолда ушбу учрашувга етиб келмоқда. Футболчилар ва мураббий ўртасида ҳам ҳеч қандай тушинмовчиликлар йўқ. Ҳар ҳолда бу ҳолат кузатилганда, биз бу ҳақида матбуот орқали хабар топган бўлардик. АПЛнинг охирги турида «Ливерпуль» меҳмонда супер ғалабни қўлга киритди. Улар «Уотфорд» майдонида 5 та тўп фарқи билан ғалаба қозонишди. Яна бир эътиборли жиҳати анчадан бери ўзини кўрсата олмаётган Роберто Фирминонинг 3 гол киритгани бўлди. Бир тур олдин эса «Энфилд»да лига фаворитларидан бири «Манчестер Сити» билан кечган баҳсда жангговор дурангга имзо чекканди 2:2. Жамоа сўнгги ўйинини сешанба куни Мадридда «Атлетико»га қарши ўтказди. Ливерпулликлар ушбу ўйинни супер тарзда бошлаб, ҳисобда 2 та гол фарқи билан олдинга чиқиб олишганди ва «Атлетико» ҳисобни тенглаштиргач ҳам ўзларида ўйингга бўлган иштиёқни тушириб юбормасдан ғалаба голини уришга муваффақ бўлишди. Муҳаммад Салоҳ яна катта саҳнага чиқди. Якуний ҳисоб 2:3 англияликлар фойдасига. Жамоа етакчиси ва тўпурари Муҳаммад Салоҳ бу мавсумда ҳам «Ливерпуль»ни ўз ортидан тортишга ҳаракат қилмоқда ва буни уддалай оляпти.

Жамоада жароҳатлар билан деярли муаммолар йўқ. Асосий футболчиларнинг барчаси бугунги учрашувда майдонга тушишга тайёр. Сўнгги маълумотларга таянадиган бўлсак, биргина Кёртис Жонс майдонга жароҳат туфайли тушмаслиги айтилмоқда.

Мураббийларнинг ўйиндан олдинги фикрлари.

Юрген Клооп «Ливерпуль» бош мураббийи учрашувдан олдин рақиблари чемпионатда энг кўп пенальти тепишига эътибор қаратди.

«Бу ҳақда гапирмоқчи эмасдим, лекин улар бизга қараганда кўпроқ пенальти тепишади. Бунда ҳакамларни айбламоқчи эмасман. Мен уларнинг ўрнига қарор чиқармайман.

«МЮ»да яхши футболчилар йиғилган улар жарима майдончасига тезда кириб бориб вазият яратиш бўйича анча яхши кўрсаткичга эга.

Бугунги ўйин олдидан майдонда кучли рақобат бўлишига ишонаман», деди Юрген.

Оле Гуннар Сульшер «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи: «Менга мураббий сифатида ишлаш ёқади, мен ҳаётдан завқланяпман.

Мен ҳар доим ўз футболчиларимга айтаманки, «Манчестер Юнайтед» футболчиси сифатида, клуб либосини кийиб, «Ливерпуль»га қарши ўйнаш шарафига ва масъулиятига эга бўлган ҳолда, сиз майдонда борингизни беришингиз керак».

Тахминий таркиблар

«Манчестер Юнайтед»: Де Хеа - Далот, Шоу, Линделеф, Теллес, Погба, Фред, Гринвуд, Санчо, Фернандеш, Роналду.

«Ливерпуль»: Алиссон - Александер-Арнольд, Матип, ван Дейк, Робертсон, Хендерсон, Фабиньо, Милнер, Салох, Фирмино, Мане.

Руслан Максимов тайёрлади

Киритилди: 09:17, 24.10.2021.
Ўқилди: 3824 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.