Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Парҳезга жиддий эътибор берадиган АПЛ мураббийлари ёхуд “диетолог коуч“лар

Баҳо:
+ | -

Ҳаммамизга маълум, футбол, теннис, волейбол ва шу каби спорт турларида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ўта аҳамиятли саналади. Бу ўйинлар орқали инсон ўз жисмоний ҳолати ва саломатлигига ижобий таъсир ўтказа олади. Футбол дунёсида ҳам саломатлик муҳим омил ҳисобланади. Айниқса, Европа футболида соғликка жиддий эътибор беришади. “Кўҳна қитъа“да турли хил парҳезлар, турфа хил овқатланиш рационлари тузиб чиқилади ва унга қатъий амал қилиш шарт. Шу қоида туфайли улар спортчиларнинг жисмоний ҳолатини барқарор ушлаб туришни мақсад қиладилар. Шу сабаб ҳозир биз тўғри овқатланишга жиддий эътибор қаратувчи Англия Премьер Лигаси мураббийлари ҳақида сўз юритишга қарор қилдик.

Пеп Гвардиола

“Барселона“ ва “Бавария“ билан катта натижаларга эришган испаниялик мутахассис Манчестерга келгач, биринчи бўлиб клубда назоратни ўз қўлига олишни истади. Трансферлар масаласи, тактик ишланмалар ва овқатланиш меъёрига ҳам қатъий қоидалар жорий этди. Унинг жамоаси мағлубиятга учраса, муаммо ўзида эмаслигини Пеп яхши биларди. Чунки у максималист инсон ва бу тоифадаги шахслар одатда, ўз хатоларини тан олгиси келмайди.
У клубнинг муваффақиятсизликларига асосий сабаб дея футболчиларнинг нотўғри овқатланишини кўрсатди ва буни дарҳол меъёрига келтириш учун ҳаракат бошлади. Дастлаб шоколад кун тартибидан чиқарилди. Кейин пицца менюдан ўчирилди. Шу тариқа клубда ҳаммасига тартибга кела бошлади.

Эътиборлиси, шундан сўнг Хосеп “Шахарликлар“ билан 3та АПЛ чемпионлиги, 4та Лига кубоги ва 1та Англия кубогини қўлга киритди. Хўш, ким бу совринлар ютилганидан кейин ҳам Гвардиоланинг чекловлари фойдасиз бўлди дея олади?!

Клаудио Раньери

2015/16 йилги мавсумда унутилмас чемпионликни қўлга киритган Раньери “Лестер“да антиқа усул жорий этганди. У ҳар ўйиндан кейин шогирдларини мазали таомлар билан меҳмон қиларди. Баъзида пицца, баъзида товуқли бургерлар истеъмол қилинса, гоҳида майда картошка бўлаклари ёки паста тановул қилинарди. Бу меҳмондорчилик орқали Клаудио жамоадаги муҳитни юқори даражада ушлаб тура олган. Шунингдек, футболчиларни ўзи хоҳлагандек жисмоний ҳолатга келтиришга ҳаракат қилган. Яъни у қўл остидагиларни ўз қоидаларига риоя қилдирибгина қолмай, уларни рағбатлантиришнинг-да йўлини топа билган.
Ўша мавсумдаги эртакнинг ёзилишида итальян мутахассисининг нақадар катта улуши борлигига юқоридаги маълумотлар тўла асос бўлади, бизнингча.

Арсен Венгер

Франциялик мураббийни инглиз футболида катта инқилобларга сабабчи бўлган шахс дея таърифласак бўлади. У 1996-йилда “Арсенал“ футболчиларига алкоголь, тамаки ва Марс шоколадларини таъқиқлаган. Венгер гуруч, қайнатилган сабзавотлар, балиқ ва товуқ маҳсулотларини афзал кўрарди. Бунга унинг Японияда ишлаб келгани сабаб бўлса керак. Асосийси, у ишлаб чиққан парҳез дастурида ёғ ва шакарга жой топилмасди. Футболчилар ҳам унинг келганидан сўнг қилган ишларини эътироф этаркан, у жуда қаттиққўл ва қатъиятли шахс эканлигини айтишдан чарчашмайди. Айнан мана шу жиҳатлари билан Арсен “Арсенал“да 20 йилдан кўпроқ ишлашга муваффақ бўлди. Унинг номи клуб номидан ажратиб бўлмайдиган даражага етганди. Аммо ҳар нарсанинг ибтидоси бўлганидек, ҳар нарсанинг интиҳоси ҳам мавжуд. Бу Арсен Венгерни ҳам четлаб ўтмади.

Юрген Клопп

Қоидалар ва тартиб деганда ушбу немис мутахассисини ёддан чиқариш асло мумкин эмас. Шижоатли ва серғайрат Юрген Клоппнинг муваффақиятлари фақатгина ақлий ёки руҳий ишланмаларга боғлиқ деб ўйловчилар қаттиқ янглишадилар. У “Ливерпуль“да ҳам, “Боруссия“да ҳам жамоаси учун алоҳида тартиб-интизом жорий этганди. Хоҳ машғулотларда бўлсин, хоҳ ўйин жараёнида ушбу мутахассис интизомга амал қилиниши шарт деб ҳисоблайди. Клоппнинг овқатланиш дастурида энг ажабланарли жойи бу ўйиндан олдин тухум ейиш таъқиқлангани бўлса керак. Унинг айтишича, тухум таркибидаги оқсил ва ёғни ҳазм қилиш футболчилардан кўп вақт талаб қилади.

Антонио Конте

Италиялик коучни ҳам тартиб-қоидаларга жуда ўчлиги билан алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин. Унинг нозик характери, инжиқ табиати ва қаттиққўл механизм яратиш истагида эканлиги туфайли катта клубларда узоқ фаолият олиб бора олмайди. Айниқса, унинг қўл остидаги ўйинчилар ҳар ишини режа билан қилишга мажбур. Контенинг гапларига кирмаган футболчилар ёки катта жаримага тортилади ёки умуман майдондан узоқлаштирилади. Унинг диета бўйича амал қиладиганлари ҳам футболчилар учун жиддий синов. Масалан, у кетчуп, майонез, сариёғ ва сэндвичларни ҳар қанақасига рад этади. Шунингдек, пицца ва газли ичимликлар ҳам мумкин эмас. “Бу маҳсулотлар футболчиларнинг енгил ҳаракатланишига ҳалақит беради ва улар шу тариқа курашувчанлик қобилиятини йўқотиб боришади“ – деб ҳисоблайди “Тоттенхэм“ бош мураббийи.

Қоидалардан Антонионинг қандай шахсиятга эга эканлиги кўриниб турибди. У муваффақиятга эришиш йўлида ҳар нима қилишга тайёр инсон. Конте – ҳақиқий итальянча характер эгаси.


Ҳамма жойда бўлганидек, футболда ҳам ғалаба қозонишни истаганлар аниқ ва тартибли йўллардан юриши керак. Режа билан иш кўриш ҳар доим ижобий натижага сабаб бўлади. Фойдаси тегса тегадию, аммо асло зарари тегмайди. Шундай экан, юқоридаги мураббийлар сингари сиз ҳам муваффақиятингиз учун қатъиятлироқ бўлинг. Нимагадир эришмоқчи бўлсангиз, нимадандир воз кечишга мажбурсиз. Футболда ҳам, ҳаётда ҳам билишингиз керак бўлган энг муҳими шу.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 11:14, 25.11.2021.
Ўқилди: 2265 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.