Озарбойжон чемпионатида тўп сураётган Баҳодир Насимов www.apasport.az сайтига интервью берди.
— Премьер-лиганинг якуний босқич бошланишига 1та тур қолди. Сўнгги тур ўйинларидан қатъи назар, кучли “олтилик”ни “Нефтчи” пешқадам сифатида бошлайди. Ортда қолган 21та тур учрашувларини қандай баҳолайсиз?
— Қийин ўйинни ўтказдик. Умуман олганда, чемпионат яхши ўтмоқда. Жамоалар кучли бўлиб, чемпионат қизиқарли ўтмоқда.
— “Нефтчи”нинг кучайганини назарда тутяпсизми?
— “Нефтчи” ҳам, рақибларимиз ҳам ўтган йилга нисбатан кучайишган. Бу эса чемпионатни қизиқарли қилди. Якунланган турда биз аутсайдер “Турон” билан ўйнадик. Аммо рақиб шунчалик яхши ўйнадики, жамоа аутсайдерга ўхшамади.
— Айрим жамоалар билан ўйинларда эса муваффақиятсизликка учрадингизлар. Масалан, “Интер”га ҳар иккала баҳсни бой берилд...
— Ўша ўйинда пенальтидан гол ура олганимда, барчаси бошқача бўларди. Шунда ҳисоб 2:0га етарди. Ўз имкониятларимиздан фойдалана олмаганимиз учун улардан очко тортиб ола билмадик.
— “Олтилик” баҳсларида уларга қарши яхши тайёрланиб, йўл қўйилган хатони такрорламасликка ҳаракат қилсанглар керак...
— Биз нафақат “Интер”га қарши ўйинга, балки барча ўйинларга яхши тайёргарлик кўришимиз керак. “Баки”га қарши ўйин ҳам осон бўлмайди. “Олтилик”дан пастдан юрган жамоалар учун ҳар бир ўйин муҳим. Биз учун ҳам ҳар бир очко олтинга тенг.
— Чемпионлик йўлида қайси жамоани асосий рақиб деб ҳисоблайсиз?
— Чемпионлик ва совринли ўринлар учун кучли олтиликка кирган барча жамоа биз учун рақиб ҳисобланади. Ҳал қилувчи босқичда имкон қадар кам очко йўқотиш керак. Кетма-кет 2-3та ўйинда ютқазган жамоанинг имкониятлари кескин камайиб кетади. Барчасига май ойида ойдинлик киритилади.
— “Нефтчи” таъқибчиларини 4 очкога ортда қолдирмоқда. Бундай устунликни инобатга олган ҳолда, ўз имкониятларингизни қандай баҳолайсиз?
— Албатта, кўп бўлмаса ҳам, биз рақибларимиздан олдинги ўтиб кетдик. Ушбу устунликни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун биз ҳар бир ўйинга жиддий ёндашиб, ҳар бир очко учун курашишимиз лозим. Ўтган йилги мавсумдан фарқли ўлароқ, биз бу мавсумда иккита совринни қўлга киритмоқчимиз. Ҳам чемпионлик, ҳам кубокни ютиб олишга ҳаракат қиламиз.
— Жамоангиз билан бирга сиз ҳам тўпурарлар баҳсида етакчилик қиляпсиз...
— Асосийси — жамоа муваффақияти. Биринчи навбатда мана шу нарса учун курашамиз. Мен ҳужумчиман ва шу сабабли жамоанинг муваффақияти учун гол ураман.
— Лекин сиз 13та гол урдингиз. Бу кам эмасми?
— Кам. Лекин чемпионат ҳали давом этмоқда. Ҳали кўп голлар ураман.
— Ҳужумчи учун 21та ўйинда 13та гол кам эмасми?
— Ўйлайманки, ҳужумчи ҳар бир мавсумда камида 12та гол уриши лозим. Мен эса бу маррадан ўтдим. Бир мавсумда 20-30та гол уриб, кейинги йили 3-4та гол урган ҳужумчи — ҳужумчи эмас.
— Барқарорлик бўлиши керак демоқчимисиз?
— Ҳа.
— Лекин сиз кўпроқ гол уришингиз мумкин эди...
— Мен ҳар бир вазиятни голга айлантира олмаяпман. Ҳар бир вазиятдан гол ура олганимда, ҳозиргача 30-40та гол урган бўлардим.
— Кўп вазиятлардан фойдалана олмаганингизни нима билан изоҳлаган бўлардингиз?
— Ҳар бир вазиятдан гол ура олганимда, ҳозир “Нефтчи”да эмас, “Барселона”да ўйнаётган бўлардим.
— Сизда ҳам маълум барқарорлик йўқ. Кетма-кет 3-4та ўйинда гол уриб, кейин маълум вақт гол урмай юришингиз мумкин. Бу нима билан боғлиқ?
— Имкониятлар бўлмоқда. Шунчаки нимадир етишмаяпти.
— Эмиль Мпенза кетганидан кейин сиз жамоанинг ягона ҳужумчиси ҳисобланасиз. Бу оғир эмасми?
— Бизнинг тактикамиз шундай — ягона ҳужумчи билан ўйнаймиз. Аввал Мпенза билан бирга ўйнардик, кейин бир ҳужумчи билан ўйнай бошладик. Табиийки, бир ўзимга маълум юк тушмоқда.
— Тўпурарлар баҳсида ўзингизга кимни асосий рақобатчи деб ҳисоблайсиз? Жамоадошингиз Флавиньо яқин издошингиз ҳисобланади...
— Мени таъқиб қилаётган барча ҳужумчилар менинг рақобатчиларим ҳисобланади. Ўтган йили нима содир бўлгани ёдингизда йўқми? Узоқ вақт давомида якка пешқадам бўлиб юрдим ва якунда Георгий Адамия мендан ўтиб кетганди. Шунинг учун барчаси финишда маълум бўлади.
— Аввал тўпурар унвонини қўлга киритганмисиз?
— Ҳозирча йўқ. Ушбу мавсумда ушбу унвонни қўлга киритишга ҳаракат қиламан.
— Бу сафар ҳам шундай нарса содир бўлишидан қўрқмайсизми?
— Қўрққанимда футбол ўйнамасдим.
— Мавсум сўнггига қадар нечта гол уришни истардингиз?
— Жамоамиз чемпион бўлиши учун нечта гол етарли бўлса, шунча гол ураман.
— Сиз “Нефтчи”да икки мавсумдан бери ўйнаяпсиз. Бошқа жамоага ўтиш, Европага йўл олиш ниятингиз йўқми?
— “Нефтчи” менинг трансфер ҳуқуқимни сотиб олган. Ушбу клубда 2013 йилнинг охиригача ўйнайман.
— Яхши таклиф тушса, кетишни истамасмидингиз?
— Мени барча нарса қониқтирмоқда. Мени ўз сафига қўшишни истаган жамоа, “Нефтчи” билан музокара ўтказиши лозим. Кейин ўйлаб кўрамиз.