Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Жарлик ёқасидан қайтган афсона

Баҳо:
+ | -

«Ливерпул»нинг 71 футболчиси Дивок Оригидан кўпроқ гол уришган. Бельгиялик ҳужумчи клубнинг барча даврлардаги тўпурарлари рўйхатида анча пастда. 166 ўйиндаги 39та голни ўта юқори кўрсаткич деёлмаймиз. 7 мавсумдан буён давом этаётган «Энфилд»даги фаолият турли ўнқир-чўн-қирлардан холи бўлмади, албатта. Лекин ҳамма ҳам клуб тарихида эришилган бундай мақом ва эътирофлар билан мақтана олмайди. Қуйидаги мақола орқали Оригининг голларига эмас, унинг иштирокидаги ёрқин онларга эътиборингизни қаратмоқчимиз.

«Дивок Ориги - афсона, - деганди Юрген Клопп. - Умид қиламанки, у ҳақда китоблар ёзишади. Акс ҳолда, буни ўзим амалга ошираман». Оригининг «Ливерпул»даги фаолияти якунлангандек туюлган паллада, у мазкур «асар»нинг янги бобини яратади. Энди пойгада ютқазди, деб ўйлаганингизда, бунга терс ўлароқ, «бак»ида ёқилғи етарли эканлигини намойиш этади. «Майдонга туш ва Дивоклигингни кўрсат», - Клопп «Молинья» билан ўйиннинг 68-дақиқасида уни Жордан Хендерсоннинг ўрнига майдонга тушираётганда, шогирдига шундай кўрсатма берди. Бу ўша жасоратли захира алмашиши эди. Ориги «Ливерпуль» ҳужумига ўзгача руҳ бағишлади. Тўп билан оқилона муомала қилиб, ақлли ўйин кўрсатди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда зерикарли туюлган баҳсга жозиба бағишлади.

Муҳаммад Салоҳ Виржил ван Дейкнинг пасидан сўнг тўпни қабул қилиб, уни Оригига етказди, ҳужумчи эса чаққон ҳаракатлар эвазига дарвозани ишғол қилди. Голни ўзгача тарзда нишонлаганини тушуниш мумкин: «Ливерпуль» захира ўриндиғидан 100-марта майдонга тушиб, тўп киритганди. Ушбу қўшимча икки очконинг қадри май ойида аниқ бўлади, аммо мазкур ғалаба «Ливерпул»нинг икки йил аввалги чемпионлик мавсумида «Вилла Парк»да намойиш этган драматик муваффақиятини эсга солди.

Мавсум-2020/2021да Лига кубоги доирасидаги «Линкольн Сити»га қарши ўйинда (7:2) еттинчи гол муаллифига айланган Ориги ўтган ёзда сотиб юборилиши мумкин эди. Аммо «Ливерпуль» ҳужумчи учун сўраган 15 млн. фунтни тўлайдигани топилмади. Дивок бутун мавсум давомида бор-йўғи 181 дақиқа ўйнаб, Бельгия термасининг Европа чемпионати учун захира рўйхатига ҳам киритилмади. Унинг «Ливерпул»да қолишига сабаб - тузукроқ таклиф тушмади.

«Агар бошқа клубда бўлганимда, уни сотиб олардим. Унинг трансфери амалга ошишига шубҳа қилмагандим, чунки Дивок етарли ўйин амалиётига эга бўлмаётганди, - деди Клопп. - Одамлар «Ливерпуль» сафида ўйнамаётганлар яхши футболчи бўлолмайди, деб ўйлашларига ишонгим келмайди. Бу жамоа қудратли, агар сиз клубимизда 12, 13 ёки 14-ўйинчи бўлсангиз, демак шундай қудратга эгасиз - Див ҳақида худди шундай фикр билдиришим мумкин. Унинг ҳамон сафимизда эканидан хурсандман. Бундай бўлишини кутмагандим. Ориги - топ даражадаги ҳужумчи, ажойиб йигит. У анчадан буён «Ливерпул»да. Навқиронлик пайтида жамоа сафига қўшилиб, клуб тарихидаги энг муҳим голларнинг бир нечтасига муаллифлик қилди».

Дивок чиндан ҳам кўплаб ёрқин лаҳзалар иштирокчисига айланган. 6 йил аввал «Лилл»дан 10 млн. фунтга сотиб олингач, Лига кубогидан ўрин олган «Саутгемп-тон»га қарши баҳсда «хет-трик» билан бошлаган. «Энфилд»даги дебют мавсумида эса «Вест Бромвич Альбион»га қарши баҳснинг 96-дақиқасида ҳисобни тенглаштирувчи гол муаллифи бўлганди.

Ориги Европа Лигаси чорак финали доирасидаги Дортмунд «Боруссия»сига қарши кечган ҳар икки ўйинда ҳал қилувчи голларни урди. Кейинчалик «Эвертон» аъзоси Рамиро Фунес Мори томонидан етказилган жароҳат қаҳрамонимизнинг ўсиш жараёнини тўхтатиб қўйди. Аввалги формасига қайтишга қийналган футболчи 2017/2018 йиллар мавсумида «Вольфсбург»га ижарага бериб юборилди.

2018 йилнинг ёзида «бўрилар» уни сотиб олиш учун 22 млн. тайёрлигини билдирган бўлсаларда, футболчи «қизиллар» сафида қолиб, ўз ўрни учун курашмоқчилигини билдирди. 2018/2019 йиллар мавсумининг биринчи ярмида у драматик тарзда ўз тақдирини ўзгартирди: «Эвертон» билан ўйиннинг 96-дақиқасида Жордан Пикфорднинг қўпол хатосидан сўнг дарвозани ишғол қилди. Бу унинг учун Премь-ер-лигада 19 ойлик танаффусдан кейинги илк гол эди.

Кейинчалик Дивок Ньюкасл-да ҳам сўнгги дақиқаларда боши ёрдамида тўп киритиб, чемпионлик пойгасининг сўнг­ги кунгача чўзилишига ҳисса қўшди. Сўнгра Чемпионлар Лигаси ярим финалидан ўрин олган «Барселона»га қарши баҳсда «дубль» расмийлаштирди. Ушбу қарама-қаршилик тақдири Трент Александр-Арнолднинг «Коп» трибунаси яқинидаги бурчакдан тўпни тезкор равишда Оригига етказиб бериши ва бельгиялик форварднинг голи эвазига ҳал бўлди.

2019 йили «Тоттенхэм»га қарши баҳсда Дивок захирадан тушиб, ўз голи билан Чемпионлар Лигаси финали тақдирига ойдинлик киритди. «Ливерпул»нинг Мадриддаги баннерларидан бирига шундай сўзлар ёзилганди: «Лионель Месси Дивок Оригининг пижамасини кийиб юрибди». «Қизиллар» унга янги шартнома таклиф қилишди, «Рома», «Севилья» ва Леверкузеннинг «Байер»идан бўлган қизиқишлар рад этилди.

Испания пойтахтидаги ўша ўзгача оқшом ўзига ишончи етишмаслигидан азият чекаётган футболчининг фаолиятига ижобий таъсир ўтказиши кутилганди, бироқ Ориги ўшандан буён ўтган икки ярим йил ичида Премьер-лигада атиги 6та гол урди. Мавсум-2019/2020да асосан натижа керак пайтда захирадан туширилган «жокер» ўтган мавсум Диогу Жота келгач, жамоадаги аҳамияти пасайганлигини англаб етди. 4 декабрь кунги «Вулверхэмптон» билан баҳсда Жота тушунарсиз ҳолатда дарвозани ишғол қила олмагач, айнан Дивок ўз голи билан португалиялик шеригини шармандаликдан сақлаб қолганди.

«Вақти келиб, набираларимни Дивок Оригининг ҳайкалини зиёрат қилишга олиб бораман. Бу қандай инсон-а!» - деб ёзди Энди Робертсон «Твиттер»даги саҳифасида. Оригининг «Ливерпул»даги 39та голидан 11таси захира ўриндиғидан майдонга тушганидан сўнг амалга оширилган. Худди шунча гол 83-дақиқадан кейин урилган. Хендерсон Дивокнинг сўнгги қаҳрамонлик ҳаракатларига таъриф бераётганда, «Ориги вақти» деб атагани бежиз эмас.

Остендда туғилган ҳужумчи жорий мавсум барча мусобақаларда бор-йўғи 313 дақиқа ўйнади, аммо ҳозирнинг ўзида тўртта гол ва иккита ассист билан мақтаниши мумкин. Гарчи мунтазам равишда майдонга тушишни жуда хоҳласада, Ливерпулни тарк этиши мумкинлигини тушуниб туради, чунки фаолия-тида пасайиш кузатилаётганидан хабардор.

«Уни майдонга тез-тез туширадиган мураббийга рўбарў бўлишин чин дилдан хоҳлайман, - дейди Клопп. - Бу йигитни яхши кўраман, чунки унда юқори кўникмалар бор. У ҳаётим давомида кўрган ҳужумчилар орасида финишни қойиллатадиганлардан биридир».

Ориги яқин орада ҳеч қаерга кетмайди. Салоҳ ва Мане Африка миллатлар кубогида қатнашиш учун кетишганида, унинг хизматлари Клоппга асқотиши шубҳасиз. Бир сўз билан айтганда, Ориги яна жарлик ёқасидан қайтишга эришди.

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 09:32, 21.12.2021.
Ўқилди: 2874 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.