Кеча Гвардиоланинг Ферран Торрес трансфери ҳақида айтганларини ўқиб мен ҳам Асланов каби Ҳарри Кейнни эсладим. Ёзда "Манчестер Сити"га ўтишни жуда истаган Кейнни "Тоттенҳэм" қўйиб юбормади. Гарчи машғулотларга қатнашни тўхтатиб, ошкора равишда қарори қатъий эканини кўрсатсада Дэниел Леви ҳужумчини сотмасликни тўғри деб билди.
Августнинг биринчи ҳафтасида шайхлар Джек Грилиш учун 100 миллион фунт стерлинг беришди. Бу асли Кейнга аталган пуллар эди. Ҳарри эса қанчалик истамасин Манчестерга кўчиб ўтмади.
Гвардиоланинг сўзларидан келиб чиқсак, испан Ҳарри Кейнни таркибида кўришни жуда ва жуда истаган! Чунки сўзни бежиз сарфламайдиган мураббий Грилишнинг адаптацияси бироз мураккаб кечаётган бир вақтда Торреснинг трансфери ҳақидаги фикр орқали Кейнга ишора бериши анчайин рамзий. Бу унинг ичидан келаётган афсус ва қисман алам оқибатидир.
Масаланинг бошқа томони шундаки, ўзи исмаса ҳам Лондонда қолгани Кейннинг ўйинига салбий таъсир кўрсатди. Аввалига у Нуну Эшпириту Санту қўл остида умуман гол урмади ва ўзига ўхшамади. Майдонда секин югурар, югурганда ҳам шунчаки оёқлари билан, юрак ва ақл ёрдамисиз югурарди ва истамайгина зарба йўлларди. Бу балки профессионалликка зиддир, лекин мен Кейнни тушунаман. Яхши тушунаман. Футбол гарчи жисмоний спорт туридек кўринсада, аслида у кўпроқ ижодий ёндашувга асосланган спорт туридир. Исталган ижодий жараёнда эса ижодкорнинг илҳоми, самараси унинг ўзи учун ҳеч бўлмаса минимал комфортда бўлишига тўғри пропорционалдир. Хуллас, ички ишончи қолмаган, олови сўнгган ижодкордан (футболчидан) самара кутиш нотўғри.
Бироқ вақт кўп дардларга даво деганларидек, Кейн ҳам оҳиста ўзига келмоқда. Орада Сантунинг истефога чиқарилиши ҳам унинг учун муҳим бўлди. Аслида муҳими бу Антонио Конте калибридаги мураббийнинг иш бошалагани. Энди Ҳарри Кейн юрак билан югурмоқда, ақл билан ҳаракат қиляпти. Голлар ҳозир ҳам деярли йўқлигининг боиси эса менимча бир муддат мувофиқликни йўқотган жисмоният ва руҳият яна уйғунлашиб кетиши учун озгина вақт талаб этилишидадир. Гвардиола-ки Кейнни таркибига қўшиб олмаганидан афсусланиб, орада аччиқ аралаш буни билинтириб қўйяптими, демак тушунмоқ керак — Ҳарри Кейн катта футболчи, ўта катта.
Ориф Толипов.